Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:30

Тожикистонда Россия пулига қуриладиган рус мактабларига ҳозирданоқ ўқувчи йиғилди


Фарзандларини хусусий мактабга бера олмайдиган Тожикистонда ўрта даромадга эга ота-оналар учун рус тилидаги мактаблар иккинчи яхши танлов бўлиб қолмоқда (архив сурати)

Тожикистон парламенти келгуси уч йилда бешта рус мактаби қуриш тўғрисидаги битимни маъқуллади. Уларни асосан Россия ҳукумати молиялаштиради.

Ушбу қадам Тожикистон ҳокимият идоралари Москва билан қалин алоқа қилишга тайёр эканини ҳамда тожиклар ўртасида рус тилидаги таълимга талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

15 январда Душанбеда бўлиб ўтган парламент муҳокамаси чоғида таълим вазири ўринбосари Раҳматулло Мирбобоев ҳар бир мактаб камида 1200 ўқувчи ўқиши учун мўлжалланишини маълум қилди.

Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатида рус тилли аҳоли сони анча-мунча қисқариб кетди, чунки этник руслар сони 1979 йилдаги 395 000 кишидан 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижасига кўра 35 000 кишига тушиб қолгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, янги рус тилидаги мактаблар учун ўқувчилар сони етарли бўлиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда шаҳарларда ҳам, қишлоқ жойларда ҳам рус тили ўқув тили бўлган ўқув юртларига талаб ортиб бормоқда.

Айни дамда Тожикистонда 32 та таълим фақат рус тилида бериладиган мактаб бор, шулардан 10 таси сўнгги икки йилда ташкил этилди.

Таълим аралаш тилларда ўқитиладиган ўнлаб мактабларда ўқувчилар тожик ва рус тилларида алоҳида-алоҳида ўқитилади.

Кенг тарқалган ишсизлик

Фарзандларини рус мактабларига бераётган тожик ота-оналар бу уларнинг Россия университетларида ўқиш имкониятини оширишини, Россияда яхши ҳақ тўланадиган ишли бўлишини айтмоқда.

Собиқ совет республикалари орасида энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлган Тожикистонда ишсизлик даражаси ниҳоятда баланд. Октябрда ўртача маош 140 долларга тенг бўлган эди.

‒ Катта ўғлим рус мактабига боради, ‒ дейди Суғд вилоятилик тўлиқ исмини айтишни истамаган педиатр Заҳро.

У кичик ўғли рус тилидаги мактабга кириш учун “айни пайтда тожик тилида” ўқиб, ўрин бўшашини кутиб турганини айтади.

Узоқ муддатли режага кўра, улар Россиянинг яшаш харажатлари унчалик қиммат бўлмаган шаҳарларида тиббиёт соҳасида таълим олиши керак, ‒ деди Заҳро. ‒ Фарзандларим тинмай ўқияпти, кимё ва физикадан қўшимча хусусий таълим оляпти.

Заҳро ҳам бошқа кўплаб тожиклар сингари Тожикистондаги рус тилли мактаблар сифатли таълим беришига ишонади.

Рус мактаблари Заҳро сингари даромади ўрта, фарзандларини ўрта мактабларга бера олмайдиган ота-оналар учун иккинчи энг яхши танловдир.

Ўнлаб хусусий, жумладан, инглиз тилли мактаблар бор, улар кўплаб синфдан ташқари сифатли таълим берадиган, кам ўқувчилар ўқитиладиган ва тажрибали ўқитувчилари бор ўқув муассасалари мақомига эга.

Россия сармояси

Тожикистонда рус тилли мактаблар очиш режаси 2018 йил сентябрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан унинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин ўртасидаги учрашув чоғида муҳокама қилинган эди, дея хабар тарқатган эди Тожикистоннинг раҳбарининг расмий вебсайти.

Раҳмон ҳар доим “стратегик ҳамкори” Россия билан яқин алоқада бўлиб келмоқда, у ерда юз минглаб тожик мигрантлари меҳнат қилмоқда.

Мигрантлар 2018 йилда мамлакатга жўнатган 2,5 миллиард долларга яқин пул мамлакат жами ички маҳсулотининг 1/3 қисмини ташкил этди ва у Тожикистондаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг муҳим омили ҳисобланади.

Ўз навбатида Россия Марказий Осиёни ўз таъсир доирасида ушлаб туришга ҳаракат қилиб келмоқда ҳамда рус тилидаги таълимни ва иқтисодий имкониятларни “юмшоқ куч” воситаси деб ҳисоблайди.

2018 йил августидан бери аҳолиси деярли 8,9 миллион киши бўлган Тожикистонга Россия 100 нафар рус тили ўқутувчисини жўнатди ҳамда мамлакатнинг рус тилли мактабларини дарсликлар билан таъминламоқда.

Хабар қилинишича, ўқитувчилар маошининг аксариятини Россия таълим вазирлиги тўлаяпти.

Путин 2019 йил 19 декабрда ўтказган йиллик матбуот конференциясида Марказий Осиёда кўпроқ рус тилидаги мактаблар очиш зарурлигини қайд этган эди.

Тожикистон таълим соҳаси мутасаддилари келгуси уч йилда пойтахт Душанбе, Хўжанд ва Турсунзода шаҳарларида, Бохтар, Кўлоб вилоятиларида 5 та рус тилли мактаб қурилажагини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG