Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:49

Мирзиёев 20 йиллик шартли қамоққа ҳукм этилган Тошкент собиқ ҳокимини яна "қурилиш"га қайтарди


Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Козим Тўлагановнинг 90-йиллардаги сурати.
Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Козим Тўлагановнинг 90-йиллардаги сурати.

Ўзбекистон президентлигига сайланган Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Козим Тўлагановни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан Давлат назорати бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинлади.

Козим Тўлаганов 2006 йилда Тошкент шаҳар суди томонидан иқтисодий жиноятларда айбланиб, 20 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

​Озодлик суҳбатлашган бир неча манбага кўра, янги сайланган президент Тўлагановнинг қурилиш соҳасидаги улкан тажрибасини инобатга олиб¸ ҳукумат таркибига қайтарган.

Озодлик манбаларига кўра, Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси доирасида 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашуви ортидан Козим Тўлагановни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасидаги олти бошқармадан бирининг бошлиғи этиб тайинлаган.

Бу тайинлов ортидан 4 декабрь куни Ўзбекистон президентлигига сайланган Бош вазир Шавкат Мирзиëев Тошкент собиқ ҳокимига пойтахтни ривожлантириш дастури устидан назорат этиш вазифасини юклаган.

Ушбу дастур доирасида 2017-2022 йилларда Тошкентнинг Сергели даҳасида замонавий талабларга жавоб берувчи 500 кўпхонали уйлар қуриш режаланган.

Бундан ташқари, дастурда пойтахтда истироҳат боғлари, яшил ҳудудлар барпо қилиш, метро йўналишлари бўйича қурилишларни тезлаштириш кўзда тутилган.

Озодлик мухбири изоҳ олиш мақсадида қўмитанинг лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан давлат назорати бош бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлаган Козим Тўлаганов идорасига боғланди.

Тўлагановнинг ўтган ҳафтадан иш бошлаганини тасдиқлаган котибаси унинг "муҳим учрашувда" бўлгани сабабли, Озодлик билан суҳбатлаша олмаслигини билдирди.

Рашидов назари

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг собиқ мулозими Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Козим Тўлагановнинг хизмат пиллапояларидан кўтарилиши унинг 80-йиллар бошида Ўзбекистон Коммунистик партиясининг биринчи котиби Шароф Рашидов назарига тушишидан сўнг бошланган:

- Козим Носирович 82-йилда Шайхонтоҳур туманида ( у пайт Октябрь райони дейиларди) Айний номидаги 84-мактабни қурдилар. Шу мактабнинг очилишига Шароф Рашидович ташриф буюрдилар. Мактабни тўла айланиб чиққан Шароф Рашидович, мактаб қурилишидан жудаям миннатдор бўлдилар. Жудаям хурсанд бўлдилар. Қурилиш раҳбарларини сўраб қолдилар. Шунда жудаям бир гавдалик Козим Носирович жудаям ажойиб, содда одам... Шароф Рашидов билан келиб кўришди. Шароф Рашидов у кишини бир қучоқлаб, хурсандчиликдан яна нималардир дедилар-да, эртасига Козим Носирович жудаям катта вазифада иш бошлади. Тошкент шаҳар партия комитетининг қурилиш ва саноат бўлимига мудирлик қила бошлади, - дейди Шароф Убайдуллаев.

Каримов қаҳри

Козим Тўлаганов 1994 йилдан 2001 йилга қадар Тошкент шаҳар ҳокими¸ 2004 йилнинг 29 январига қадар Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари¸ 2004 йилдан 2005 йил 7 ноябрига қадар Тошкент вилоят ҳокими бўлиб ишлади.

Бироқ 2006 йилда иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ Тошкент суди томонидан 20 йил шартли қамоқ жазоси ва давлат бюджетига 1,3 милллион долларга тенг камомадни тўлашга ҳукм қилинди.

Мирзиёев ишончи

Козим Тўлаганов устидан суд жараёнларини ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков Мирзиёев унинг касбий маҳоратига эҳтиёж сезганини айтади:

- Козим Носирович яхши мутахассисдир. У аввал бошдан қурувчилик соҳасида. Эсласангиз, вақтида Ўзбекистондаги барча қурилишларга жавоб берган ташкилот - "Главташкентстрой" бошлиғи эди. Иккинчидан, унинг янги вазифага тайинланиши - бу яхши ишора. Кечирасиз, Козим Носирович, сизни эрта ишдан бўшатибмиз, биз бу камчиликни тузатаяпмиз, дейишмоқчи. Қурилиш ишлари доимо долзарб бўлган ва ҳозир ҳам долзарб. Шу маънода Козим Тўлагановнинг масъул лавозимга тайинланиши ўзини оқлайди, деб ўйлайман, - дейди Сергей Ежков.

Озодлик суҳбатлашган яна бир неча манбага кўра, Шавкат Мирзиёев Козим Тўлагановни муҳим вазифага тайинлар экан, афтидан унинг қурилиш соҳасидаги тажрибасини инобатга олган.​

Козим Тўлаганов 1990 йиллар бошидан 2000 йиллар ўрталарига қадар Тошкентдаги йирик иншоотлар, жумладан Оқсарой ва Ўзбекистон Олий Мажлиси бинолари қурилишига раҳбарлик қилган.

XS
SM
MD
LG