Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:02

Толибонга қарши кучларнинг сўнгги таянчи. Панжшир вилояти узоқ қамалга ҳозирланмоқда


1980-йилларда Совет Иттифоқига қарши ва 1990-йилларда Толибон билан урушган машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли – Аҳмад Масъуд Панжширда “жангга тайёр” турган минглаб қуролли одамларни йиққан.
1980-йилларда Совет Иттифоқига қарши ва 1990-йилларда Толибон билан урушган машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли – Аҳмад Масъуд Панжширда “жангга тайёр” турган минглаб қуролли одамларни йиққан.

Афғонистондаги аксил‑Толибон кучларнинг сўнгги таянчи бўлмиш Панжшир вилояти аҳолиси радикал исломий гуруҳга қарши қўзғолонни сўзсиз дастаклашини билдирди. Бу улар учун қанчалик хавфли ва қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Панжшир Толибон исломий гуруҳига қарши янги курашга ҳозирлик кўрмоқда. Шу билан бирга, аксил‑Толибон кучлар ҳамда вилоят аҳолиси Кобулдан шимоли-ғарбга томон тахминан 115 чақирим масофада жойлашган ушбу тоғли ҳудуд узоқ вақт қамалда қолишидан ташвишга тушган. Чунки қамал ҳолатида вилоятга энг зарур маҳсулотлар келиши тўхтайди ва соғлиқни сақлаш соҳасида инқироз юз беради.

“Уруш одамлар ўлимига ва молиявий талафотларга олиб келади, аҳолини кўчишга мажбур қилади. Толибон ҳатто вилоятга иқтисодий эмбарго қўллаб, барча таъминот йўлакларини тўсиб қўйиши мумкин”, дейди, ҳукуматнинг сўнгги маълумотига кўра тахминан 25 минг киши истиқомат қиладиган Роха туманилик 31 ёшли Муҳаммад Баас.

Толибон ҳаракати Афғонистоннинг 34 вилояти орасидаги ўз назоратидан четда қолаётган ягона ҳудуд бўлмиш Панжширни забт этишга юзлаб жангарилар юборилганини эълон қилган эди.

1980-йилларда Совет Иттифоқига қарши ва 1990-йилларда Толибон билан урушган машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли – Аҳмад Масъуд Панжширда “жангга тайёр” турган минглаб қуролли одамларни йиққан.

Машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Кобулдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида мабуот анжуманида сўзламоқда¸ 27 феврал 2020 йил
Машҳур дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Кобулдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида мабуот анжуманида сўзламоқда¸ 27 феврал 2020 йил

Бироқ Масъуднинг айтишича, у “уруш чиқариш”ни хоҳламайди. Аҳмад Масъуд АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этиши манзарасида бутун мамлакат бўйлаб яшин тезлигида ҳаракат қилиб, ҳукумат кучлари чекиниши ортидан қатор локал ғалабаларга эришгач, 15 август куни пойтахт Кобулга кирган Толибон ҳаракати раҳбарияти билан музокара қилиш тарафдори.

“Биз, келгуси хатти-ҳаракатларнинг ягона муҳтамал варианти бу музокаралар эканини толиблар англаб етишини истаймиз”, дея Масъуддан иқтибос келтиради “Reuters” агентлиги 23 август куни. У марказий ҳукуматни мамлакатдаги турли этник гуруҳлар вакиллари ҳисобига шакллантиришга чақирган.

Масъуднинг қўшини маҳаллий кўнгиллилар ва ҳукумат армиясининг Панжширга чекинган бўлинмаларидан ташкил топган. Хабарларда айтилишича, собиқ ҳукумат аскарлари талай қурол-яроғ, юзлаб “Ҳаммер” автомобиллари ва зирҳли техника, шунингдек, бешта ҳарбий вертолёт билан Аҳмад Масъудга қўшилган.

Собиқ вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ҳам айни пайтда Панжширда – у президент Ашраф Ғани 15 август куни мамлакатдан қочиб кетганидан сўнг толибларга қаршилик кўрсатиш ҳаракати бошлангани муносабати билан ўзини “қонуний президент вазифасини вақтинча бажарувчи” деб эълон қилган.

48 яшар Солиҳ асли панжширлик бўлгани боис вилоятда аксари аҳоли уни қўллаб-қувватлайди.

23 август куни Толибон ҳаракати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид экстремистик исломий гуруҳ жангарилари ушбу ҳудудни қуршовга олганини маълум қилди.

“Душман Панжширда қамалда қолди”, деб ёзди у “Twitter”даги саҳифасида. Шу билан бирга, Мужоҳид Толибон кучлари муаммони “тинч йўл билан” ҳал қилишга уринаётганини қўшимча қилган.

Уйларини ташлаб Қандаҳор-Кобул йўлида кетаëтган афғонистонликлар, 23 август 2021 йил
Уйларини ташлаб Қандаҳор-Кобул йўлида кетаëтган афғонистонликлар, 23 август 2021 йил

Ҳаракат вакили, шунингдек, қўшни Бағлон вилоятининг Бану, Деҳ Салоҳ ва Пули Ҳисор туманлари “душмандан тўлиқ тозаланган”ини билдирган.

Аммо бошқа манбалар хабар қилишича, мазкур уч туманни яқинда жангарилардан тортиб олган Толибонга қарши маҳаллий кучлар уларни ҳамон ўз назоратида сақлаб турибди.

Аксари панжширликлар толибларга қаршилик ҳаракати аҳолисининг катта қисмини этник тожиклар ташкил қилувчи қўшни Бадахшон, Бағлон, Капис, Парвон ва Тоҳар вилоятларига ёйилишига умид қилишмоқда.

Тожиклар этник паштунлар устунлик қиладиган Толибон ҳаракатига азалдан ишончсизлик билан қараган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Панжширдаги қаршилик ҳаракатига “минглаб” халқ кўнгиллилари бориб қўшилмоқда, бу асосан Ёр Муҳаммад Дўстум бошчилигидаги этник ўзбеклардир. Ёр Муҳаммад Дўстим – бундан йигирма йил муқаддам Толибонга қарши кучларга раҳбарлик қилган ва пировардида мудофаа ва бошқа соҳаларда юқори ҳукумат лавозимларини эгаллаган ўзбек аслли дала қўмондони Абдулрашид Дўстумнинг ўғлидир.

“Толибон Панжшир теварагидаги туманларни бой беришда давом этади, бу ҳудудлар орқали бемалол янги таъминот йўналишларини очиш мумкин. Бизнинг ерларда аксил‑Толибон кайфияти жуда кучли. Толибон бу ҳудудларни ўз назоратига олиши ниҳоятда қийин бўлади”, дейди қаршилик кучларига яқин панжирлик киши исмини сир тутиш шарти билан.

Қурол тутмаган аҳоли айни пайтда мавҳум келажакка тайёргарлик кўрмоқда: одамлар вилоят узоқ муддат қамалда қолиши эҳтимолини, бинобарин, нарх-наво кўтарилиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа энг зарур моллар танқислашиши мумкинлигини ўйлаб захира ғамлаш билан банд.

“Панжшир тоғли минтақа бўлиб, иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлай олмайди. Агар ҳарбий ҳаракатлар давом этса, биз кўплаб иқтисодий қийинчиликларга дуч келишимиз тайин”, дейди панжширлик Фаёз 23 август куни Озодлик радиосининг афғон хизмати мухбири билан мулоқотда.

Панжширнинг катта ёшли аҳолиси Толибоннинг аввалги қамалини яхши эслайди. Жангарилар 1990-йилларда беш йилдан ортиқ уриниб, барибир вилоятни қўлга кирита олишмаган эди.

Ундан олдинги ўн йилликда эса совет қўшинлари Аҳмад Шоҳ Масъуд раҳбарлигидаги лашкарнинг кескин қаршилиги туфайли Панжширга кира олмаган. Умуман, Панжшир мамлакатнинг сўнгги қирқ йиллик уруш давомида ҳеч қачон бирор ташқи кучлар томонидан босиб олинмаган ягона вилоят ҳисобланади.

Роҳа туманида истиқомат қилувчи 42 ёшли Жамшид 1990-йиллар охиридаги йўқчилик ва қимматчилик замонини, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи осмонга сапчиб, маҳаллий бозорларда “бир халтача туз тахминан 7 долларга сотилган” кунларни эслайди.

У, шунингдек, қуролли тўқнашувлар қайта бошланган тақдирда одамлар ўлишидан ёки майиб бўлишидан ташвишланаётганини айтади.

“Урушдан жуда тўйганмиз, аммо Толибон бизни қамалга олгудек бўлса, бундай шароитда қандай жон сақлаш бўйича тажрибамиз етарли, керак бўлса, яна қамалда кун кечираверамиз. Бизга ночорлик, адолатсизлик ва хаосга тўла ҳаётни тиқиштирмоқчи бўлган ҳар ким қаршилигимизга дуч келади”, дейди Жамшид Озодликнинг афғон хизматига.

Халқаро коалиция қўшинларини шошилинч равишда олиб чиқиб кетишда ва талваса ичида одамларни кўчиришда давом этмоқда. Ҳарбийлар ва дипломатлар билан бирга, Толибон жангарилари интиқом олишидан хавфсираётган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам эвакуация қилиняпти.

Хабар қилинишича, экстремистик исломий гуруҳ айни пайтда ҳукуматни шакллантириш юзасидан музокараларга киришган. Бу ҳукумат 2001 йилда АҚШ етакчилигидаги коалиция Толибон ҳаракатини ағдариб ташлаганидан сўнг 20 йил ҳукм сурган, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар тан олган, лекин пировардида жуда тез ҳалокатга учраган нотавон ҳукуматнинг ўрнига келмоқда.

Мақолани тайёрлашда Озодлик радиоси афғон хизмати мухбирлари иштирок этган бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмлари ошкор қилинмади.

XS
SM
MD
LG