Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:09

Трамп Эрдўғонни муваффақиятли ўтказилган референдум билан табриклади


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва АҚШ президенти Дональд Трамп.

Президент Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга қўнғироқ қилиб, унинг ваколатларини оширадиган референдум муваффақиятли ўтгани билан табриклади¸ деб баëнот тарқатди Оқ уй.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти, Европа кузатувчилари ва Туркия мухолифати овоз бериш давомида қонун бузилиш ҳолатлари кузатилганини айтмоқда.

Туркия Марказий сайлов комиссияси 16 апрель куни кечқурун сайловчиларнинг 51,4 фоизи конституциявий ўзгаришларни қўллаб овоз берганини маълум қилди.

Эрдўғон танқидчилари референдумнинг борган сари авториратлашиб бораётган президентга ҳаддан ташқари кўп ваколат беришидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Оқ уй 17 апрель куни эълон қилган баëнотда ёзилишича, Трамп Эрдўғон билан АҚШ 7 апрель куни Сурия ҳарбий базасига қилган ҳаво ҳужумини ҳам муҳокама қилган. Мазкур ҳужумга президент Башар ал-Ассад кучларининг исёнчилар назоратидаги Идлиб шаҳрида кимёвий қурол ишлатгани асос бўлган эди.

Баëнотга кўра, иккала президент Ассадни жавобгарликка тортиш муҳим деб ҳисоблайди.

17 апрель куни референдум натижаларига норозилик билдирган минглаб одам Туркия бўйлаб намойишга чиқди.

Намойишчилар референдум қоидаларига сўнгги дақиқада киритилган ўзгаришларга қарши чиқмоқда. Янқи қонунга биноан бир миллиондан ошиқ муҳрланмаган сайлов қоғози ҳисобга олинди.

Халқаро сайлов кузатувчилари ва АҚШ Давлат департаменти ҳам мазкур камчиликларни танқид қилди.

Давлат департаменти референдум бўйича эълон қилган расмий баëнотда Туркия ҳукуматини ўзгача қарашларни ҳурмат қилиш ҳамда мухолиф партиялар билан сиёсий мулоқот олиб боришга чақирди.

“Анқара ҳукуматини¸ қандай овоз берганидан қатъий назар¸ барча туркияликларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга чақирмиз”, дейилади баëнотда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси Туркиядаги референдумнинг демократик стандартларга мос ўтмаганини таъкидлади.

Кузатувчилар референдум кампаниясининг ҳам “кучлар тенг бўлмаган майдонда” ўтказилгани ва сайлов қоғозларини санаш давомида қоидалар ўзгартирилганига эътибор қаратмоқда.

Эрдўғон бу танқидларга Туркия кузатувчиларнинг “сиёсий мақсадларни кўзловчи ҳисоботларини кўрмайди, эшитмайди ёки тан олмайди”, дея жавоб берди.

Президент Анқарада ўзини қўллаб озов берганлар олдида қилган чиқиши давомида мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши юзасидан референдум ўтказилишини айтди.

Эрдўғон яна референдумда маъқулланса ёки парламент тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқса, ўлим жазосини қайта тиклашни ҳам ваъда қилди. Бу ҳаракат Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига автоматик равишда тўсиқ қўяди. Мамлакатда ўлим жазоси 2004 йил бекор қилинган эди.

Айни пайтда Туркия вазирлар кенгаши ўтган йилги муваффақиятсиз давлат тўнтариши уринишидан кейин жорий қилинган фавқулодда ҳолат режимини яна уч ойга узайтиришга ҳозирлик кўрмоқда. Мазкур қонун лойиҳасини аввал парламент кўриб чиқиши керак.

XS
SM
MD
LG