Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:59

Тошкентда яна бир ёш йигит ошналари тарафидан уриб ўлдирилди


Тошкентнинг Юнусобод туманида тадбиркор бўлиб иш бошлаган 25 яшар йигит калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда яна норозилик уйғотди. Тармоқ юзерлари бу воқеани Боровский коллежи ўқувчилари ўртасида рўй берган қотиллик билан муқояса қилмоқда.

Ҳодисадан сўнг икки йигит ҳибсга олинди

Юнусобод туман ИИБ вакилининг Озодликка айтишича, бу воқеа 29 июн куни пойтахт марказида содир бўлган.

"Оддий маиший қотиллик. 29 июн куни Ц-5 мавзеида 25 яшар йигитни 23 ва 24 ëшдаги иккита йигит уриб, тан жароҳати етказган. Бош миясининг икки тарафидан лат еган йигит 4 соатлик жароҳлик амалиётидан кейин касалхонада ўлди. Бугун пешин номози пайтида "Минор қабристони"га кўмилди. Ўлимига сабаб бўлган тан жароҳатини етказган икки йигит ҳибсга олиниб, сўроқ қилинмоқда. Улардан бири айбини тўла, иккинчиси эса қисман бўйнига олди", деди ИИБ вакили.

Унга кўра, воқеа юзасидан жиноий иш очилган ва айбдорлар суд олдида жавоб беради.

Тармоқ зудлик билан муносабат билдирди

Пойтахтда яна бир ёш йигитнинг тенгдошлари томонидан уриб ўлдирилгани ҳақидаги хабар қисқа муддат ичида ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, Facebook тармоғи фойдаланувчилари бу ҳол “жазосиз қолишига ишонгани учун қўлига эрк бераëтган ёш йигитчаларнинг иши" сифатида кескин қораланмоқда.

Жумладан, Facebook тармоғининг Омон Усманов, исмли юзери айбдорлар жазоланишига ишонмаслигини ёзди:

“Афсуски, биз қонунни бузиб, “Ҳамма нарса жойида! Крышуха на месте. Акахонлар ҳал қиворади”, деб бемалол айтиладиган жойда яшаяпмиз".

Айни тармоқ юзери Zulya Zulfiya ëшлар ўртасидаги агрессия қаердан пайдо бўлди, деб савол қўяди:

“Бу агрессия ва қонга ташналик қердан бизга ëпишди. Нега золим ва қотилга айландик. Бу қотиллар ҳам Жасурнимнг қотиллари каби сувданб қуруқ чиқмоқчими? Наҳотки ҳамма нарсани пул ҳал қилади? Нега бу воқеани матбуот ëритмаяпти. Нега ТВ ва медиа муҳокама қилмаяпти?!"

Юзерлар яна Жасурни ёдга олди

Тармоқ фаолларидан бирининг Озодликка айтишича¸ шаҳар ëшлари ўртасидаги навбатдаги зўравонликка, тармоқларда бу қадар фаоллик билан муносабат билдирилишига сабаб Боровский номидаги тиббиёт коллежининг ўқувчиси Жасур Иброҳимовнинг тенгдошлари томонидан калтаклаб ўлдирилишидир.

Ўлган талаба ҳимоясига чиққанлар
Ўлган талаба ҳимоясига чиққанлар

Жасур Иброҳимов май ойида тенгдошлари билан муштлашувда оғир жароҳат олган ва қарийб 1 ой шифохонада ётгач, оламдан ўтган эди.

Унинг вафоти ҳақидаги хабар бир кун ичида Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларда шиддат билан ёйилган ва Ўзбекистонда шу пайтгача мисли кўрилмаган ижтимоий фаолликка туртки берган эди.

Тармоқларда хабар берилганидан бир кун ўтиб 400 га яқин фаол Тошкентдаги "Бобур" боғида йиғилган ва ИИВ ходимлари улар билан учрашиб, воқеани назоратга олганини билдирган ва жиноятчилар жазоланишини ваъда қилган эди.

Ҳар икки ҳодисага фаоллик билан муносабат билдираётган тармоқ фойдаланувчилари ўсмирлар ва ёшлар ўртасида авж олаётган зўравонлликка барҳам бериш, бунга бефарқ қолаётган ўқув даргоҳлари ва давлат ташкилотлари масъулларига чора кўришни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG