Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 00:53

Тожикистон банкларида АҚШ доллари тақчиллашиб, нархи кескин ошиб кетди


Шу кунларда Тожикистон миллий пули қадрсизланиб, "қора бозорда" 1 АҚШ доллари 9 сомоний 20 дирамга тенглашди. 2 ҳафта олдин 1 доллар 8,8 сомонийга тенг эди.

Таҳлилчилар бундай вазият сабабини Россия рубли қадрсизланиши билан изоҳламоқда ва бу ҳолат муҳожирлар юборадиган пулларга таъсир кўрсатганини айтмоқда.

Тожикистонлик тадбиркор Солиҳжон Насриддинов хориждан қурилиш маҳсулотлари олиб келади. Унинг айтишича, охирги икки ҳафта давомида банклардан доллар сотиб олиш жуда қийинлашган.

“Баъзи банклардан фақат 100 ёки 200 доллар сотиб олиш мумкин. Аммо кўп банклар “бизда доллар йӯқ”, дейди. Ҳайронман, тижорат учун қаердан доллар сотиб олиш мумкин,”- деди Солиҳжон Насриддинов.

"Қора бозорда" 1 АҚШ доллари 9 сомоний 20 дирамга тенг бўлиб турган бир пайтда Тожикистон банкларида 1 доллар нархи 8 сомони 88 дирам қилиб кӯрсатилган. Апрель бошида доллар 6 дирамга арзон эди.

Тожикистон қонунчилигида “қора бозор”да хорижий валюта олди-сотдиси учун жуда катта жарима ва ҳатто қамоқ жазоси белгиланган.

Молия масалалари бўйича таҳлилчи Меҳрибон Бурҳоновнинг фикрича, Тожикистонда доллар ва евро нархларининг кӯтарилишига Россия рубли қадрининг бирдан пасайиши сабаб бўлган.

“Одатда, тожик муҳожирлари Россиядан ватанга рубль ёки доллар юборадилар. Россияда доллар қадри изчил ӯсиб кетгани боис, муҳожирлар учун қиммат долларни сотиб олиш оғирлашган. Бунинг устига рублнинг нархи Тожикистонда пасайиб кетди. Бундай вазиятдан Тожикистондаги муҳожирлар оилалари зарар кӯрмоқда”,- деди Меҳрибон Бурҳонов.

Душанбелик Барно Умарова бу фикрни тасдиқлади.

“Ҳақиқатдан ҳам рублнинг нархи пасайишидан аҳоли зарар қӯрмоқда. Масалан, ӯтган ой 1000 рублнинг нархи Душанбеда 150 сомоний эди. Ҳозир 140 сомоний. Яъни, 10 000 рублдан биз 100 сомоний ёки 12 доллар миқдорда зарар кӯрипмиз”,- деди Барно Умарова.

Сўнгги икки йил ичида Тожикистон миллий валютаси - сомонийнинг тез суръатда қадрсизланиши кузатилди.

Нақд валютанинг тақчиллашуви ортидан Миллий банк барча саррофлик масканларини ёпишга қарор қилди.

Эндиликда Тожикистонда фуқароларга хориж валютасини мамлакатнинг йирик банкларидаги валюта айирбошлаш шахобчаларида қора бозордагидан анча паст курс билан алмаштириш таклиф қилинмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, икки йил олдин Тожикистонда саррофлик масканларида хоҳлаган миқдорда валютани чексиз миқдорда сотиб олиш мумкин эди. Валюта алмашиш амалиётини банклар ӯз бӯйнига олиши кетидан хорижий валюта бирданига тақчиллашган.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

XS
SM
MD
LG