Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2022, Тошкент вақти: 15:14

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентдан шаҳарлараро автобус қатнови вақтинча бекор қилинди

"Тошкент" автовокзалидан қатнайдиган автобуслар

Жорий йил 25 февралида пойтахт Тошкентдан шаҳарлараро қатнайдиган барча автобус рейслари бекор қилинган.

“Тошкент” автовокзали матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор олинишига об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги сабаб бўлган.

Мазкур автовокзалдан шаҳарлараро 17 та йўналиш бўйича автобус қатнайди.

Аввалроқ “Ўзгидромет” жорий ҳафта сўнгигача мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақида маълумот тарқатган.

Кун янгиликлари

Uzbekistan Airways 30 январдан Россияга рейслар сонини кўпайтирмоқчи

Иллюстратив сурат.

Uzbekistan Airways 30 январдан бошлаб Намангандан, кейинроқ эса Фарғонадан Россия шаҳарларига авиақатновлар сонини кўпайтирмоқчи.

ТАССнинг хабар беришича, рейслар “Шарқий хаб” лойиҳаси доирасида кўпайтирилади.

Лойиҳага асосан ҳар якшанба куни "Наманган - Москва - Наманган" рейси амалга оширилади. 31 январдан бошлаб эса Намангандан Пермь, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар ва Екатеринбургга мунтазам рейслар йўлга қўйилади.

Иккинчи босқичда мана шу каби авиақатновлар Фарғона аэропортидан ҳам амалга оширилади.

Uzbekistan Airways мазкур рейслар “тўлиқ эконом-класс” форматида Airbus A320 самолётларида амалга оширилишини, бунинг оқибатида чипталар нархи 20 фоизга арзонлашини билдирмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг билдиришича, айни пайтда Ўзбекистондан Россияга ҳафтасига 22 та рейс амалга оширилмоқда.

Россияда Сурияга кетмоқчи бўлган яна бир ўзбекистонлик қўлга олинди

Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган Ўзбекистон фуқароси Сурияга кетмоқчи бўлган пайтда ДХХ ва Федерал хавфсизлик хизмати ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ телеграм каналида маълум қилинди.

Расман билдирилишича, қўлга олинган шахс Россияга кетгунига қадар Қашқадарё вилоятида яшаган. У Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган. Айни пайтда қўлга олинган шахс Ўзбекистонга олиб келинган ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати 12 январь куни Россияда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон фуқароси, 1987 йил Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Х.,қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Андижон туманида яшовчи 12 нафар аёл эса 16 январь куни “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳига аъзо бўлганликда гумонланиб қўлга олинган.

Тошкентда коронавирусга қарши эмланмаган мингдан ортиқ ходим вақтинча ишдан четлатилди

ЎзАнинг хабар беришича, 17 январь куни тегишли ташкилотлар томонидан Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши эмланиши бўйича 305 та тадбиркорлик субъекти ва 203 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилган.

Текширув натижасида тадбиркорлик субъектларининг 359 нафар, бюджет ташкилотларининг 885 нафар ходими эмланмагани аниқланган. Вакцина олмаган ходимлардан 1044 нафари ишдан вақтинча четлатилган, 200 нафарига жарималар қўлланилган. 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 январь куни коронавирусга чалинганлар сони кундан-кунга кўпайиб бораётгани ва бир кун ичида коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1214 та ҳолат қайд этилганини билдирди. Бу пандемия бошидан бери кундалик касалланиш бўйича кузатилган янги рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Янги мамлакатнинг янги дафтари: “Меҳр дафтари”га оид низом тасдиқланди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январь куни имзоланган қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида “Меҳр дафтари”га киритилади ва ундан чиқарилади.

“Меҳр дафтари” тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади.

Мазкур ахборот тизими жорий йилнинг 1 февралигача амалиётга жорий этилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари “Меҳр дафтари”ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида “Меҳр дафтари”дан чиқарилади. Бунда, ҳужжатда қайд этилишича, дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Уларнинг бандлиги таъминланмаган ҳолатларда “Меҳр дафтари” ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда “Меҳр дафтари” тизими президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил август ойида етим болалар ҳимоясига қаратилган иккита қарор имзолаши ортидан жорий этилган. Шундан сўнг кузда ҳукумат мазкур тизим фаолиятини ташкил этишга оид қарор чиқарган.

Бунгача мамлакатда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Хотин-қизлар дафтари” каби тизимлар ишга туширилган эди.

COVID-19: Аксилрекорд яна янгиланди – бу гал 1200 нафардан зиёд киши хасталикка чалинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 январь куни Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1214 та ҳолат қайд этилганини очиқлади.

Бу пандемия бошидан бери кундалик касалланиш бўйича кузатилган янги рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. Аввалги рекорд бундан икки кун муқаддам кузатилган бўлиб, ўшанда 1037 нафар киши коронавирусга чалингани билдирилган эди.

Бугунги кўрсаткич билан Ўзбекистон бўйлаб COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 208 минг 271 нафарга етган.

Вирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётганига мамлакатга Omicron штамми кириб келиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

ССВ қайдича, кеча барча ҳудудларда 640 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 200 минг 512 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 525 нафарга етганини қўшимча қилган.

ФВВ об-ҳаво шароити туфайли “Тахтақорача” довони ёпилганини билдирди

Иллюстратив сурат

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони 19 январь тонгидан бошлаб автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қарорнинг олинишига “М-39 автомобиль йўлининг довон қисмида тинимсиз ёққан қор оқибатида йўлнинг юза қисмида музламалар ҳосил бўлгани” сабаб бўлган.

Вазирлик ҳозирда Самарқанд вилоят ФВБ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани, тозалаш ишлар поёнига етгач, довон қайта очилишини қўшимча қилган.

12 туп дарахт можароси: Андижонда ободонлаштириш бошқармаси раҳбарига қарши жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат

Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахтнинг ноқонуний кесилиши ортидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо элдор қарағайлари кесиб ташлангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта охирида хабар қилган эди.

Даставвал мазкур дарахтлар вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов буйруғи асосида кесилгани иддао қилинган. Бироқ ҳокимлик буни рад этиб, қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилишини билдирган.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганган Бош прокуратура ишчи гуруҳи 12 туп қарағайнинг ноқонуний кесилиши учун Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. масъул эканини аниқлаган. Мазкур дарахтлар кесилгани оқибатида табиатга 115,5 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани айтилмоқда.

Текшириш натижасига кўра, мулозим Ғ.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Истанбулдан Урганчга учаётган учоқ об-ҳаво шароити туфайли Тошкентга қўнишга мажбур бўлди

Истанбул-Урганч йўналиши бўйлаб парвоз қилаётган учоқ об-ҳаво шароитининг ёмонлиги (қор ёғиши кучайгани) важидан 18 январь оқшомида Тошкентдаги аэродромга қўнишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Uzbekistan Airways авиаширкатига қарашли мазкур учоқ бортида 98 нафар йўловчиси билан пойтахтдаги аэропортга маҳаллий вақт билан соат 19:29 да қўнгани, йўловчилар 19 январь тонгигача меҳмонхонага жойлаштирилгани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, учоқ Тошкентдан Урганчга эрталабки 07:15 да учиши кутиляпти.

Uzbekistan Airports вакиллари шиддатли қор туфайли 18 январь куни Урганч аэропорти вақтинча ёпилгани, шу сабабли Қозон – Урганч ва Москва – Урганч рейслари ҳам амалга ошмай қолганини билдиришган. Мазкур рейслар ҳам чоршанба тонгида амалга оширилиши қўшимча қилинган.

Андижонда 12 аёл “ҳизбчи”ликда гумонланиб қўлга олинди

Андижон туманида яшовчи 12 нафар аёл 16 январь куни “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг “Аёллар қаноти” гуруҳига аъзо бўлганликда гумонланиб қўлга олингани тўғрисида 18 январь куни вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Аёллар ДХХ Андижон вилояти бошқармаси, Андижон вилояти ва тумани ИИБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида ушланган.

Билдирилишича, 12 нафар аёл Андижон туманида яшовчи фуқаро М.М.,нинг хонадонида тўпланиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти фаолиятини тарғиб қилувчи “диний ўқишхонлик қилиб келаётганлиги аниқланди”.

“Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида ушбу аёллар ҳозирда Туркия давлатида бўлган 1972 йилда туғилган аёл М.Х.нинг кўрсатмаси асосида тез-тез бир бирларининг хонадонларида зиёфат баҳонасида йиғилишиб, М.Х.,дан ижтимоий тармоқлар орқали “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти ғоялари бўйича сабоқ олиб келишаётганлиги аниқланди”,-дейилади расмий билдирувда.

Сўнгги пайтларда ДХХ ва ИИВ томонидан Ўзбекистонда ўнлаб фуқаро турли экстремистик диний оқимларга аъзоликда гумонланиб қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда.

Сўнги марта Давлат хавфсизлик хизмати 12 январь куни Россияда жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Сурияга кетмоқчи бўлган вақтида Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани тўғрисида хабар берди.

Тошкент шаҳар суди Юлдуз Усмонова муаллифлик ҳуқуқини бузганини тасдиқлади

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 18 январь куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова муаллифлик ҳуқуқини бузганини тасдиқлади ва Мирзо Улуғбек туманлараро суди ўтган йилнинг 29 октябрида чиқарган қарорни ўзгаришсиз қолдирди.

Юлдуз Усмонова Мирзо Улуғбек туманлараро суди қарори юзасидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритган эди. Суд Усмонованинг шикоятини қаноатлантирмади.

2021 йил 20 сентябрь куни шоир Йўлчи Рўзиев Юлдуз Усмонова унинг “Хаста бўлма” шеърини қўшиқ қилиб айтгани ва бир неча йилдан бери мазкур шеър учун қонунда белгиланган тартибда ҳақ тўламай келаётганидан шикоят қилганди.

Мирзо Улуғбек туманлараро суди 2021 йил 29 октябрда Юлдуз Усмонова шоирга маънавий зарар учун 50 миллион сўм компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробари, яъни 135 миллион сўм миқдорида етказилган зарар ҳисобига товон пули тўлаши шартлиги тўғрисида қарор чиқарган.

“Апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида кассация шикояти (протест) берилиши мумкин”,-дейилади Тошкент шаҳар суди хабарида.

Фарғонада бир хонадонда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Фарғона шаҳар “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини Абдулла Қодирий кўчаси 43-уй, 44-хонадонда 14 январ куни соат 13:00 да ис газидан уч киши заҳарланди.

Расман билдирилишича, заҳарланганлардан икки нафари уй эгалари бўлиб, улар воқеа жойида вафот этган. Учинчи киши эса хонадонга меҳмонга келган. У оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган. Лекин тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан вафот этган.

Фарғона шаҳар ҳокимиятида мазкур фавқулодда вазиятни ўрганиш бўйича комиссия ташкил этилди.

Ўтган йилнинг 15 декабрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистонда 2021 йилнинг январидан 15 декабрига қадар ис газидан ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши оқибатида юзага келган портлашлардан 125 киши ҳалок бўлгани ва 115 киши жароҳатлангани тўғрисида маълум қилди.

Мутахассисларнинг билдиришларича, бу каби ҳодисалар фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш оқибатида юз бермоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда ушланган шахс ўзбекистонлик эканини инкор этди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти "Жибек жоли" ўтиш пунктида 17 январь куни қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 18 январь куни расман баёнот берди.

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси бу борада Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан маълумот олган.

Ушбу маълумотда қўлга олинган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги билдирилган.

Аввалроқ Қозоғистонлик чегарачилар бошқа кучишлатар идоралар ходимлари билан биргаликда Туркистон вилоятидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш масканида Чимкентдаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган ўзбекистонликни қўлга олгани хабар қилинган эди.

Ўшанда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетишга уринган бу шахс 1993 йилда туғилган Е., исмли шахс эканини маълум қилган.

Академик Бахтиёр Назаров вафот этди

Бахтиёр Назаров 1945 йилда Тошкентда туғилган.

Йирик ўзбек адабиётшуноси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бахтиёр Назаров 18 январда 77 ёшида вафот этгани тўғрисида Фанлар академияси маълум қилди.

1945 йил Тошкентда туғилган Бахтиёр Назаров 1966 йилда ТошДУни тугатган. У 1969 йилдан 1973 йилгача Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ишлади. Кейинроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари ва вице-президент вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Назаров 1990—92 йилларда президент маслаҳатчиси, 1992—94 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 1986-94 йилларда “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг бош муҳаррири бўлган.

Назаров ўрта мактабнинг 9-, 11-синфлари учун “Ўзбек адабиёти”, олий мактаб учун “XX аср ўзбек адабиёти тарихи” дарсликларининг муаллифларидан бири.

Мудофаа саноати қўмитаси: Ўзбекистонда маҳаллий дронларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган "Lochin" дрони (видеодан скриншот)

Ўзбекистонда Марказий Осиёда илк бор учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Мудофаа саноати давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Иддаога кўра, “халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган” Lochin дронлари қўмита тасарруфидаги Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан ишлаб чиқилган. Марказ учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур йиғув жамланмалари, технологик ва махсус ускуналар, текшириш (тест лаборатория) мосламалари каби технологик жиҳозлар билан тўлиқ таъминлангани айтилмоқда.

Айни пайтда Мудофаа саноати қўмитаси мазкур дронлар қайси ҳудудда йиғилаётгани, уларни ишлаб чиқишда қайси мамлакат технологиясидан фойдаланилгани, битта дронни йиғиш қанчага тушаётгани ҳамда бу аппаратларни келажакда хорижга экспорт қилиш истиқболи бор-йўқлигига оид саволларга аниқлик киритган эмас.

Қўмита вакилларининг урғулашларича, Lochin дронлари бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефт ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим обектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 207 минг нафардан, қурбонлар сони 1520 нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2022 йил 17 январь ҳолатига кўра, 207 минг 57 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 935 киши коронавирусга чалинган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда хасталикка чалиниш бўйича кундалик кўрсаткичнинг кескин ошиб кетганига мамлакатга Omicron штамми кириб келиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Душанба куни мамлакат ҳудудлари бўйлаб 679 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 199 минг 872 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 522 нафарга етганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG