Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2022, Тошкент вақти: 18:55

Халқаро хабарлар

Тожикистон: Тоғли Бадахшон воқеаларига оид иш бўйича беш киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Толиб Айёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобов (чапдан ўнгга)

Тожикистон Олий суди Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида туғилган беш кишини умрбод қамоқ жазосига тортиш бўйича ҳукм чиқарган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, яна 8 нафар судланувчи 10 йилдан 30 йилгача қамалган.

Умрбод қамалганлар орасида тоғли бадахшонликларнинг норасмий лидерлари экани айтилаётган Мунаввар Шанбиев ва Толиб Айёмбековлар бор. Ниёзшо Гулобов, Имум Шоиширинов, Нажмиддин Шержонов исмли маҳаллий фаоллар ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Толиб Айёмбековнинг қариндоши журналистларга суд қарори 22 ноябрь куни ўқиб эшиттирилганини айтган. Тожикистон расмийлари ҳукм юзасидан изоҳ бермаганлар, судларнинг барчаси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Тоғли Бадахшонда ўтган йил ноябрида рўй берган оммавий норозилик акциялари расмийлар томонидан бостирилган эди. Ўша пайтда вилоят бўйлаб фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган ҳамда интернет ўчириб қўйилган. Шундан кейин минтақада норасмий лидерлар ёппасига ҳибсга олина бошлаган.

Май ойида норозилик чиқишлари кучайиб, бир неча юз нафар хоруғлик вилоят раҳбари ва шаҳар мэри истеъфога кетишини, Хоруғдаги ҳарбий блокпостлар олиб ташланиши ва маҳаллий турғунларни таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилиб чиқишган.

Бундан ташқари, митингчилар ноябрь ойидаги норозилик акциялари чоғида ўлдирилган вилоятликлар ўлимида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Расмийлар норозилар талабларини бажаришдан бош тортишган.

Тоғли Бадахшонда тинч аҳоли вакилларининг куч ишлатар тузилмалар ходимлари билан тўқнашуви чоғида, расмий маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Норасмий маълумотларга кўра эса, тўқнашув қурбонлари сони камида 34 кишига етган.

Кун янгиликлари

Financial Times Владимир Зеленскийни йил одами деб эълон қилди

Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йилда Financial Times газетаси томонидан “йил одами” деб эълон қилинди.

Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Financial Times мулоҳазасича, 44 ёшли Зеленский «империяни тиклаш васвасасига мубтало бўлган» Россия президенти Владимир Путиннинг тамоман аксидир.

Газета Зеленскийни Иккинчи жаҳон уруши даврида британияликларни жипслаштириш учун радио орқали чиқишлар қилган собиқ бош вазир Уинстон Черчиллга қиёслаган. Зеленский ҳормай-толмай кампания учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Хусусан, у шу йўл билан европаликларни Путинга қарши курашиш учун украиналикларга дастак беришга ишонтирган, деб ёзган Financial Times.

Мақола муаллифларига кўра, Зеленскийнинг Россия ҳужуми бошланган пайтда АҚШ томонидан берилган эвакуация таклифини қабул қилмай, Киевда қолишга қарор қилиши урушдаги энг муҳим нуқталардан бири бўлган. Украина президенти бу ҳаракати билан армия ва халқни ишғолчиларга қарши туришга ундаган.

Швецияда чеченистонлик мухолифатчи блогер ўлдириб кетилди

Тумсо Абдураҳмонов

Швецияда Рамзан Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов отиб кетилган. 1ADAT телеграм-каналнинг “Европа ва Чеченистондан бўлган манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, Тумсо бир гуруҳ шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Айни пайтда қотилликка оид бошқа маълумотларга аниқлик киритилаётганини ёзган мухолифат нашри ҳодисага оид бошқа тафсилотларни очиқламаган, бироқ Швеция махсус хизматлари Тумсо Абдураҳмоновнинг укасини яшириб қўйишганини маълум қилган.

Озодлик рус хизмати Тумсонинг сафдошларидан олинган маълумотга таянган ҳолда блогернинг 2 декабрга ўтар кечаси ўлдирилгани, бироқ бошқа тафсилотлар маълум эмаслиги ҳақида хабар қилган. Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан ҳозирча бирор изоҳ берганларича йўқ.

Қирғиз-тожик чегарасидаги тошбўрон оқибатида икки киши жароҳатланди

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қишлоқлардан бири.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият тинч. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига 5 декабрь куни Боткен туман ҳокими Учқунбек Жўрўбаев маълум қилди.

3 декабрь куни қирғиз-тожик чегарасида икки томон фуқаролари ўртасида низо юз берган эди. Жанжал ўзаро тошбўронга айланиб кетган. Бунинг оқибатида Қирғизистоннинг бир нафар ва Тожикистоннинг бир нафар фуқароси тан жароҳатлари олгани, улар касалхонага олиб борилгани хабар қилинган.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, бу воқеа Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи ва Қирғизистоннинг Дахма қишлоғи чегарасида юз берганини билдирди. Расман хабар қилинишича, тошбўрон икки давлат фуқароларининг ўзаро даҳанаки жангидан келиб чиққан.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари чегарадаги сўнгги можаро тафсилотлари ҳақида расмий баёнот бермаган. Озодлик радиосининг тожик хизмати (“Озоди” радиоси) Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи яшовчиларига таяниб, “Қирғизистон томондан тожикистонлик фуқарога тош отилгани”, қишлоқ яшовчиси калтаклангани, кейин эса кичик жанжал чиқанини хабар қилди.

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғида яшовчи Жамол исимли фуқаро Озодлик радиоси қирғиз хизматига можарони тожикистонликлар бошлаганини айтган. Унга кўра, тошбўронда Тожикистон томонидан камида 40 киши иштирок этган. Жамол Қирғизистон томонидан қанча одам бўлгани тўғрисида аниқ маълумот айтмаган.

Воқеа гувоҳи бўлган Жамол тошбўрон бошланган пайтда ҳавога қарата ўқ отилганини, лекин ким ўқ узганини билмаслигини ҳам таъкидлаган.

Озодлик радиоси тожик хизмати манбаси эса “қирғиз томони аскарлари осмонга қарата ўқ узган”ини айтган.
Қирғизистон Чегара хизмати эса чегарачилар эмас, Қирғизистон фуқароси ов милтиғидан ҳавога қарата ўқ узганини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган сўнгги воқеа муносабати билан 3 декабрь куни Боткен туманининг Дахма участкасида икки давлат чегара вакиллари учрашди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Сўнгги бир йилдан бери Тожикистон-Қирғизистон чегараси Марказий Осиёдаги энг низоли ҳудудлардан бирига айланди.
Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган навбатдаги отишмаларда Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлди.

Расмий Бишкек буни Тожикистоннинг “қуролли ҳужуми ва тажовуз”и сифатида баҳолади ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини маълум қилди. Душанбе эса айбни Қирғизистон томонига юклаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилда чегарадаги можароларда 41 фуқаро ҳалок бўлгани ва 200 га яқин фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берди. “Озоди” радиоси ўз манбаларига таяниб, 74 киши рўйхатни эълон қилган. Бироқ, маълумотни бошқа мустақил манбалардан текширишнинг иложи бўлмади.

2021 йилнинг апрель ойи охирларида “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан бир неча кунлик қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 154 киши яраланди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

Расман билдирилишича, сўнгги 10 йилда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 144 низо содир этилган. Уларда ҳар икки тарафда 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли ярми аниқланмаган ва белгиланмаган ва шу сабаб чегаранинг икки томонида яшовчилар ўртасида сув, ер ва яйлов учун можаро кўп келиб чиқади.

Вашингтон Эрон қуролларининг Россияга берилишига қаршилик қилади

Украина президенти Владимир Зеленский ва уриб туширилган Эрон камикадзе дрони. 2022 йил, 27 октябрь.

АҚШ Эрон билан ядровий қурол тўғрисидаги боши берк кўчага кириб қолган музокараларни давом эттирмоқчи эмас. Бунинг ўрнига Вашингтон Эрон қуролларининг Россияга етказиб берилишига қарши курашмоқчи ва Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозиларни қўллаб-қувватламоқчи. Бу ҳақда Эрон бўйича АҚШ махсус вакили Роберт Мэлли Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Мэлли: «Ҳозирнинг ўзидаёқ, Эрон Россияга қурол жўнатишнинг олдини олишимиз, шунингдек, Эрон халқининг орзу-умидларини қўллаган ҳолда, вазиятни ўзгартиришимиз мумкин», деб айтди.

Ноябрнинг бошларида Халқаро атом энергияси ташкилоти Эрон уранни бойитиш бўйича ишларни давом эттираётгани тўғрисида маълум қилган эди. Теҳрон эса агентликдан текширувларни тўхтатишни талаб қилган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эроннинг бу талабига қарши чиқди.

Расман Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Теҳрон ядровий дастури бўйича сўзлашувлар тўхтатилган эмас. Бироқ Мэллининг айтишича, августдан то шу кунгача бу борада бирор марта мулоқот ўтказилмаган.

Мэлли АҚШ «Эрон қуролларининг Россияга етказиб берилишини сусайтиришга, олдини олишга, тўхтатишга ва санкциялар жорий этишга» ҳаракат қилишини айтди.

Расмий Москва ва Теҳрон Эрон Россияга Украинадаги урушга қурол етказиб бераётганини инкор қилиб келмоқда. Теҳрон Украина уруши бошлангунига қадар Россияга дронларни етказиб берганини тан олган.

Айни пайтда Украинада Эронда ишлаб чиқарилган «Шахед-131» ва «Шахед-136», Россияда эса "Герань-1" ва "Герань-2" деб номланган дронлар, шунингдек, кўп нишонга олувчи «Мўхожер-6» дронлари ишлатилгани қайд этилган.

The Washington Post газетаси Москва Теҳрон билан Эрон дронларини Россияда ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришганини хабар қилган.

Эронда аҳлоқ полицияси тугатилди

Эрон аҳлоқ полицияси ходими.

Эронда аҳлоқ полицияси тугатилгани тўғрисида бош прокурор Муҳаммад Жафар Мунтазирий маълум қилди. Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчиларининг талабларидан бири аҳлоқ полициясини тугатиш эди.

“Аҳлоқ полицияси одил судловга ҳеч қандай жиҳатдан алоқадор эмас”, деб айтган бош прокурор.

Мунтазирийнинг айтишича, ҳукумат аёллар ҳижоб ўраб юришга мажбурлиги тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиши мумкин. Унга кўра, бугунги кунда бу масала парламент ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги қарор бир ёки икки ҳафта ичида қабул қилинади.

Бундан аввал Эрон расмийлари норозиларнинг бу каби талаблари бажарилиши иложсиз эканинии билдирган эди. Теҳрон норозилик намойишларини АҚШ, Исроил ва бу давлат билан боғлиқ “террорчи, сепаратчи гуруҳлар”, Ироқда манзил қурган курд мухолифатчилари уюштиргани тўғрисида баёнот берган.

Аҳлоқ полицияси Эронда 2006 йилда президент Маҳмуд Ахмадийнажот даврида таъсис этилган эди. Бу полиция биринчи навбатда аёлларнинг «камтарона аҳлоқи»ни назорат қилган. Эронлик аёллар ва қизлар аҳлоқ полицияси ўзларига нисбатан қўпол муомилада бўлганини қайд этганлар.

Қатарда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида 21 ноябрь куни Эрон терма жамоаси мусобақа бошланишидан аввал ўз мамлакати гимнини куйлашдан бош тортди.

Жамоа сардорининг айтишича, футболчилар Эронда давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари билан бирдам эканликларини билдириш мақсадида мана шундай қарорга келишган. Эрон гимни мусиқаси янграган пайтда эронлик футболчилар уни куйламади. Футбол ишқибозлари ҳам уларни қўллаб-қувватлади.

Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.

Шу кунгача давом этаётган намойишларни полиция куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, полиция куч қўллагани ортидан камида 400 намойишчи, жумладан, 40 нафар бола ҳалок бўлди. Намойишда иштирок этгани учун 15 мингдан кўпроқ киши қўлга олинди. 14 ноябрда Эрон суди қўлга олинган норозиларга нисбатан илк ўлим ҳукмини чиқарди.

Қирғизистон ҳукумати яна «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланишини билдирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон ҳукумати яна 2000 йилдан бери кун тартибида турган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланишини маълум қилди.

Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича, бу ҳақда Япония пойтахти Токиода ўтган Марказий Осиё инвестиция форумида министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров гапирган. У қурилиш лойҳаси 6 миллиард долларга баҳоланганини маълум қилган.

Бундан аввал ҳам бир неча марта «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланиши тўғрисида баёнот берган қирғиз расмийлари лойиҳанинг қиймати 4-5 миллиард доллардан ошмаслигини айтиб келаётган эди.

Хитой Темир йўл қурилишини лойиҳалаштириш институтининг билдиришича, қурилишнинг иқтисодий – техник асосламаси 2023 йилнинг апрелида тайёр бўлади. Бундан аввалроқ қурилишнинг дастлабики этапида Қирғизистон 20 фоиз, иккинчи этапида 10 фоиз, Ўзбекистон 30 фоиз, учинчи этапда Хитой 30 фоиз, тўртинчи этапда ҳар бир мамлакат ўзаро тенг маблағ ажратиши хабар қилинганди.

Жорий йил сентябрида Самарқандда ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон, Қирғзистон ва Хитой темир йўлни қуриш тўғрисидаги уч томонлама шартномани имзолаганди. Шартномага асосан темир йўл “Тўруғарт-Арпа-Маымал-Жалолобод» йўналиши орқали Ўзбекистонга ўтади.

Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда. Қирғизистон расмийлари ўн йиллардан бери бу қурилиш “яқин орада бошланиши”ни ваъда қилиб келган.

Латвия ичига Қрим ҳам кирган Россия харитасини намойиш қилган “Дождь” телеканалини жаримага тортди

Латвиянинг электрон оммави ахборот воситалари миллий кенгаши аннексия қилинган Қрим яримороли Россия таркибида акс эттирилган харитани намойиш қилган ҳамда Россия армиясига нисбатан “бизнинг армия” жумласини ишлатган “Дождь” телеканалига 10 минг евро миқдорида жарима солди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиниш Твиттердаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Мулозим бу телеканал томонидан сўнгги бир неча ой ичида йўл қўйилган иккинчи сезиларли қонунбузарлик эканини қайд этган. Аболиниш биринчи қонунбузарлик нимадан иборат бўлганига аниқлик киритган эмас.

Жиддий қонунбузарликлар сони учтага етган тақдирда, “Дождь” телеканали ёйин рухсатномасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Бишкекда йил охиригача Эркиндик хиёбонида норозилик акциялари ўтказиш тақиқланди

Эркиндик хиёбонида сўз эркинлигига босимни тўхтатиш талаби билан ўтказилган REакция юришидан лавҳа, Бишкек, 2022 йилнинг 25 ноябри

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2022 йил 31 декабригача мазкур туманда митинглар ўтказишга тақиқ муддати узайтирилишини қонуний деб топди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати туман суди матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 декабридан 31 декабригача туманнинг бир қанча жойида, шу жумладан Эркиндик хиёбонида оммавий йиғилишлар ўтказишга тақиқ жорий этилган.

Шу тариқа Ала-Тоо майдони, Эркинлик хиёбони, парламент, президент маъмурияти, Олий суд, Қирғизистондаги Россия элчихонаси ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ киритилган. Айни пайтда мазкур чекловларнинг Ала-Тоо майдонидаги давлат ва муниципалитет томонидан ўтказиладиган тадбирларга дахли йўқ. Шаҳарликлар аввалда бўлгани каби ҳозир ҳам Горький хиёбони ҳудудида митинг қилиш ҳуқуқига эга.

Биринчи май туман суди шу йилнинг 11 март куни ТИИБнинг тумандаги айрим жойларда акция ва митинглар ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори қонунийлигини тасдиқлаган. Сентябрь ойида Биринчи май туманида митинглар ўтказишга тақиқ муддати 1 декабргача узайтирилган.

Шу йилнинг 25 ноябрь куни Бишкекдаги Эркиндик хиёбонида #Reакция деб номланган тинч норозилик акцияси бўлиб ўтган, тадбир иштирокчилари Қирғизистондан депортация қилинган журналист Болот Темировни ватанига қайтариш ҳамда сўз эркинлигига босимни тўхтатишни талаб қилиб чиқишган эди.

Сахалинда газ кони ишчилари иш ташлади

Ишчилар ойлик маошлари кечиктирилаётганидан норози.

Россиянинг Сахалин оролида Киринск газконденсат конининг 1,5 мингдан кўпроқ ишчиси иш ташлади. Озодликнинг Сибир. Реалии лойиҳаси хабарида айтилишича, “Газпром” га қарашли “Нефтегазкомплектмонтаж” ширкати ишчилари ойлик маошлар кечиктирилаётганидан норози.

Сибир. Реалии манбаси ойлик иш ҳақлари мудом кечиктирилаётганини, бунинг ортидан ширкатдан камида 200 киши ишдан бўшаб кетганини айтди. Ишчилар бу борада прокуратурага ҳам мурожаат қилганлар.

Айни пайтда Сахалин вилоят прокуратураси ширкатда текширув ишларини бошлаган.

Иқтисодчилар баҳор ойларидаёқ Россия Украинага бостириб киргани оқибатида жорий этилган санкциялар оқибатида Сахалиндаги газ конларида муаммолар юзага келишини прогноз қилган эдилар.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия нефтига 60 доллар нарх белгилади

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия нефтининг 1 баррелига 60 доллардан нарх белгилади. Вашингтоннинг бу қарори ҳақида АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо, Европа қарори тўғрисида Reuters манбалари маълум қилди. “Бу максимал нарх вақти келиб ўзгартирилмайди, у бозор нархидан доимий равишда 5 фоиз пастда ушлаб турилади”, деб айтган дипломатлардан бири Reuters агентлигига.

Адейемонинг айтишича, Европа Польшанинг позициясига қарамай, бу нарх борасида ўзаро муросага эришади. Польша Россия нефтига жуда баланд нарх белгиланди деб ҳисобламоқда ва уни 30 долларга туширишни таклиф қилмоқда. Россияга нисбатан нефть эмбаргоси 5 декабрдан кучга киради.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиядан денгиз орқали кемаларда ташиладиган нефтни сотиб олишдан воз кечди. Айни пайтда бошқа давлатларга ҳам 60 доллардан юқори нархда Россия нефтини сотиб олишга рухсат берилмайди.
.
Ўтган ҳафтада кемалар орқали ташиладиган Россиянинг Urals маркали нефтининг нархи жаҳон бозорида 55 долларни ташкил қилган. Россия белгиланган чекловсиз ҳам нефть сотишда давом этиши мумкин эди. Бироқ Россия нефтига нархни чеклаш ғояси муаллифларига кўра, максимал нархнинг ўрнатилиши чекланган нархни тезроқ мувофиқлаштириш имкониятини яратади.

Россия нефтни бозор нархидан арзонга сотмаслигини билдирган.

Испанияда конвертга солинган бомбани 5 та манзилга, жумладан, бош вазирга ҳам жўнатишган

Испания полициячилари.

Испания Миллий суди судьяси Украинанинг Мадриддаги элчихонасида 30 ноябрь куни содир этилган портлашни теракт сифатида талқин қилмоқда. Бу ҳақда Europa Press ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Суд суриштируви полициянинг дастлабки тергов тўғрисидаги ҳисоботидан сўнг бошланди. Тўлақонли тергов судья портлаш тўғрисида тўлиқроқ маълумот ва далилларни қўлга киритганидан сўнг бошланади, дейилади хабарда.

Чоршанба куни Украинанинг Мадриддаги элчихонасига почта орқали бомба юборилгани хабар қилинган эди. Elpais нашрига кўра, портловчи модда конверт ичига жойланган бўлган ва элчихона ходими конвертни очаётган пайтда портлаш содир бўлган. Украина элчихонасига юборилган бомба портлаши натижасида элчихона ходими енгил жароҳат олди.

Испания нашрларининг ёзишича конвертли бомбани Саргосдаги қурол ишлаб чиқарувчи Instalaza заводига ҳам юборишган. Мазкур заводда Испания Украинага етказиб берган C90 ракетасини ишлаб чиқарилади. Конверт зарарсизлантирилганлиги ортидан заводда ҳеч ким жабрланмади.

1 декабрда Торрехон-де-Ардос авиабазаси ва Мудофаа вазирлиги штаб квартирасига ҳам мана шундай шубҳали конвертлар келгани хабар қилинди. Шу куни Ички ишлар вазирлиги Миллий судни 24 ноябрь куни бош вазир канцеляриясига ҳам шубҳали конверт келгани, шахсан бош вазир номига юборилган конвертда портловчи “пиротехник материал” бўлгани тўғрисида хабардор қилди.

Ҳозирча бу воқеалар ўзаро бир бирига боғлиқми ёки йўқ деган савол очиқ қолмоқда. Бу жўнатмалар ортида ким тургани ҳам маълум эмас.

Байден Путин билан музокараларга тайёр эканини билдирди

Эммангуэл Макрон расмий ташриф билан Вашингтонгга борди.

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказишга тайёр эканини, бунинг учун Путин Украинадаги урушни тўхтатишдан манфаатдор эканлигини кўрсатиши кераклигини билдирди.

Байден бу масалада НАТОдаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказганини айтди. Бироқ бугунги кунда Путин билан музокара ўтказиш кун тартибида йўқ.

Reuters. Агентлигининг хабар беришича, Байден бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида гапирган.

Байден ва Макрон учрашув якунида қабул қилган қўшма баёнотда томонлар “Россиянинг Украинага қилган ноқонуний агрессив урушини кескин қоралаши” таъкидланади. Бундан ташқари баёнотда “фуқароларга ва фуқаролик инфраструктурасига атайлабдан зарбалар бериш ҳарбий жиноятдир ва айбдорлар жавобгарликкка тортилиши шарт” дейилади.

Байден ва Макрон матбуот анжуманида Украинага ҳаводан ҳимоя воситаларини, энерготизимни таъмирлаш учун керакли ускуналарни етказиб беришни тезлатишни ва қиш мавсумида украиналикларни дастаклаш учун керакли ресурсларни беришни ваъда қилди.

АҚШ ва Франция халқаро институтлар воситасида Россияни ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортишни режалаштираётир.

Толибон Афғонистонда “Америка овози” ва “Озодлик” радиолари ёйинини тақиқлади

Афғонистоннинг Жалолободида радио тинглаётган кишилар (иллюстратив сурат)

Толибон шакллантирган ҳукумат Афғонистонда “Америка овози” (VOA) ҳамда “Озоди” радиоси (Озодликнинг афғон хизмати) ёйинлари тақиқланганини эълон қилди.

Толиблар бунга ОАВ контенти юзасидан тушган шикоятлар сабаб бўлганини рўкач қилган. “Толибон” ҳаракати Ахборот вазирлиги вакили “Озоди” радиоси ёйини 13 та шаҳарда узиб қўйилганини маълум қилган.

“Америка овози” ҳам ўз ёйинлари ўчириб қўйилганини қайд этган.

Толиблар вакили бу қадамга “журналистик тамойилларга риоя қилмаганлик ва воқеаларни бир томонлама ёритганлик туфайли” борилганини билдирган. У тушгани айтилаётган шикоятлар тўғрисидаги қўшимча маълумот тақдим этган эмас.

“Толибон” ҳаракати ўтган йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин мамлакатда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун қатор чекловларни жорий қилган. Толиблар, шу жумладан, бошловчи аёллардан ниқоб тақишни талаб қилишган.

Эркин матбуот тарафдори бўлган гуруҳлар “Толибон” ОАВни ҳар жойда цензура қилаётганлик, журналистларни таъқиб этаётганлик ва ОАВ ходимаси бўлган аёлларни ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилаётганликда айблаб келишган.

Толиблар киритган чекловлар ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли мамлакатда ўнлаб телевизион канал, радиостанция ва нашрлар ўз фаолиятларини тўхтатишган. Афғонистонлик юзлаб журналист эса таъқибдан чўчиб, мамлакатни тарк этган.

Қозоғистон: Тараз суди январь воқеалари чоғида отиб ўлдирилган ўсмир иши бўйича ҳукм чиқарди

Мақтул Андрей Опушиев хотини Валентина билан (оила архивидан олинган сурат)

Жамбил вилоятининг вояга етмаганлар ишлари бўйича туманлараро махсус суди 1 декабрь куни январь воқеалари чоғида калтакланган ва отиб ташланган Андрей Опушиевга нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.

Суд ҳукмига мувофиқ, Опушиев “оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда” айбдор деб топилган, аммо вафоти туфайли унга жазо чораси белгиланмаган. Ҳалок бўлган пайтида 17 ёшда бўлган ўсмир иши ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилган.

Жамбил вилоят суди хабарномасига кўра, жорий йилнинг 6 январига ўтар кечаси Опушиев Тараз шаҳридаги “зўравонлик, талон-торож ва шаҳар ҳокимияти биноси мулкини барбод қилишда акс этмиш оммавий тартибсизликлар”да иштирок этган. Унинг “ҳарбийлар ҳаётига тажовуз қилиб, ҳокимият биносини улар билан бирга ёқиб юбориш таҳдиди билан” улардан бинони тарк этишни талаб қилгани иддао этилган.

Суд қайдича, судланувчининг айбдорлиги гувоҳлар кўрсатмаси, турли экспертизалар хулосалари, фотосурат бўйича таниш баённомалар ҳамда “бошқа материаллар” билан исботланган.

Андрейнинг онаси Олеся Опушиеванинг айтишича, расмийлар унга ўғлининг айбдор эканига доир далилларни тақдим этмаганлар. У айблов хулосасидан норози эканини айтиб, ўғлига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилишини талаб қилмоқда.

Россия суди қрим-татар фаолини 17 йилга қамаш тўғрисида ҳукм чиқарди

Ростов-Дондаги жанубий округ ҳарбий суди 30 ноябрь куни қрим-татар фаоли Марлен Мустафаевни 17 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. У Россия Жиноят кодексининг 205.5-моддаси 1-қисми (террористик ташкилот фаолиятини уюштириш) ва 278-моддаси (ҳокимиятни куч билан алмаштиришга тайёрланганлик) бўйича айбдор деб топилган. Бу ҳақда “Кримская солидарность” жамоатчилик ҳаракати маълумот тарқатди.

Айблов версиясига кўра, фаол Россияда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси йиғилишларини олиб борган ва гўё ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёрланишга йўналтирилган ҳаракатларни амалга оширган.

Мустафаев фуқаровий фаоллик билан Россия Қрим яриморолини аннексия қилиб олганидан кейин шуғуллана бошлаган. “Кримская солидарность” вакиллари фикрича, унинг жиноий тақиб қилинишига айнан шу фаолият сабаб бўлган.

The Insider нашри хабарига кўра, Марлен Мустафаев 2022 йил февралидан буён ҳибсда тутиб турилибди. У билан бирга яна бир неча нафар қрим-татар фаоли қўлга олинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG