Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:09

Тоқаев: Қозоғистонда АЭС қурилиши масаласи бўйича референдум ўтказилади


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг парламентдаги нутқидан лавҳа, 2023 йил 1 сентябри
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг парламентдаги нутқидан лавҳа, 2023 йил 1 сентябри

Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши масаласи умуммиллий овоз беришга қўйилади. Бу ҳақда 1 сентябрь куни парламентдаги чиқиши чоғида билдирган президент Қасим-Жомарт Тоқаев референдум санасини очиқлаган эмас.

Жаҳондаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Қозоғистон ўз атом генерациясига эга бўлиши керак”, деган Тоқаев атом энергетикаси ривожланишини “ўта муҳим иқтисодий ва сиёсий масала” деб атаган.

Қозоғистон АЭСга эга бўлиши керак ёки керакмаслиги – баҳсли масала. Танқидчилар мамлакатнинг уран қазиб олишдаги лидерлиги унинг атом станциясини қуриши лозимлигини англатмаслигини бир неча бор қайд этишган.

АЭСга қарши бўлганлар станция барпо қилиш ўта қиммат лойиҳа бўлиб, уни амалга ошириш учун хориждан технология етказиб берадиган ширкатга эҳтиёж сезилишини урғулашмоқда. Бу давлатнинг станция қурувчисига қарам бўлиб қолишини англатади. Экологлар АЭСдаги одатдан ташқари вазиятлар ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайдилар – бунда миллионлаб аҳоли яшайдиган бутун бошли минтақалар муҳтамал радиацион ифлосланиш ҳудудида қолиши хавфи бор.

АЭС борасидаги бу каби хавотир ва эътирозлардан Тоқаевнинг хабари бор, албатта. 2019 йилда у атом станцияси қурилиши масаласи “керак бўлса, халқ билан муҳокама қилиниши”ни айтган. Бироқ кейинчалик ҳукуматдаги мулозимлар референдум ўтказишга ҳожат йўқлигини билдиришган. Энди эса Тоқаев яна референдум ўтказишни таклиф қилмоқда.

“АЭС барпо қилиш ёки ундан бош тортиш мамлакатимиз келажагига алоқадор бўлган ўта муҳим масаладир. Шунинг учун ҳам уни умуммиллий референдумга олиб чиқишни таклиф қиламан. Аниқ санасини кейинроқ белгилаймиз”, деган Қозоғистон президенти парламентдаги чиқишида.

Аввалроқ Олмаота вилоятининг Улкен деган кичкина қишлоғида “Қозоғистонга атом электр станцияси керакми, йўқми?” деган масалада баҳс ўтказилганди. Мазкур муҳокама жараёни Озодликнинг қозоқ хизмати томонидан ёритилган.

“Экология муаммоларидан чўчимаймиз”

Улкен Олмаотадан 400 чақирим йўлда – Балхаш кўли ёқасида жойлашган. Унга 1980-йилларда, ГРЭС қурилиши муносабати билан асос солинган эди. Лекин иш бир нечта кўп қаватли уй қуришдан нарига ўтмаган. Совет Иттифоқи парчалангач, лойиҳа билан биров қизиқмаган ҳам, одамлар эса ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Улкен расман қишлоқ деб аталади, лекин сиёғидан шаҳар типидаги посёлка дейиш мумкин. Бу ерда якка ҳовли-жойлар йўқ, одамлар мол боқишмайди, тошлоқ ва ориқ ерида эса бирон нима кўкартириш амримаҳол.

1990-йилларда улкенликлар балиқ овлаб жон сақлаганлар. Ҳозир ҳам, орадан 30 йил ўтган бўлса-да, бу ҳануз кўплар учун тирикчилик манбаи бўлиб турибди. Посёлкада учта балиқ заводи бор – одамлар овлаган балиқларини шуларга топширишади. Балиқчиликни хоҳламаганлар такси ҳайдайди ёки кичик бизнес билан шуғулланади: Улкенда озиқ-овқатдан тортиб сувенир буюмларгача – турфа моллар билан савдо қилувчи дўкончалар жуда кўп.

Наталья Хайрулинанинг тамаддихонаси ва маиший кимё моллари дўкони бор. Бундан ташқари, чучвара тугиб ҳам сотади: аксар улкенликлар уйда овқатланишади, тамаддихонага келгувчилар кам, қўшимча даромади бўлмаса қийналиб қолиши мумкин.

Аёл Улкенга болалигида келган: ота-онаси бу ерларга ГРЭС қуришга жўнатилганди. Оила Экибастуздаги уйини сотиб, Улкендаги яп-янги кўп қаватли уйдан квартира олади ва Балхаш бўйида янги, мароқли ҳаёт бошлашга ҳозирлик кўради. Иттифоқ парчаланиб, станция қурилмаслиги аниқ бўлгач, ноилож, шу ерда қоладилар. Чунки борадиган жойлари йўқ, пулсиз қолишган эди; квартирани сотмоқчи бўлишган, аммо истиқболи қоронғи олис-овлоқ қишлоқдаги бошпанага, табиийки, талабгор чиқмаган.

У кезлар квартираларга харидор умуман йўқ эди. Вақт ўтиши билан қўшни овуллардан одамлар кўчиб кела бошлашди, бўш хонадонлар эгалик бўлди. Посёлкани шу сақлаб қолди, деб ўйлайман. Ота-онам Улкенда бирон йирик қурилиш бўлишини кута-кута оламдан ўтишди”, дейди Наталья хотираларини сўзлаб бераркан.

Атом электр станцияси қурилиши хусусида Наталья Хайруллинанинг фикри қуйидагича: Улкен турғуни сифатида у аҳоли кўпайиб, қишлоқ обод бўлишини, қаровсиз уйлар таъмирланишини истайди. “Чунки қурилиш бошланса, бизга ҳам маданият келади-да. Муҳтамал экологик оқибатларга келсак, бунақа муаммолардан чўчимаймиз, ҳозир технологиялар ривожланиб кетган”, некбинларча фикр юритади Хайруллина.

Аёлга кўра, Улкен халқи бу борада иккига бўлиниб қолган: ярми қурилиш бўлишига тарафдор, қолган ярми – қарши. АЭСни хоҳламаётганларнинг аксари балиқчилар: “Балхашдан сув қочиб, балиқлар камайиб кетса, тирикчилигимиздан айриламиз”, дея қўрқишади улар.

“Кўл бизни боқиб турибди, АЭС уни ўлдиради”

Бу ерда балиқчиларни излаб овора бўлмайсиз. Кўчада, қаровсиз қолган кўп қаватли уй олдида кимдир қоқланган балиқларни илиб қўйган. Ёнида – балиқ қоқлашга мўлжалланган, ичини қалин қурум босган қўлбола темир бочка. Бочка ичида олов ёқиб, тепасига балиқ осиб қўйилади.

Бочканинг эгаси Ринат исмли йигит экан. Ёши 34 да. Айтишича, ярим умри балиқчилик билан ўтган, худонинг берган куни “денгиз”га боради – ерли халқ Балхашни шундай атайди. Овлаган балиғининг бир қисмини заводга топширади, бир қисмини ўзи тузлайди ёки қоқлайди. Ринатнинг АЭС қурилиши борасидаги фикри аниқ: “Кўл бизни боқяпти, атом станцияси уни ҳалок қилади. Бу йил Балхаш жуда саёзлашди, балиқ камайди. АЭС қурилганидан кейин ундан ном-нишон қолмайди”.

Озиқ-овқат дўконида Улкен қишлоғининг яна бир турғуни билан танишдик. 35 ёшли Алексей Лосев Манғистов вилоятида туғилган, Улкенга олти йил аввал кўчиб келган экан. Алексей балиқчи бўлмаса-да, АЭС қурилишидан ҳеч қандай яхшилик кутмайди.

“Бир тарафдан, қурилишдан фойда бор: янги иш ўринлари пайдо бўлади, янги одамлар келиб, посёлкамиз ривожланади. Бошқа томондан, экологияни ҳам ўйлаш керак ахир. Манғистов вилоятида, Оқтовдан атиги 3 чақирим нарида Манғистов атом электр комбинати жойлашган. Унинг бутун теварагида экология чатоқ. Нимадан бу? Зарарли қолдиқлардан! Балиқлар қирилиб кетяпти. Комбинат қолдиқлари Қоракўлга тушади. Сув бети балиқ ўлимтикларига тўла. Бу ер ҳам шундай бўлади. Улкенда АЭС қурилишини бу ерга совет даврида келган қурувчилар қўллаяпти”, дейди Алексей.

Шундай қурувчилардан бири – 70 ёшли Владимир Браун. У салкам 40 йил муқаддам Олмаота яқинидаги Қаскелен шаҳарчасидан кўчиб келган. Биз у билан эски кўпқават уй ёнида учрашиб қолдик. Балхашдан таралаётган нам шабада ҳувиллаган бино ичида бемалол айланиб, кондиционер мисоли салқинлик берар экан. Эндигина овдан қайтган Владимир қармоқ ва балиқлар солинган эски қопини елкасидан олади.

“Бу ерга 1980-йилларда келганман, болаларим шу ерда туғилиб, катта бўлишди, бир пайтлар ман шу уйда ҳамма квартираларда одамлар яшарди, – дея хотираларидан сўзлай кетди Владимир. – АЭС қурилишини хоҳлайман, албатта. Аммо у биз кексаларга керак эмас, ёшларга керак. Токи иш жойлари бўлсин, посёлка равнақ топсин. Умуман олганда, АЭС бутун Қозоғистонга зарур, мамлакатга электр етишмаяпти!”

Пенсионер овини кўрсатади: бугун тўрига 25 дона вобла балиғи тушибди. Баъзи кунлари ҳеч нима тутолмай, қуп-қуруқ қайтаман, лекин бу сув саёзлигидан эмас, кўлда баъзан кучли шамол бўлиб туради, дейди.

Владимир балиқларни қайтадан қопига солар экан, АЭС қурилишига муносабатини айтади:

Балхашда сув эскитдан дам пасайиб, дам кўтарилиб туради. АЭС унга зарар етказади, деб ўйламайман. Яхши қурувчиларга қурдириш керак, вассалом. Бутун дунё қуриб ётибди-ку, биз нега қуролмас эканмиз?”

“АЭС бўлса, турмушимиз фаровон бўлади”

Улкен қишлоқ округи ҳокими Кенжемурат Қасенов ҳам АЭС қурилиши тарафдори.

“АЭС бўлса, турмушимиз фаровон бўлади. Ҳаммаси яхши бўлади, набиралариимз бу ерда ишлаб, тўкис ҳаёт кечиришади, деб умид қиламан. Мен мутахассис эмасман, атомчи олим ҳам эмасман, экологик муаммолар ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Балхаш суви камаяди, албатта, бу йил ҳам хийла саёзлашди, бироқ фойда-зиённи обдон ўйлаб кўриш керак. Ҳадемай кенгаш бўлади, кўп одам тўпланишини кутяпмиз, барча масалалар муҳокама қилинади. Одамлар Балхаш кўли, экология ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларни беришлари мумкин”, дейди Касенов.

“Атом энергетикаси барибир зарарли!”

АЭС қурилиши масаласи муҳокама қилинган 22 август куни Улкендаги ўрта мактаб ҳовлисига тумонат одам йиғилган: журналистлар, Олмаота ҳокимияти ва энергетика вазирлиги мулозимлари у ёқдан бу ёққа ўтиб-қайтишарди. Экофаоллар эса мактаб дарвозаси олдида плакатларини баланд кўтаришди. Улар АЭС қурилишига норозилик билдириш учун Олмаотадан атай келишганди.

“Барча чет эл фуқаролари Қозоғистонга виза билан келишлари керак! Қозоғистон аммаларининг уйи эмас, барча моддий бойликлар, имтиёзлардан энг аввало қозоғистонликлар баҳраманд бўлишсин. Биз жуда озчиликмиз, атиги 20 миллион! Жаноб Тоқаев, ўз халқингиз демографиясини ўйланг, бу ерда экологик хавфли объектлар қуриб, фойдасини ўзи билан олиб кетувчи чет элликларни эмас!” деди юрист ва жамоат фаоли Мадина Кўкетаева.

Август ойида экофаоллар Олмаотада матбуот анжумани ўтказиб, қозоғистонликларни “ҳукумат макрига учмаслик”ка ва атом станцияси қурилишига қарши чиқишга чақиришган эди.

Экофаоллар бу чақириқларини Улкенда ўтказилган йиғилишда ҳам такрорлашган: улар яна плакатларини ёйиб, АЭС қуришдан воз кечишни талаб қилишган. Улкен турғунлари эса ўз навбатида: “Биз тинч атом тарафдоримиз!” дея хитоб қилишган.

Муҳокамада конструктив мулоқотга эришиб бўлмаган.

“Биз атом электр станцияси қурилишига қаршимиз, у Балхашни ўлдиради!” дея қичқиришган экофаоллар.

“Атомчи эмассизлар-ку, зарарли ёки безарарлигини қаёқдан биласиз? Бунинг устига Улкенда яшамайсизлар”, дея жавоб қайтаришган айрим турғунлар уларга.

“Бу фақат Улкенга оид масала эмас, бу мавзуни бутун Қозоғистон муҳокама қилиши лозим!”, дея яна ҳужумга ўтишган фаоллар.

Халойиқнинг ғала-ғовури нотиқларнинг эски микрофондан таралаётган бўғиқ овозини босиб тушган. Шовқин бир оз пасайганда ҳам спикер нима деяётганини илғаш қийин эди. Бир маҳал минбарга 30 ёшлардаги қорасоч йигит чиққан. У ўзини Руслан Кураков деб танитгач, овозини эшиттириш учун деярли қичқирганча сўз бошлаган:

“Мен уч йилдан бери Улкенда яшайман, қишлоқда уйлар ҳувиллаб ётибди, инфратузилма ривожланмаган. Атом станцияси тараққиётга туртки бўлади, иш ўринлари яратади, ҳаётни изга солади. Бу ерда бақир-чақир қилаётганлар эса фитна чиқаришяпти, халқ уларнинг томоққа зўр берганига алданмаслиги керак. Уларнинг мақсади бу ерда биз билан тортишиб, провакация қилиш!”

Ундан кейин сўзга чиққан аёл энергетика соҳасида ишлашини, Улкенда муқим яшашини айтган.

“Биз, улкенликлар бу қурилишни 40 йилдан бери кутамиз, – дея бор товушда сўз бошлаган у. – ГРЭС қуришдан бошладик, иссиқликсиз, светсиз яшадик, яхши-ёмон кунларни бирга кечирдик! Улкен аҳли, бу энергия бизга жуда ҳам зарур, Қозоғистоннинг маркази бўлади бу ер! Тушунинг, ахир, бизнинг минтақа сейсмик жиҳатдан хавфсиз. Ҳар ҳафта ер силкинадиган Японияда 15 та атом электр станцияси ишлаб турибди. Мамлакатимизда электр энергияси етишмайди, ҳам жуда қиммат. АЭС берадиган электр бизга керак! Биз тинч атом тарафдоримиз!”

Унинг нутқини гулдурос чапаклар бўлиб турган. Кимдир “Қуёш энергияси-чи?” дея эътироз билдирган, аммо бу сўзлар шовқин ичида йўқ бўлиб кетган.

“Тинч атом! Тинч атом!” дея хитоб қилишган одамлар.

Шундан сўнг сўз навбати эколог Светлана Могилюкка етган. У ҳам, кўпчилик каби, АЭС қурилиши муҳокамасида қатнашиш учун Улкенга атай келган.

“Ҳурматли турғунлар! Бу ерда бўлган гапларни диққат билан тингладик, – дея халойиққа юзланган аёл. – Сизларга таянч маълумот, ҳаққоний ахборот берилмаяпти. Атом энергетикаси соғлиққа зиён қилмайди, дейишяпти. Ҳолбуки, унинг зиёнига доир малакали тадқиқотлар бор! АЭСлар яқинида яшовчи болаларда оққон касаллиги кўп учраши, онкологик хасталиклардан ўлим кўрсаткичи 24 фоизга кўтарилиши қатор тадқиқотларда ўз аксини топган...”

Шу ерга келганда негадир микрофон ишламай қолган ва Светлана нутқини усиз давом эттирган:

“Демоқчиманки, атом электр станциялари зиён келтиради, улар радиоактив қолдиқлар чиқаради. Азизлар! Сизга ёлғон гапиришмоқда! Муҳокамалардан олдин одамларни холис таянч ахборот билан таъминлаш керак эди! Сиз электр энергияси олишнинг бошқа усуллари ҳам мавжудлигини билишингиз лозим. Улар самарадорликда АЭСдан кам эмас, энг муҳими – хавфсиз!”

Могилюкнинг охирги сўзларини деярли ҳеч ким эшитмаган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирларига кўра, дастлаб фаоллар аёлнинг шусиз ҳам пастроқ овозини қарсаклар билан босиб тушганлар, кейин эса улар билан турғунлар ўртасида баҳс қизиб кетган. Улкенликлардан биров Светланага савол бермоқчи бўлган, ҳатто сўз сўраб, қўл кўтарган, бироқ унинг саволи ҳам, кўтарилган қўли ҳам умумий шовқин ва талотўп ичида ғарқ бўлган.

Шундай қилиб, икки соатлик муҳокама ҳеч бир натижасиз тугаган. Томонлар бирон тўхтамга кела олмаганлар.

“Энергетика вазирлигида нодонлар ўтиришибди”

Муҳокамада Ядровий технологиялар хавфсизлиги илмий-техника маркази ижрочи директорининг ўринбосари Александр Клепиков ҳам иштирок этган. У Қозоғистонда АЭС қурилишига қарши эмаслигини, бироқ айрим нарсаларни ҳисобга олиш шартлигини айтган.

“Атом станцияси қуриш жуда қимматга тушади, унга кетган харажатларни чиқаришга анча йил керак. Лекин бу даврдан ўтиб олингач, электр энергияси хийла арзонлашади. Айни чоғда мен бошқа жиҳатларга эътиборингизни тортмоқчиман. АЭС – электр энергияси манбаи, уни одатда саноат эҳтиёжларига қараб қуришади. Японлар бизда АЭС қурилиши билан боғлиқ шарт-шароитни ўрганиб, сўрашган: “Атом станцияси самарали ишлаши учун саноатни ривожлантириш режангиз қани? Электр энергияси манбаи билан бирга, ушбу энергия истеъмолчилари ҳам бўлиши керак-ку”, деб. Бизникилар бу саволга тайинли жавоб бера олмаганлар. Менинг позициям қанақа? Биринчидан, саноатимиз ривожлансин. Иккинчидан, Қозоғистон АЭС қуриш билан бирга қандайдир технологияларга эга бўлсин. Масалан, реактор ёқилғисини ўзи ишлаб чиқарсин. Бу АЭС қурилиши қийматини пасайтирган, ҳам бизга зарур тажриба берган бўлур эди. Қолаверса, ёқилғини ўзимиздан ортиб, чет элга сотиш имконимиз бўлсин. АЭС қурилиши натижаларини мен шундай тасаввур қиламан. Аммо, агар мутасаддилар АЭСга Қозоғистонни катта сарф-харажатга қўядиган навбатдаги бекорчи мегалойиҳа деб қараётган бўлса, менга бунинг кераги йўқ”, деган эксперт.

Улкендаги муҳокамаларнинг эртасига экологлар АЭС қурилиши оқибатларини хотиржамлик билан тушунтириш мақсадида Олмаотада матбуот анжумани чақиришди. Анжуманда эколог Светлана Могилюк, энергетик Асет Науризбаев ҳамда биолог Марина Поух чиқиш қилдилар.

Жумладан, Светлана Могилюк қуйидагиларни айтган:

“Улкендаги жамоат муҳокамасида атом энергияси гўёки хавфсизлиги ва бу қурилиш минтақага фақат фойда келтириши ҳақидаги қуруқ гапларни эшитдик. Бироқ мен профессионал эколог сифатида шуни айтмоқчиманки, атом электр станциясидан жуда катта хатар бор. Бу хатар етти даражага бўлинади. Сўнгги, еттинчи даражага 1986 йилда Чернобилда ва 2011 йилда Фукусимада юз берган ҳалокатларни мисол қилиб келтириш мумкин. Қуйи даражадаги авариялар одатда кенг жамоатчиликдан яширилади. Лекин, агар мавзуга чуқурроқ кирсангиз, зарарли қолдиқлар чиқишига олиб келган жиддий авариялар тез-тез бўлиб туришидан ва буни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ҳам тан олишидан воқиф бўласиз”.

Могилюк атом электр станцияси одатдаги режимда ишлаган тақдирда ҳам зарарли моддалар – нуклидлар чиқаришини урғулаган.

“Ҳеч қанақа фильтр ёки тўсиқлардан фойда йўқ, у барибир атроф-муҳитда – сувда, тупроқда ва экотизимнинг бошқа таркибий қисмларида тўпланиб қолаверади ва тирик организмларга таъсир қилади”, деган эксперт.

Экологнинг фикрини биолог Марина Поух давом эттирган:

“Радионуклидлар – тритий ва радиоуглерод ҳавога тарқалгач ҳайвонлардан тортиб одамларгача – барча тирик организмлар танасида тўпланади. Германиялик олимлар АЭСлар жойлашган ҳудудларда 5-9 ёшли болалар соғлиғини кузатиб, уларнинг ярмидан ортиғида оққон ва бошқа саратон касалликларини аниқлаганлар. Аҳоли масканлари яқинида қуриладиган бўлса, АЭСдан қанақа фойда бўлиши мумкин?”

Энергетик Асет Науризбаевга кўра, ҳукумат “холис муҳокамалар ўтказиш ўрнига бир гуруҳ корчалоннинг чўнтагини тўлдирадиган, аммо бадалини бутун Қозоғистон халқи тўлайдиган лойиҳани тиқиштириш билан шуғулланмоқда”.

“Муаммо шундаки, энергетика вазирлиги нодон, лавозимига нолойиқ одамлар, улар янгиланадиган энергия манбалари қандай ишлашини билишмайди. Мен бир неча марта ҳисоб-китоб қилиб кўрдим: агар бутун мамлакат бўйлаб тўғри тақсимланса, янгиланадиган энергия манбалари атом станциясига нисбатан анчагина ишончли бўлади. Лекин ҳукуматимиз олимлар фикрига таяниш ўрнига советлардан қолган дирижёрлик усулини маҳкам ушлаган”, деган Озодликнинг қозоқ хизмати суҳбатдоши.

Улкенда АЭС қуришнинг фойда-зиёнини муҳокама қилинаётган пайтда пойтахтлик журналистлар энергетика вазири ўринбосари Жандос Нурмагамбетовдан изоҳ сўрашган. Мулозим бирон тайинли гап айтмаган, “станция қурилишидан олдин техник-иқтисодий асосламалар ишлаб чиқилади, атроф-муҳитга таъсир баҳоланади ва барча манфаатдор томонларнинг фикрлари олинади”, дейиш билан чекланган.

Раҳбарлар ҳарчанд хаспўшламасин, Қозоғистонда кўпчилик “ҳукумат АЭС қуришга қарор қилиб бўлган, муҳокамалар эса шунчаки кўзбўяш, холос” дея хавотир олмоқда. Ростдан ҳам, агар муҳокама Улкендаги каби пала-партиш ташкил қилинса, натижа ҳукумат истаганидек бўлиши аниқ. Ҳолбуки, экспертлар ҳақли эътироз қилишаётганидек, мазкур қарор ортида – Балхаш бўйидаги кичкина қишлоқ истиқболидан кўра анча катта нарсалар турибди.

“Биз, 20 миллионли халқ ҳукуматимиз АЭС қуришдек фалокатли қарорни туман миқёсидаги овоз бериш йўли билан қабул қилаётганини жимгина кузатиб турибмиз. Бу қарор мудҳиш оқибатларга олиб келади: мамлакат миллиардлаб қарзга ботади, Балхаш кўли қурийди”, деб ёзди ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик машҳур иқтисодчи Меруерт Махмутова.

Форум

XS
SM
MD
LG