Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Инфляция ва қимматчилик моне эмас. Марказий осиёлик мигрантлар нега Туркияга интилади?


Анталиядаги қирғизистонлик мигрантлар.
Анталиядаги қирғизистонлик мигрантлар.

Рекорд даражадаги инфляция ва миллий валюта қадри тушиб кетганига қарамай Туркия ҳамон марказий осиёлик мигрантлар, айниқса аёллар учун оммабоп йўналиш бўлиб қолмоқда. Молиявий бўҳронлар мигрантларга жиддий зарба бўлди, бироқ барибир кўпчилик уйига қайтиб кетишни истамаслигини айтмоқда.

Тожикистонлик Мушарраф Қосимова курорт шаҳар Анталядаги бир хонадонда фаррош ва энага бўлиб ишлайди. У қарийб етти йил бурун тузукроқ иш излаб Туркияга келган.

Илгари Душанбе касалхоналаридан бирида котиба бўлиб ишлаган Мушарраф Тожикистонда ойликлар камлигини, яхши иш топиш қийинлигини айтади.

“Туркияга амакивачча укам билан келганман. У Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Туркиядаги ўзбек оилаларини танийди. Ўша дўстлари кўмагида биз иш ва бошпана топдик. Нарх-наво ошиб кетиб, кун кечириш анчагина оғирлашган бўлса-да, ҳаётимиздан мамнунмиз”, дейди аёл.

Истанбулдаги озиқ-овқат бозори.
Истанбулдаги озиқ-овқат бозори.

Оммабоп йўналиш

Марказий Осиёдан юз минглаб киши Туркияда ишламоқда, улар орасида кўплаб аёллар бор. Туркия Марказий Осиё учун Россия ва Қозоғистондан кейин энг оммабоп миграция йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Туркияда қарийб 145 минг ўзбекистонлик мигрант ишлаган ва чет элда ишлаётган барча Ўзбекистон фуқароларининг (тахминан 2,4 миллион нафар) 6 фоиздан кўпроғини ташкил қилади.

Шунингдек, Туркияда салкам 30 минг чоғли қирғизистонлик мигрантлар ишламоқда, Марказий Осиё мамлакатларига мансуб энг йирик маҳаллий жамоат эса туркманларга тегишли – тақрибан 230 минг киши.

Турк ҳукумати қайдларида мамлакатда истиқомат қилаётган Туркманистон фуқароларидан қарийб 120 минг нафари яшаш рухсатномаси, яна 95 минг нафари эса қисқа муддатли виза олгани айтилган.

Туркиядаги марказий осиёлик мигрантларнинг ҳақиқий сони расмий қайдлардагидан анча кўп, деб ҳисобланади, чунки аксар мигрантлар визаси муддатини узайтирмайди ва у ерда ноқонуний ишлайди.

Туркиядаги айрим туркманларнинг паспортлари муддати ҳам ўтиб кетган, чунки репрессив қонун-қоидалари билан танилган Ашхобод элчихоналарга ўз фуқароларининг муддати ўтган ёки йўқотилган ҳужжатларини тиклаш ва янгилашни тақиқлаб қўйган.

“Лира жадал қадрсизланмоқда”

Туркияда 2018 йилда бошланган молиявий инқироз ҳануз давом этмоқда. Инфляция мигрантларга катта зарар етказди. Инфляция тўрт йилда 80 фоиздан ошиб кетди. Бу сўнгги йигирма йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Истеъмол моллари мисли кўрилмаган даражада қимматлашди. Кремль Украинада уруш бошлагач ва ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан сўнг ўзига тўқ россияликлар мамлакатни тарк этишди, уларнинг аксари Туркияга кўчиб келди. Бу эса Анталя ва бошқа турк шаҳарларида шусиз ҳам қиммат бўлган уй-жой нархларини осмонга чиқариб қўйди.

Миллий валюта – лиранинг қадрсизланиши мигрантлар оиласига жўнатадиган пул миқдори камайишини билдиради.

“Мен ойлигимни лирада оламан ва уйга жўнатиш учун уни долларга айирбошлайман. Лира қадри жуда тез тушиб кетяпти”, дейди Мушарраф Қосимова.

Шунча молиявий чайқалишларга қарамай, марказий осиёлик кўплаб мигрантлар Туркиядан кетишни истамайдилар. Аёвсиз воқелик шуки, уларда бундан яхшироқ танлов йўқ.

Россия ҳамон собиқ совет республикаларидан ишчи кучи қабул қилувчи асосий мамлакат бўлиб турибди, бироқ Украинага босқиндан сўнг у миграция йўналиши сифатида жозибадорлигини йўқотмоқда. Кўп мигрантлар Россиядаги иқтисодий беқарорликдан чўчишади, зеро халқаро санкциялар таъсири борган сари ортяпти, қолаверса эркакларнинг мажбуран урушга сафарбар қилиниши хавфи ҳам бор.

Сўнгги йилларда айрим марказий осиёликлар Буюк Британиядан мавсумий иш топишяпти, яна баъзилар Европа иттифоқи ва Қўшма Штатларга ўтиб кетишга муваффақ бўлмоқда, аммо бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Шусиз ҳам миграция муаммосидан безиб қолган Ғарб мамлакатлари эса Марказий Осиёдан ишчи кучи қабул қилишга ҳавасманд каби кўринмайди.

Ватандаги қашшоқлик

Марказий Осиёдаги сурункали ишсизлик ва ойлик маош жуда камлиги сабабли мигрантлар ватанларига қайтишни хоҳламаслиги табиий. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда жуда кўп оилалар уларнинг пул ўтказмалари ҳисобига кун кечиради.

Қирғизистонлик собиқ муаллима Саодат Омурбекова Туркияга тўрт йил муқаддам иш излаб келган эди. У Анталяда қаҳвахонадан иш топгунча уч йил қариялар ва ётоқ касалларга ҳамширалик қилган.

“Қирғизистонда ўз касбим бўйича ишлардим, лекин ойлигим жуда кам эди. Болаларимнинг ўқишига пул топиб бермасам бўлмасди, шу боис ишдан бўшаб, кўпроқ пул ишлагани Туркияга келдим”, деди у Озодлик билан суҳбатда.

Туркиядаги марказий осиёлик мигрантларнинг кўпчилиги аёллар бўлиб, улар хусусий уйларда ҳамшира, оқсоч ва энага бўлиб ишлашади. Омади чопганлар меҳмонхона ва хизматлар бизнесига жойлашишга муваффақ бўлишган, катта шаҳарларда гўзаллик салони ёки кийим-кечак дўкони очиб, ўз бизнесини йўлга қўйганлар ҳам бор.

Туркияда ишлашнинг паст-баландлари

Озодлик билан суҳбатда айрим мигрант аёллар муаммоларга асосан турк тилини, Туркия қонунларини ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик туфайли йўлиққанларини айтишди.

Қирғизистонлик Мээрим Ашарбек қизи тўрт йил олдин, Истанбулга илкдафъа келганида собиқ иш берувчиси – турк оиласи тарафидан эксплуатация қилинганини сўзлаб берди.

“Мени кечаси алламаҳалгача ишлатишарди. Ниманики буюришмасин, бажарардим. Турк тилини билмаганим учун эътирозимни айта олмасдим. Масалан, фалон соатдан кейин ишлашга мажбур эмасман, деёлмасдим”, дейди у.

Ахийри Мээрим ишдан бўшаб, Қирғизистонга қайтиб кетади. Бироқ, ватанида иш топа олмагач, Туркияда яна бир карра омадини синаб кўришга қарор қилади.

Ҳозирда у Истанбулда, бир хонадонда оқсоч бўлиб ишламоқда. Хўжайинлардан ҳам ёлчиган, “янги жойимда мени ўз қизларидек кўришади”, дейди аёл.

Марказий осиёлик бир ишчи Туркияга ишлагани келаётган ватандошларини, айниқса аёлларни бўш иш ўринлари ҳақидаги шубҳали эълонларга алданмасликка чақирди. Унинг фикрича, иш бўйича ишончли таклиф ёки Туркияда таниш-билишлар бўлган тақдирдагина йўлга чиқиш керак.

Форум

XS
SM
MD
LG