Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Тошкентдаги “Тозалаш-Антитеррор” тадбирида паспорти борлар ҳам ушланди


Қўйлиқда вилоятликларни овлаш учун келган милиция автобуси
Қўйлиқда вилоятликларни овлаш учун келган милиция автобуси

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг ходимлари томонидан ўтказилаётган “Тозалаш-Антитеррор” тадбирида пойтахтга ўз юмуши билан келган вилоятликлар ҳам ушлаб олиб кетилмоқда. Бу ҳақда Озодликка ана шундай тадбир жабрланувчиси бўлган водийлик тадбиркорлардан бири шикоят қилди. Унинг айтишича, қарийб 20 нафар ана шундай “исталмаган” меҳмонлар, ички ишлар бўлимида бармоқ изи олинганидан сўнг қўйиб юборилган.

Тошкентдаги “Тозалаш-Антитеррор” тадбирида паспорти борлар ҳам ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Тошкент шаҳрига 13 декабрь куни келган ва ишларини бажариб 14 декабрь куни уйига қайтмоқчи бўлган фарғоналик тадбиркорнинг айтишича, милиция ходимлари уни мажбуран ички ишлар бўлимига олиб боришган:

“Кеча тадбиркорлик ишим бўйича Тошкентга келгандим. Ишимни битириб, бугун эрталаб уйга қайтмоқчи бўлиб Қўйлиқдаги водийга қатнайдиган таксилар питагига бордим. Ўша ерда турганимда бир милиционер келиб, ўзини ҳам таништирмасдан “ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик”, деди. Паспортимни кўриб, “юринг идорага, текшириб қўйворамиз”, деди. Мен, “тинчликми, нима муаммо”, десам, икки милиционер қўлтиғимдан олиб автобусга тиқишди”, дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, шундан сўнг улар Бектемир тумани ички ишлар бўлимига олиб борилган:

“Автобусда 15 киши эдик. Сўраб суриштирсам ҳаммалари қандайдир юмуш билан Тошкентга келган вилоятликлар. Ҳамманинг паспорти бор. Ички ишлар бўлимида биздан бармоқ изи олишди, сўраб суриштиришди. Икки соатдан сўнг қўйворишди. Бизга худди жиноятчидай қўпол муомалада бўлишди. Менинг паспортим ёнимда бўлса, бирор жиноят содир қилган бўлмасам, тинчгина уйга кетаётган йўловчи бўлсам, буларни нима ҳаққи бор бундай қилишга?”, дейди тадбиркор.

Сурхондарё вилоятидан Тошкентга келиб мардикорлик қилаётган Фахриддиннинг айтишича, укасининг паспорти бўлса ҳам, 10 суткага қамаб қўйишган:

- Укам ҳам Тошкентга келиб мардикорлик қилади. Яқинда милиция ходимлари уни ушлаб олиб, Қўйлиқдаги реабилитация марказига 10 суткага қамаб қўйишибди. Укамнинг паспорти ёнида бўлган ва у ўзининг ҳақлигини исботлаш учун милиция ходими билан тортишиб қолгани сабаб қамоққа тиқишди. Ўн кун ўтириб чиқди. Милиция ходимлари учун қонуннинг, одамнинг қадри йўқ, хоҳлаган ишини қиляпти, дейди Фахриддин.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Азиз Тешабоев бундай тадбирлар хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб борилаётганини айтар экан, паспорти ёнида бўлган фуқаролар ушланмаслигини таъкидлади:

- Агар фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, у қўйворилади. Қилинаётган бу ишлар фуқароларимизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириляпти. Агар паспорти бўла туриб ушлаб кетилган фуқаро бўлса, бизга мурожаат қилсин, деди Азиз Тешабоев.

Тошкент ички ишлар бошқармаси сайтидаги маълумотга кўра, 11 декабрь куни “Тозалаш-Антитеррор” тадбирида 254 нафар шахс текширилган.

Шундан 123 нафар фуқаро бошқа вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келаётганликлари учун уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Амалдаги тартибга кўра, Тошкент шаҳрига бошқа вилоятдан келган ватандош уч кун ичида вақтинчалик рўйхатга туриши шарт.

Ҳар йили байрамлар олдидан Тошкентда "Тозалаш-Антитеррор" тадбири ўтказилиб, доимий ёки вақтинча пропискада турмаган юзлаб ватандошлар жаримага тортилади, мардикорлар ёппасига ушланиб пойтахтдан чиқариб юборилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Совет давридан қолган прописка тизими Ўзбекистон мустақилликка эришгач, нафақат бекор қилинмагани, балки фавқулодда кучайтирилганини, мамлакат Конституциясининг 28- моддасида белгилаб қўйилган бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида бонг уриб келадилар.

XS
SM
MD
LG