Линклар

Шошилинч хабар
08 феврал 2023, Тошкент вақти: 14:45

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилмоқда

Метан заправкаларидан бири.

Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилиши тўғрисида пойтахт ҳокимияти 4 декабрь куни маълум қилди. Расман билдирилишича, бунга газ босимининг пасайиб кетгани, “коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаётгани” сабаб бўлган.

“Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шоҳобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари вақтинчалик ёпилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда газ заправкалари фаолияти бир неча кунга мутлақо тўхтатилиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бироқ 4 декабрь куни«Ҳудудгазтаъминот» бу хабарларни рад этган ва аҳолини бу каби гапларга ишонмасликка чақирган эди.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирганди.

Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Кун янгиликлари

Туркманистондан суюлтирилган газ олган Ўзбекистон қўшниларга “тез ёрдам” машиналарини тақдим этди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган “Туркманистон газ конидаги носозлик сабабли январь ойининг маълум кунларида етказиб берилмаган газ учун Тошкент Ашхободдан катта миқдорда компенсация пули талаб қилган”ига оид иддаоларни рад этди.

Вазирлик қайдича, Туркманистон дўстона дастаклаш мақсадида Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ партиясини тақдим этган.

Энергетика вазирлиги қўшни мамлакатдан олинган суюлтирилган газ яқин кунларда эҳтиёжманд оилалар орасида текинга тарқатилишини ваъда қилган.

Бу орада Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Тошкент Ашхободга 20 дона замонавий тез ёрдам машиналари жўнатилгани ҳақида маълумот берди. Мазкур дўстона ёрдам алмашуви “икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги” муносабати билан амалга оширилгани қайд этилган.

Бухоро судида Нукус воқеалари бўйича иккинчи маҳкама бошланди

Ўтган йилнинг июль ойи бошида Нукусда бўлиб ўтган норозилик намойишидан лавҳа

Бухоро вилоят суди биносида 6 февраль куни Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг июль ойи бошида тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчи иши юзасидан суд бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатган.

Мазкур жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Д. Разов раислигида кўриб чиқилаётгани айтилган.

Судланувчилар орасида интернетда одамларни сепаратизмга даъват қилиш, оммавий тартибсизликларга чақириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши куч ишлатиш, уларга тегишли қурол-аслаҳаларни тортиб олиш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларда гумонланаётганлар бор.

Судланувчиларнинг барчасига нисбатан “қамоққа олиш” шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида ўз ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилган. 22 кишига оид иш кўрилган ўша судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринаётгани йўқ.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

ТИВ: Туркиядаги зилзила содир бўлган ҳудудда бир ўзбекистонлик нобуд бўлди

Малатя вилоятида вайрон бщлган уйлардан бири, 2023 йил 6 феврали

Туркиянинг Малатя вилоятида зилзила оқибатида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ТИВ қайдича, 7 февраль соат 10.00 (Тошкент вақти) ҳолатига кўра, зилзила ҳудудидаги тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган.

Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда”, дейилган хабарномада айни пайтда Туркиядаги зилзила оқибатида зарар кўрган ўзбекистонликларга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилгани билдирилган.

Хабарномада президент Мирзиёев топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлагани, бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилиши қўшимча қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида рўй берган зилзилалар натижасида қурбонлар сони 3 минг 381 нафарга етган, 20 минг 426 киши жароҳатланган, 5 минг 775 тураржой биноси вайрон бўлган.

Қорақалпоқ фаоли: Шамшетов Нукусда қурол қўлланилган-қўлланилмагани бўйича асосий гувоҳ эди

Қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов: Пўлат Шамшетов Нукусда қурол қўлланилган-қўлланилмагани бўйича асосий гувоҳ эди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:13 0:00

Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетовнинг Бухородаги 4-тергов ҳибсхонасидаги ўлимини “ғалати” деб атаган.

Муратовга кўра, Шамшетов Қорақалпоғистон ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган воқеалар чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ эди.

“Ўзбекистон расмийлари ҳеч қанқа қурол қўлланилмагани айтишмоқда, Human Rights Watch халқаро ташкилоти вакиллари дохил ҳуқуқ фаоллари ҳодиса чоғида ўқотар қурол ва гранаталардан фойдаланилгани ҳақида ҳисоботлар чиқарган. Қорақалпоғистондаги июль воқеаларининг энг муҳим бўлган жиҳатларидан бири бўлган айнан шу ҳолат бўйича Пўлат Шамшетов асосий гувоҳлардан бири эди”, деган Ақилбек Муратов.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) 4 февраль куни вафот этгани ҳақида хабар берилган. Бу маълумотни тасдиқлаган Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари бўйича судланган Шамшетовнинг ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилган.

БП хабарномасида, суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум Шамшетов ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этгани айтилган. Унга ўтган йилнинг 2 июлида “одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлгани”га оид айблов қўйилганди.

Жорий йилнинг 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга мувофиқ, Пўлат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 45- ва 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

МОҚ: Ўзбекистонлик курашчилар Туркиядаги зилзила марказидан олиб чиқилди

Қаҳрамонмарашда зилзила оқибатида юзага келган вайронгарчиликлар

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ёш курашчилар жамоаси зилзила марказидан олиб чиқиб кетилган ва пойтахт Анқарага етказилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Миллий олимпия қўмитаси эвакуация қилинган спортчилар сонига аниқлик киритган эмас.

“Ҳозирда барча ҳамюртларимизнинг саломатлиги яхши. Режага мувофиқ, улар даставвал Туркия пойтахтидан Истанбул шаҳрига йўл олишади ва у ердан Тошкентга қайтиб келишади”, дейилган МОҚ томонидан 7 февраль тонгида тарқатилган хабарномада.

Қўмитанинг душанба кунги хабарномасида велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Алания, байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришаётгани, зилзила бу ҳудудларга катта таъсир ўтказмагани учун машғулотлар режа асосида давом этаётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Туркия жануби-шарқида 6 февраль куни рўй берган 7,8 магнитудали ва 7,6 магнитудали иккита кучли ер силкиниши натижасида, расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 2 минг 921 нафарга етган, 15 минг 834 киши жароҳатланган, 7 минг 840 киши эса вайроналар остидан қутқариб олинган.

Фожиа ортидан Туркияда бир ҳафталик миллий мотам эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқотида зилзила оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этган. Маълумотларга кўра. 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва 100 кишилик қутқарувчилар гуруҳи жўнатилиши режаланган.

Косонсойдаги портлаш натижасида жароҳат олган 5 кишидан бири вафот этди

Наманган вилоятининг Косойсой тумани “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Навбаҳор кўчасида жойлашган уйлардан бирида 7 февраль тонгида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

ФВВ хабарномасида портлаш газ-ҳаво аралашмаси сабабли рўй бергани, ҳодиса ортидан жароҳатланган 4 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилгани айтилган.

Ҳодисани тасдиқлаган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов портлаш чоғида 4 киши эмас, балки 5 киши тан жароҳати олганини, улардан бири, кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан, шифохонада вафот этганини билдирган.

"Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди", деб маълум қилган Ҳ. Шамсутдинов ўз Telegram-канали орқали.

Озодлик бир ҳафта муқаддам Нукус туманидаги 2 қаватли уйда газ портлагани, ҳодиса туфайли 4 одам оғир тан жароҳати олгани ҳақида хабар қилган эди. Ундан аввал эса – 29 январь куни Қорақалпоғистон пойтахтида тўрт қаватли уйда содир бўлган портлаш сабабли 5 киши нобуд бўлгани очиқланган.

БП: Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетов юрак хуружидан вафот этган

Ўзбекистон Бош прокуратура биноси

Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилди. Унга кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура бу хабарни тасдиқлаб, ўлим сабабини очиқлаган.

Қайд этилишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Мазкур кўздан кечириш жараёнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Пўлат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланган.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

“Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган БП хабарномасида.

Пўлат Шамшетовга 2 июль куни “одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлгани”га оид айблов қўйилганди.

Жорий йилнинг 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга мувофиқ, Пўлат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 45- ва 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

“Юксалиш” ҳаракати раҳбари: Педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётини жорий қилиш бўйича шубҳага ўрин йўқ

Иллюстратив сурат

“Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда педофилияда айбланиб, судланган шахслар 25 йил қамоқдан кейин ҳам жамиятга шунчаки қайтарилмаслиги керак, деган фикрда.

Ўз Telegram-каналидаги постида у “педофилия бу шунчаки жиноят эмас”лиги, балки “Халқаро касалликлар квалификациясига киритилган ўта оғир руҳий касаллик” эканига эътибор қаратган.

Унга кўра, педофилия ва жинсий жиноятлар учун энг оғир жазо берилиши ва қўшимча жазо чоралари киритилиши керак.

Бекмуродов педофилларга нисбатан “мажбурий даволаш, кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётларини ҳам жорий қилишда шубҳа бўлмаслиги зарур”лигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда педофилияга қарши жазо чораларини кескинлаштириш лозимлиги юзасидан баҳслар Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни 12 яшар қизчанинг мурдаси топилгани ортидан кучайди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фойдаланувчиларнинг кўпи мамлакат қонунчилигида педофиллар учун берилажак жазо чоралари етарли эмаслигидан нолияпти. Айни пайтда айримлар мамлакатда суд мустақиллиги таъминланмагунича, бундай амалиётни жорий қилиш хатарли эканидан баҳс этишмоқда.

Мирзиёев қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида ширкат тузилишини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Андижонга қилган сафари чоғида билдирган.

Ўз сўзида президент янги ширкатга 200 миллион доллар маблағ берилиши, компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатиши ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотишини қайд этган.

Мамлакатда қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган Мирзиёев жорий йилда Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилиши режалаштирилганини урғулаган. Айни пайтда у Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти борлигини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда электр таъминоти билан асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти шуғулланиб келади. Аномал совуқ туфайли мамлакатда сўнгги уч ҳафта ичида кузатилаётган энергетик коллапс, хусусан электр таъминотидаги узилишлар ортидан ижтимоий тармоқларда мазкур ташкилот иши юзасидан кўплаб танқидий фикрлар айтилмоқда. Айни пайтда узлуксиз таъминот масаласини ҳал қилиш битта корхона фаолияти билан чекланмаслиги, муаммони комплекс ечим топиш юзасидан мулоҳазалар билдирилмоқда.

Мирзиёевнинг Андижондаги нутқидан келиб чиқиладиган бўлса, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ширкат “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибига киритилмайди. Президент янги ташкил этилажак компания бошқарувига ва унинг фаолияти учун зарур ускуналар (хусусан, қуёш панеллар) сотиб олинишига қайси мутахассислар масъул бўлиши, харидлар нақадар шаффоф бўлиши каби масалаларга батафсил тўхталган эмас.

Қозоғистонда автобуси бузилиб қолган 30 дан зиёд ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди

Иллюстратив сурат

Қозоғистон ФВВ вакиллари Жамбил вилоятида автобуси бузилиб қолган 33 нафар ўзбекистонлик ва 18 нафар тожикистонликни қутқаришган.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, ичида 51 нафар йўловчи бўлган автобус 1 февраль тонгида Жуали туманига қарашли Нурликент қишлоғи яқинида (Олмаота-Тошкент автойўлининг 570-километри) бузилиб қолган. Воқеа жойига етиб борган қозоғистонлик қутқарувчилар уларни қишлоқ маданият уйига олиб кетиб, иссиқ овқат билан таъминлашган.

Аниқланишича, ўзбек-қозоқ чегарасидан (Черняевка маскани) йўлга чиққан автобус Қозоғистон пойтахти Остонага кетаётган бўлган. Орасида мактаб ёшига етмаган 5 бола бўлган йўловчилар чоршанба оқшомида Чимкентдан чақирилган бошқа автобус билан кетаётган манзилларига кузатиб қўйилган.

Демократия индекси: Ўзбекистон ҳамон “авторитар режим”ли давлатлар даврасида собит қолмоқда

“Democracy Index 2022” даги кўрсаткичлардан келиб чиқилса, Ўзбекистонда сайлов жараёни сифати ва плюрализм билан боғлиқ аҳвол ҳали ҳам ўта абгор аҳволда эканига гувоҳ бўлиш мумкин

Британиянинг The Economist нашри эълон қилган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 давлат ўртасида ичида 149-ўринни эгаллаган. Ўтган йилги рейтингда мамлакат 150-ўринга қўйилганди.

Ўзбекистон бу йилги рейтингда бир поғона юқорилаган бўлса-да, соҳалар бўйича мамлакатга берилган баллар 2020 ва 2021 йиллардаги даражада қолган. Бу йил ҳам нашр экспертлари мамлакатдаги “сайлов жараёни сифати ва плюрализм” даражасини 0,08 баллга, “ҳукумат фаолияти”ни 1,86 баллга, “сиёсий иштирок”ни 2,78 баллга, “сиёсий маданият”ни 5 баллга, “фуқаровий эркинликлар”ни эса 0,88 баллга баҳолаган.

Кўрсаткичларнинг ўзгаришсиз қолаётгани Ўзбекистоннинг демократлашув жараёнида бир жойда депсиниб турганини, рейтингдаги юқорилаш эса бошқа мамлакатлардаги аҳволнинг янада ёмонлашгани ҳисобига амалга ошаётганини кўрсатади.

Шу тариқа бу йил умумий 2,12 балл йиққан Ўзбекистон “авторитар режимлар” сирасида қолаверган.

“Демократия индекси”дан бу йил ҳам минтақа давлатларидан Қирғизистон (116-ўрин) ва Қозоғистон (127-ўрин) Ўзбекистондан бир қадар олдинда бўлса, Тожикистон (156-ўрин) ва Туркманистон (161-ўрин) орқададир. Бу каби тенденция аввалги йилларда ҳам кузатилган эди.

2006 йилдан бери эълон қилиб келинадиган Democracy Index’да бу йил 9,81 балл йиққан Норвегия биринчи ўринга, 0,32 балл олган Афғонистон эса охирги ўринга қўйилган.

Uzbekistan Airways Тошкент ва Намангандан Россиянинг тўртта шаҳрига парвозларни йўлга қўймоқда

Uzbekistan Airways март ойи охиридан бошлаб Тошкентдан Россиянинг Омск ва Нижний Новгород, Наманган шаҳридан эса Россиянинг Оренбург ва Нижневартовск шаҳарларига қатновларни йўлга қўяди.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йил 26 мартидан эътиборан Uzbekistan Airways учоқлари Тошкент-Омск-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига бир марта - якшанба кунлари, 28 мартдан бошлаб эса Тошкент-Нижний Новгород-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта – сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.

Айни пайтда 27 мартдан эътиборан Наманган-Оренбург-Наманган йўналиши бўйича парвозлар тикланиши билдирилган. “Мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтада бир марта – душанба кунлари амалга оширилади”, дейилган хабарномада.

31 мартдан бошлаб эса Uzbekistan Airways ҳафтада бир марта – жума кунлари Наманган-Нижневартовск-Наманган йўналиши бўйича янги йўналишни йўлга қўяди.

Хабарномада мазкур авиақатновлар Uzbekistan Airways Express бренди остида амалга оширилиши, бу йўловчиларга ҳамёнбоп нархда авиачипталар тақдим этиш имконини яратиши иддао қилинган.

Авиаширкат Россия шаҳарларига янги йўналишлар очилаётгани сабабини изоҳлаган эмас. Аввалроқ Украина уруши манзарасида Марказий Осиё минтақасидан, хусусан Ўзбекистондан Россияга мигрантлар оқими камайгани ҳақида хабар қилинган эди.

АҚШнинг Россияга қарши санкциялари рўйхатига Ўзбекистон фуқароси ҳам киритилди

Вашингтондаги АҚШ Молия вазирлиги биноси

АҚШ Молия вазирлиги Россия ҳарбий-саноат комплексига чекловларни айланиб ўтишда ёрдам бергани учун санкция жорий этилганлар рўйхатини 10 нафар жисмоний шахс ва 12 та корхона ҳисобидан кенгайтирди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

“АҚШ санкцияларини айланиб ўтиш учун Россиянинг “марионетка”лардан фойдаланишга чиранаётгани санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплексига Путиннинг ҳарбий машинаси захиралари тўлдиришда сезиларли даражада қийинчиликлар туғдирганини кўрсатади”, дея иқтибос келтирилган хабарномада АҚШ молия вазирининг ўринбосари Уолли Адейемо сўзларидан.

Вазирлик қайдича, “Зименков тармоғи” деб номланган гуруҳга Исроил ва Россия фуқароси бўлган Игорь Зименков раҳбарлик қилган. Унинг оила аъзоларидан айримлари санкция остида бўлган “Ростех” ва “Рособоронэкспорт” корпорацияларини дастаклашмоқда.

Мазкур тармоққа Кипрда рўйхатга олинган Mateas Limited ширкати директори, ўзбекистонлик Макс Борисович Пифлакс (Maks Piflaks) ва унинг ўғли Гилад Пифлакс ҳам кирган. Айни пайтда Гилад Пифлакснинг Исроил фуқароси экани қайд этилган. 60 ёшли Макс Пифлакс ва унинг ўғли санкция остидаги россияликларга ёрдам берган Исроилнинг DES Defense Engineering Solutions LTD ширкати билан ҳамкорлик қилгани айтилмоқда.

Санкция рўйхатига ота-ўғилдан ташқари Маркс Блатс (Латвия), Серена Би Лин (Сингапур), Игорь Пальниченко (Кипр), Александр Вольфович (Кипр, Исроил), Ариэль Вольфович (Кипр), Станислав Вольфович (Кипр, Исроил), Игорь Зименков (Исроил, Россия) ва Натан Зименков (Россия) киритилган.

Санкция жорий қилинган юридик шахслар рўйхатидан эса DES Defense Engineering Solutions LTD ширкатидан ташқари Сингапурнинг Asia Trading & Construction PTE LTD, Латвиянинг Elektrooptika SIA, Кипрнинг GBD LTD, GMI Global Manufacturing & Integration LTD, Kliosa LTD, Mateas LTD, Pitaron LTD, Terra-AZ LTD, VFC Solutions LTD, Болгариянинг U-Stone LTD EOOD ҳамда Исроилнинг Texel FCG Technology LTD каби ширкатлари жой олган.

Собиқ депутат Расул Кушербаев Табиат ресурслари вазирига маслаҳатчи этиб тайинланди

Расул Кушербаев

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев 1 февраль куни Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бу ҳақда 1 февраль куни маҳаллий матбуотда эълон қилинган хабарларни собиқ депутатнинг ўзи тасдиқлади.

"Бундан буён ҳам мамлакат ривожи, келажаги, тақдири йўлидаги масалаларда фаол иштирок этишдан тўхтамайман. Асосий ишлар ҳали олдинда", деб ёзди Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Кушербаевга янги лавозим Президент Администрацияси томонидан таклиф қилинган.

Яқинда ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлигига аввал Туризм ва маданий мерос вазири лавозимида ишлаган Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланган.

Қуйи палатадаги депутатлар орасида энг кўзга кўрингани бўлган Расул Кушербаев дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, ўринсиз “снос”лар, монополист ташкилотларнинг бошбошдоқлиги дохил қатор ижтимоий масалалар бўйича кўплаб чиқишлари билан танилган.

Кушербаев ўтган йилнинг 23 декабрида депутатликдан истеъфо бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У Қонунчилик палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида шундай қарорга келганини айтган эди.

Расул Кушербаевнинг депутатлик мандатини топшириши мустақил Ўзбекистон парламенти тарихида иккинчи шов-шувли истеъфо бўлган. Илк истеъфо 1992 йилнинг 2 июлида “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ томонидан берилган эди. Муҳаммад Солиҳ ўша пайтда ўз истеъфосини “мухолифатга қарши бошланган сиёсий репрессияларга норозилик” ифодаси дея изоҳлаганди.

ЎТЙ тадбиркорларни Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганидан огоҳлантирди

Ҳайратондаги "Дўстлик" кўприги (архив сурати)

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада ўтган йилнинг 26-30 декабрь кунлари ўзбек расмийлари ва Толибон вакиллари ўртасида Термиз шаҳрида ўтказилган музокаралар давомида 2023 йилнинг 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишларни босқичма-босқич “Афғон темир йўллари” ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича “ҳаракатлар режаси” келишилгани, ўшанда So‘g‘diyona Trans ҳамда Афғон темир йўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати икки томонлама келишилиб, жорий йилнинг 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилгани ҳамда тегишли баённома имзолангани эслатилган.

“Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётганлиги сабабли 1 февралдан бошлаб Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилиши маълум қилинган”, дейилган ЎТЙ хабарномасида.

Икки мамлакат ўртасида темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилгани маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида расмий Тошкент билан Толибон Афғонистон орасида пайдо бўлган совуқликка ишора ўлароқ талқин қилинмоқда.

Ўзбекистон расмийлари билан Толибон вакилларининг икки томонлама шартномалар бажарилиши бўйича ўзаро эътирозлари илк маротаба кузатилаётгани йўқ. Дейлик, бундан 10 кун муқаддам ҳам Толибон шакллантирган ҳукуматда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ўзбекистонни электр энергиясини етказиб беришдаги узилишлар бўйича эътироз билдирган ва икки томонлама имзоланган шартномага мувофиқ, Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришда давом этишга чақирган.

Орадан икки кун ўтиб, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 25 январдан эътиборан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланиши режаланаётгани ҳақида билдирган, Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилганини эса “форс-мажор ҳолати” билан изоҳлаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG