Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 12:38

Ўзбекистон хабарлари

Registon TV: Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилинмайди

Абдукарим Мирзаев

Истанбулда маҳаллий полиция томонидан ҳибсга олинган журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев Туркиядан депортация қилинмайди. Бу ҳақда Мирзаев фаолият олиб бораётган Registon TV онлайн телеканали Истанбул Миграция идорасидан (Göç idaresi) олинган маълумотларга таянган ҳолда маълум қилди.

А. Мирзаевнинг ҳамкасблари “унинг озод этилиши вақт билан боғлиқ масала” эканини қайд этганлар.

Туркиянинг Кастамону университети магистранти бўлган 38 ёшли Абдукарим Мирзаев шу йил 11 декабрида қўлга олингани ҳақидаги хабар 19 декабрда пайдо бўлганди. У “шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлгани” учун қўлга олингани айтилган.

Бу хабар ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси А. Мирзаевнинг Туркияда қўлга олинишига расмий Тошкентнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот тарқатган. БП унга нисбатан Ўзбекистонда очилган бирор жиноят иши йўқлиги ва ўзи ҳам қидирувда эмаслигини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев Ўзбекистондаги фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” ва "Ўзбекистон" телерадиоканалларида ишлаган.

Сўнгги вақтларда Туркияда яшаётган А. Мирзаев YouTube тармоғи орқали диний, фалсафий ва ижтимоий мавзуларда чиқишлар қилаётган эди.

Кун янгиликлари

Эллик ёшдан ошганлар ва ОТМ ўқитувчилари коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор, ССВ қайдича, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Махсус комиссиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида куни кеча ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда аввало касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь ҳолатига кўра мамлакат бўйлаб коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106 минг 847 нафарга етгани, ўтган кеча-кундузда 395 нафар киши коронавирусга чалинганини маълум қилган.

Сенатнинг галдаги ялпи мажлисида диний эркинликка оид қонун муҳокама қилинади

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 25 июнь куни чақирилади. Бунга оид қарор Сенат кенгашининг 21 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган, дея маълумот тарқатди юқори палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, видеоконференцалоқа тарзида жума куни ўтказижак галдаги ялпи мажлисда дастлаб Сенатнинг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, унинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.

Шундан сўнг мажлисда “Расмий статистика тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Ялпи мажлис чоғида Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳам режаланган.

Шунингдек, 25 июнь куни сенаторлар томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг “Газпром”идан табиий газ сотиб ола бошлади

Россиянинг “Газпром” ширкатига газ сотган Ўзбекистон эндиликда сотувчидан харидорга айланди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги газ сотувчи концерн ҳисоботидаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳисоботга мувофиқ, 2018 йили Ўзбекистон “Газпром”га 3,8 миллиард куб метр газ сотган, 2019 йили бу миқдор 4,9 миллиард куб метргача оширилган, 2020 йилдан газ сотишни тўхтатган. 2021 йилнинг илк чорагида Ўзбекистондан “Газпром”га газ сотилмаган.

Билъакс, “Газпром” 2020 йилдан эътиборан Ўзбекистонга туркман газини сота бошлаган, ўтган йили мамлакатга 0,9 миллиард куб метр, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 1,5 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

“Газпром экспорт” МЧЖ бош директори Елена Бурмистрова буни Ўзбекистон ичида табиий газга бўлган эҳтиёж ошгани билан изоҳлаган.

Асадов президент сайловига номзодлар кейинги ой охиридан кўрсатила бошлашини билдирди

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов

Ўзбекистонда президент сайлови бўйича сайловолди жараёнига июль ойи охиридан старт берилади. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 21 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда билдирган.

“Америка овози” радиоси мухбирига саволига жавоб бера туриб, Ш. Асадов президент сайловида қайси номзод ва қачон илгари сурилиши кейинги ой охиригача кутилиши лозимлигини қайд этган ва “бу ҳар бир номзоднинг, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи” эканини таъкидлаган.

Мулозимга кўра, Ўзбекистонда президент сайлови жараёнини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

“Биз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссиясини бир неча бор қабул қилдик ва тайёрланиш жараёнини энг олди жаҳон стандартлари, хусусан, ЕХҲТ стандартлари бўйича олиб боришга тайёрмиз”, деган президентнинг матбуот котиби.

Сайловолди жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўринлари жуда муҳим бўлишини урғулаган Ш. Асадов ўзбек расмийлари барча ОАВдан, хусусан, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган чет эл ОАВдан объективлик-холисликни кутишини айтган.

Унга кўра, аккредитациядан ўтган барча хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонга келиб, сайловолди жараёнини бемалол ёритиши мумкин.

COVID-19 тарқалишига қарши тадбир ўлароқ ўзбек-афғон чегараси вақтинча ёпилмоқда

Ўзбек-афғон чегарасидаги Ҳайратон кўприги

Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олган ҳолда ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра қабул қилинган.

ССВ қайдича, мазкур қарорга мувофиқ Афғонистон фуқароларига ҳам туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Айни пайтда “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган ўзбекистонлик ва афғонистонликларга.

Қарор билан “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда, уларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш кўзда тутилган.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади, коронавирусга чалинганликда гумонланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Туркистондан Тошкентга илк парвоз амалга оширилди

Туркистон – Тошкент – Туркистон йўналишидаги авиақатновлар Air Astana ширкати таркибига кирувчи Fly Arystan авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Тошкентга 21 июнь куни илк парвоз амалга оширилди.

Қозоғистоннинг Fly Arystan авиакомпаниясига қарашли самолёт Тошкент халқаро аэропортига илк 180 йўловчини олиб келди.

Ширкатнинг билдиришича, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари Туркистон-Тошкент-Туркистон йўналишидаги рейс Airbus A320 самолётида амалга оширилади. Бир томонга энг арзон чипта нархи 870 минг сўм экани, парвоз 50 дақиқа давом этиши айтилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 2 июнь куни Самарқанд ва Олмаота шаҳарлари ҳамда Тошкент ва Туркистон шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинганини билдирган эди.

Аввалроқ Озодлик март ойидан Қозоғистоннинг SCAT авиаширкати Ақтау – Урганч – Ақтау йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйгани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистон Халқаро молия корпорацияси билан кимё саноатига оид битимни имзолади

Халқаро молия корпорацияси Жаҳон банки гуруҳига мансуб.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси билан Ўзбекистон ҳукумати кимё саноатига сармоя киритишга оид битимни имзолади. Бу ҳақда 21 июнь куни Молия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, кимё саноатига киритиладиган сармоя эскирган ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш, кимёвий маҳсулотларни ва ўғитларни тақсимлаш, сармояларни рағбатлантириш, рақобатбардош соҳани яратиш, юқолри малакали ишчилар учун иш ўринларини кўпайтириш каби ислоҳотларни амалга оширишга сарфланади.

Молия вазирлиги Халқаро молия корпорацияси киритмоқчи бўлган сармоя миқдорини ошкор этмаган.

Расмий хабарларда билдирилишича, 2021 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонга киритган сармоя миқдори 160 миллион доллардан ошган.

Россия 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault йиғишни йўлга қўймоқчи

Россиянинг "Автоваз" ширкати 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни йўлга қўяди. ТАССнинг 21 июнда билдиришича, бу ҳақда ширкат президенти Николай Мор маълум қилди.

Айни пайтда Мор UzAuto фаолият юритаётгани ортидан Ўзбекистонда Россия автомобиллари бозори “унча катта бўлмаган ҳолда қолаверади”.

"Автоваз" 2020 йилда Lada автомашиналари экспорти ҳажми ни 2019 йилдагига нисбатан 19 фоизга қисқартиришга мажбур бўлганди. 2019 йилда мазкур русмули автомашинадан 41 мингтаси экспорт қилинганди. Россияда ҳам "Автоваз" машиналари савдоси 5 фоизга камайган.

2020 йилнинг охирларида президент Шавкат Мирзиёев 2021—2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаган эди. Мазкур дастурга асосан Жиззахда LADA ва Renault автомобилларини йиғишни ташкил этиш режалаштирилган.

Отабек Сатторийнинг апелляция суди 29 июнь куни ўтказилади

Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан 29 июнь куни соат 11:00 да кўрила бошланади.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, маҳкама Сурхондарё вилоят суди биносида ўтказилади.

Шу йилнинг 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топган ва олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Human Rights Watch, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар Сатторийга чиқарилган ҳукмни Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба ва маҳкама хатоси, деб атаган.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Адлия вазирлиги “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этди

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган.

“Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзолар етарли эмас, шунинг учун мазкур партияни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, партия вазирликка тақдим этган ҳужжатлар икки марта ўрганиб чиқилди ва “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмагани аниқланди.

Вазирликнинг таъкидлашича, партияни рўйхатдан олиш учун 20 минг имзо керак бўлади, аммо “Ҳақиқат ва тараққиёт” фақат 9 873 та имзо йиққан.

“Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди”,-дейилади хабарда.

Озодлик 20 июнь куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилгани ҳақида мақола эълон қилган.

Бундан аввалроқ партия асосчиси Хидирназар Аллақулов бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига учраган эди.

ОАВ: Кегайли туманида ишсизлик нафақасини ололмаган фуқаролар йўл тўсди

Норозилик ифодаси ўлароқ йўл тўсган қорақалпоғистонликларга тез орада нафақаси тўлаб берилгани айтилмоқда

Қорақалпоғистоннинг Кегайли туманида ишсизлик нафақасини ололмаган фуқаролар йўлни тўсиб қўйган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг туман расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ҳисобида маблағ бўлмаганлиги боис 2021 йилда ишсизлик нафақасини олаётган фуқароларнинг апрель-май ойлари учун бериладиган нафақа пуллари кечиккан. Шу сабабли 20 киши норозилик намойиши уюштирган.

Хабарда мазкур муаммо тегишли масъуллар томонидан бартараф қилиниб, жами 218 фуқаронинг умумий 120 миллион 330 минг сўм миқдоридаги ишсизлик нафақаси Кегайли тумани Халқ банки томонидан тўлаб берилгани қайд этилган.

Аввалроқ Озодлик Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида нафақаси кечикканидан норози бўлган фуқаролар гуруҳи А. Дўсназаров кўчасида йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар қилганди.

Ёш томошабинларга “номаъқул саҳналар”ни намойиш этган “Ақлвой” масъулларига танбеҳ берилди

Кичик ёшдаги болаларга “номаъқул бўлган саҳналар”ни намойиш этган “Ақлвой” телеканали ижодкорлари керакли танбеҳни олган. Бу ҳақда телеканал маъмурияти маълумот тарқатди.

“Улар яна бир бор Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун талаблари билан таништириб чиқилди ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинади”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ “Ақлвой” телеканали орқали намойиш этилган “Шахризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларидаги иккита лавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилган. Тармоқ фойдаланувчилари мазкур мультфильмлардаги яланғоч аёллар сурати ва ўпишиш саҳналари кўрсатилгани юзасидан ўз норозиликларини изҳор қилганлар.

Бу таъна-дашномлар ортидан “Ақлвой” телеканали мутасаддилари “келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун” дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилганини маълум қилган.

“Энди уларга маънавиятимизга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади”, дейилган “Ақлвой” хабарномасида.

Тошкент метрополитенида носозлик важидан яна йўловчилар поезддан тушириб юборилди

Тошкент метрополитенининг “Олмазор” бекатида 20 июнь оқшомида барча йўловчилар поезддан тушириб юборилган.

Метрополитен маъмурияти маълумотига кўра, ҳодиса кеча соат 22:10 да содир бўлган.

Қайд этилишича, Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан “Бекат-1” томон ҳаракат бошлаган машинист поездда носозликни аниқланган.

“Йўловчиларни ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар “Олмазор” бекатида туширилган. Носозликни аниқлаш мақсадида ҳаракат таркибидаги поезд электродепога жўнатилган”, дейилган хабарномада метрополитен маъмурияти келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.

Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез кузатилмоқда.

Шу йилнинг 11 июнь куни поезд вагонида шубҳали нарса топилгани ортидан йўловчилар "Космонавтлар" бекатида поезддан тушириб юборилган.

24 май куни эса “Ҳамид Олимжон” бекатида ҳайдовчи носозлик аниқланиши муносабати билан поездни тўхтатган ва йўловчиларни туширган. Йўловчилар ортдан келаётган поездга чиқиб, ўз йўлларида давом этганлар.

13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Тошкентда Таэквондо терма жамоасининг собиқ бош мураббийи чавақлаб кетилди

Ўзбекистон пойтахтида мамлакат Таэквондо терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, жанубий кореялик К.Ж.Й. ўз юртдоши томонидан чавақланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 15 июнь куни Чилонзор туманида маст аҳволда бўлган 44 ёшли жанубий кореялик К.Д. ўзаро жанжал чоғида 39 ёшли К.Ж.Й.ни пичоқлаб қўйган.

Жабрланувчи касалхонага етказилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, эртасига жон таслим қилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ҳибсга олингани, ҳодиса юзасидан дастлабки тергов жараёни давом этаётгани айтилмоқда.

Мирзиёев Раисийни Эрондаги президент сайловида ғалаба қозонгани билан қутлади

Иброҳим Раисий

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисийни Эрон Ислом Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклаган. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Қайд этилишича, Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик Ўзбекистон ва Эрон халқларининг манфаатлари йўлида янада ривожланишига ишонч билдирган.

Эрон расмийлари мамлакатда 18 июнь куни бўлиб ўтган президент сайловида консерватив позициядаги 60 ёшли Иброҳим Раисий ғалаба қозонганини эълон қилишган. У 1988 йилда минглаган сиёсий маҳбусни ўлим жазосига ҳукм қилган суд жараёнларига раислик қилган. Ҳуқуқ фаоллари Раисийни инсониятга қарши жиноятларда айблаб келади.

Аввалроқ Озодлик Раисийни сайловдаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон табриклагани ҳақида хабар қилганди.

Андижонда президент ташрифи арафасида экилган дарахтлар кўчириб олиб кетилаётгани рад этилди

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига 17−18 июнь кунлари борган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи муносабати билан экилган дарахтлар президент кетганидан сўнг қайта кўчириб олинаётгани тўғрисида “ижтимоий тармоқларда тарқалган видео”га муносабат билдирди.

Расман маълум қилинишича, видеода акс этган ҳолат шаҳар ободонлаштириш бўлими ободонлаштириш ишлари олиб бораётган пайтда тасвирга олинган.

“Ободонлаштириш ишлари олиб бориш жараёнида гулларга шикаст етмаслиги учун улар тасвирда акс этган автомашина ёрдамида соя-салқин жойга бир оз муддатга кўчириб турилган. Йўлнинг 50 метр узунликдаги қисмида олиб борилган бу тадбир давомида, экологлар тавсиясига кўра, қайта ўтқазилган кўчатларнинг янада ўсиб ривожланиши учун зарур агротехник шарт-шароит яратилган”,-дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги вақтинча кўчирилган бута ва гуллар қайта ўз ўрнига қайта ўтқазилганини таъкидлаган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда "Анжанда буни: "Иш битди, эшак сувдан ўтди," дейишади." Сарлавҳали видео тарқатилган эди. Видеода президент ташрифи арафасида йўл четига экилган манзарали дарахтлар ва гуллар қайта кўчириб кетилаётгани иддао қилинган.

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига 17−18 июнь кунлари борган эди.

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Адлия вазирлиги 2021/2022 ўқув йили учун ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошлангани ҳақида хабар берди.

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш учун телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритиши, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритиши керак.

Таълим йўналишларини эса 2021-2022-ўқув йили учун ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари белгиланиб, тиллар кесимида тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этади ҳамда улар ушбу муддатга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади

Иллюстратив сурат.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев махсус қарорни имзолагани тўғрисида Кинематография агентлиги 19 июнь куни маълум қилди.

“Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан 1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.

Кинофестиваль жорий йилда “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ўтказилади. Унга хориждан жами 355 нафар иштирокчи, шу жумладан, 55 нафар таниқли киноюлдузлар таклиф этилади.

Коронавирусга янги чалинганлар сони бўйича Сурхондарё Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда

Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 19 июнь ҳолатига кўра, 106025 кишига етди. Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 182 нафари Тошкент шаҳрида, 74 нафари Сурхондарё вилоятида, 35 нафари Самарқанд вилоятида, 30 нафари Тошкент вилоятида қайд этилди.

Бундан ташқари Бухорода 18, Жиззахда 16, Фарғонада 14, Хоразмда 11 бемор аниқланди. Қолган вилоятларнинг ҳар бирида янги аниқланган беморлар сони 10 кишидан оз.

Касалликдан соғайганлар жами 101692 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Шу кунгача коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 718 кишига етди. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3615 нафар бемор даволанмоқда.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби истеъфога чиқарилди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатлари саралашидаги энг ёмон натижа ортидан жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва мураббийлар штаби шартнома шартларига мувофиқ истеъфога чиқарилган.

Жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳам миллий жамоадаги фаолиятига якун ясаганини айтди.

15 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2022 саралаш 2-босқичи доирасидаги олтинчи ўйинини Саудия Aрабистони терма жамоасига қарши ўтказганди. Учрашув эса мезбон жамоанинг 3:0 ҳисобдаги йирик ғалабаси билан якунланди. Ўзбекистон бу сафар ҳам Жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди.

Ҳозирча жамоага ким бош мураббийлик қилиши маълум эмас.

Ўзбекистон бир ойда 1,2 миллиард долларлик олтин сотган

Ўзбекистон май ойида 1,2 миллиард долларлик олтин сотган. Мамлакат ташқи иқтисодий фаолияти бўйича эълон қилинган ҳисоботда олтин экспорти ташқи савдо тиклана бошлашининг асосий сабабларидан бири сифатида келтирилган.

Ҳисоботга кўра, ўтган беш ой давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 14,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд долларга ёки 13,2 фоизга кўпайган.

Лекин бу кўрсаткич 2019 йилнинг дастлабки 5 ойидаги натижалардан 5,5 фоизга кам.

Олтин қазиб олиш ва ишлаб чиқариш саноати Ўзбекистонда етакчи саноатлардан бири саналади.

Дунё бўйлаб Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича ўнта мамлакат ичида, собиқ совет давлатлари орасида эса, Россиядан кейин иккинчи ўриндадир.

Наманганда ҳокимлик биносига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро 10 кунга қамалди

Наманганда ҳокимлик биноси олдига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро шаҳар ободончилик қоидаларини бузишда айбланиб, 10 кунга қамалди.

Бундан ташқари фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси ҳам белгиланган.

"Mubosher Laziz Azizbek fayz" МЧЖга тегишли бўлган қўйлар 17 июнь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинганди.

Туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун ер ажратилмагани сабабли чўпонлар шундай норозилик акцияси уюштиришган.

Наманган Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида туман ҳокимлиги биноси олдига қўйларни олиб келган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 104-моддаси 1-қисми, 161-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Маълум қилинишича, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдоридаги жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси 1-қисми ва 161-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдоридаги жарима жазоси, кодекснинг 183-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.

Бундан олдин Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 1,5 мингга яқин қўй суруви ҳайдаб келиниши ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганди.

Коронавирус: Ўзбекистонда кунлик холат 400га яқинлашди, яна бир киши вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик антирекорд яна янгиланди. Расмий хабарларга кўра, 18 июнь куни 400га яқин кишида коронавирус аниқланган.

Бу жорий йилда қайд этилаётган энг юқори кўрсаткич.

"2021 йил 18 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 105610 (+391) нафарни ташкил этмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 718 нафарни ташкил қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3581 нафар бемор даволанмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 105 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 июнь ҳолатига кўра, 105 минг 219 нафарга етган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 385 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 395 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 101 минг 18 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 484 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга чалингани ортидан 4 киши вафот этгани, хасталик қурбонларининг умумий сони эса 717 нафарга етгани ҳақида билдирган.

Бакалавриат ва магистратура имтиҳонларини Интернетда жонли кузатиш имкони пайдо бўлади

Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йили қабулигача имтиҳонларни Интернетда жонли эфирга узатишни таъминлайдиган, барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган “imtihon.uz” веб-платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда куни кеча мамлакат президенти томонидан имзоланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён ОТМнинг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари, ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар ҳамда нострификация тест синовлари жараёнини Интернетда жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади.

Қайд этилишича, имтиҳонларни ўтказиш жараёнини Интернет тармоғида жонли эфирга узатиш таклифи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Давлат тест маркази томонидан берилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG