Линклар

Мирзиёев қарори билан яна 150 милиционерга мусодара қилинган уйлар тарқатилди


Тошкентда ИИВнинг 150 профилактика инспекторига хизмат уйи ҳамда шахсий машина топширилди. Шу йилнинг сентябрида ҳам 150 милиционерга квартира берилганди. ​Президент Мирзиёев апрел ойида имзолаган қарор асосида, милиция ходимларига аҳолидан мусодара қилинган квартиралар берилмоқда.

Sputnik нашрининг хабар қилишича, 22 октябр куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида инспекторларнинг қасамёд маросими бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев, Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновлар иштирок этган тадбирда янги инспекторларга хизмат квартираси ва автомобил калити топширилган.

ИИВдан олинган расмий маълумотга кўра, квартира ва автомобиллар Ўзбекистон президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига биноан берилмоқда.

Қарорда милиционерлар учун мўлжалланган турар-жой фонди, маҳаллий ҳукумат балансида турган, иккиламчи бозордан сотиб олинган ва давлат фойдасига мусодара қилинган хизмат квартираларидан ташкил топиши белгиланган.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати эса бу йилнинг охиригача жами 537 милиционерни квартира билан таъминлаш режалаштирилганини билдирган.

Бу Тошкентда ўтказилаётган иккинчи тадбирдир. Биринчи тадбир, шу йилнинг 10 сентябрида бўлиб ўтган ва унда ҳам 150 милиционерга уй ҳамда автомобил берилган.

Тошкентлик мустақил журналист, мусодара қилинган уйлар ҳақида қатор мақолалар муаллифи Алексей Волосевичнинг аниқлашича сўнгги пайтларда ИИВ томонидан, асосан, фоҳишахоналарни аниқлаб, кўпқаватли уйлардаги квартираларни мусодара қилиш ҳоллари кўпайган. Унинг айтишича, милиционерларга ана шундай квартиралар берилмоқда.

Ўзбекистон ИИВ шу йилнинг 20 юлида ўтказган брифинг чоғида Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи муовини Дониёр Тошхўжаев йил бошидан бери шаҳарда 400 та фоҳишахона аниқланиб, "притон"га айлантирилган квартиралар мусодара қилинганини айтган эди.

Мустақил журналист Алексей Волосевиевнинг Озодликка айтишича, Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи муовини Дониёр Тошхўжаев айтган мусодара қилинган квартиралар калити милиционерларга топширилган.

- Ўзбек ҳуқуқ тартибот органлари милиционерларни квартира билан таъминлаш ҳақидаги президент режасини деярли бажариб бўлишди. Фақат яна 137 та притонни аниқлаб, далилий ашë сифатида мусодара қилишса бўлди, - дея таъкидлаган эди Волосевич.

Ўзбекистон президенти шу йилнинг 10 апрелида "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Ушбу қарорга биноан профилактика инспекторлари улар ишлаб турган ҳудудда жойлашган хизмат уйлари билан таъминланиши лозим.

Шу мақсадда 2018 йилнинг охиригача республиканинг барча вилоятларида милиционерлар учун кўпқаватли уйларда жойлашган 1 минг 327та хизмат квартираси ва 3 минг 829та хизмат уйини топшириш режалаштирилган.

Қарорда хизмат уйларини қуриш, квартираларини эса ҳокимиятлар балансидан ажратиш белгиланган.

Мазкур қарорга биноан берилаётган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган "Матиз" русумидаги автомобилларни эса милиция ходимларининг ўзи олдиндан 15 фоиз, сўнгра ойига 14 фоизлик тўлов билан 10 йиллик имтиёзли кредит асосида сотиб олмоқдалар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG