Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:02

Ўзбекистонликлар Россияда йўқотганини Туркиядан топиши мумкинми?


Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари йилдан-йилга озайиб бормоқда. Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, 2016 йилда бу мамлакатдан Ўзбекистонга 2 миллиард 741 миллион доллар жўнатилган бўлиб, бу 2013 йилги кўрсаткичдан 60 фоизга камдир.

Айни пайтда бу камчилик бошқа давлатлардан, хусусан, Туркиядан жўнатилаётган пуллар ҳисобига тўлдирилаётгандай. Ҳар ҳолда, Туркия матбуотига кўра, 2015 йили Туркиядаги пул жўнатувчи СМТ компанияси орқали постсовет мамлакатларига юборилган пул жўнатмаларининг 39,9 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

Бу кўрсаткич неча пул эканлиги тўғрисида очиқ манбалардан маълумот топилмади. Бироқ Туркияда ишлаётган ўзбекистонликлар бу мамлакатда ватандошлари сони йилдан-йилга кўпайиб бораётганини эътироф этмоқда.

Ойига 400 доллар топаётган уста

Маҳмуд деб таништиришимизни сўраган 29 яшар ўзбекистонлик йигит Истанбулда, автомобилларни созлаш устахонасида ишлаётганига қарийб 7 ой бўлиб қолди. Маҳмуд бир ойда 400 доллар иш ҳақи олади. Бу пулдан 300 долларини Ўзбекистонга – уйига жўнатади. Ўзига 100 доллар қолади.

“Битта квартирада 6 киши яшаймиз. Шерикларим ҳам Ўзбекистондан. Квартира пули, озиқ-овқатимиз ўртада, амаллаб етказамиз”, деди Маҳмуд.

Айтишича, у танийдиган ўзбек йигитлар, асосан, қурилишларда ишлайди. Туркларнинг дала-ҳовлиларида чорва боқади. Тил биладиганлар дўконларда ишлайди, официантлик қиладиганлари ҳам бор.

Ойига 800 доллар топаётган энага-ошпаз

Исмини айтишимизни истамаган ўзбекистонлик аёлнинг Истанбулга келганига бу йил 8 йил тўлди. Самарқанд шеваси туркча сўзлар ва оҳангларга омухта бўлиб кетган бу олий маълумотли математика ўқитувчиси сўнгги 4 йилдан буён бир оилада бола боқувчи бўлиб ишлайди. Аёлнинг хизмат вазифасига кунига 12 соатдан ишлайдиган иш берувчилари – эр-хотин учун кечки овқат тайёрлаш ҳам киради. Бола боққани ва ошхонада қиладиган меҳнати учун ўзбекистонлик аёл ойига 800 доллар пул олади.

“4 йил олдин ишга кирганимда шунча ойлик беришган. Ҳозир ҳам шунча. Ўзгаргани йўқ. Ҳар ойда Ўзбекистонга, талаба қизимга 100 доллар жўнатаман. Қолганини шу ерда, Туркияда банкдаги ҳисобимга ўтказаман. Анча-мунча пул йиғилиб қолди”, деди аёл.

Лалелидаги ҳар бир мағозада камида бир ўзбек топасиз

Лалели (Лолали) Истанбулнинг тижорий мавзеларидан энг йиригидир. Постсовет мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондан келадиган савдогарлар товарларни, асосан, шу ердаги магазинлардан харид қилади.

“Бу ердаги дўконлардан исталганига кириб, баландроқ овозда ўзбекча гапира бошласангиз, дарров олдингизга бир ўзбек келиб, “Хўш, хизмат”, деб қўл қовуштиради”, деди Озодлик билан суҳбатда Туркиядаги Халқаро туркистонликлар ҳамкорлик ташкилоти раиси муовини Намоз Нормўмин.

Ташкилот ихтиёридаги баъзи маълумотларга таяниб, Намоз Нормўминнинг айтишича, Туркияга Марказий Осиё мамлакатларидан меҳнат муҳожирлари келиши 2000 йиллар бошида бошланган ва шу кунда 200 минг нафар атрофида марказийосиёлик бор. Ҳар куни минтақадан 3 мингдан 5 мингача одам Туркияга келиб-кетиб туради.

Намоз Нормўмин айтаётган рақамлар норасмий, тахминий рақамлардир. Ўзи келтирган рақам ҳамда Ўзбекистон аҳолисининг минтақадаги нуфусидан келиб чиқиб, Намоз Нормўмин Туркияда 100 минг нафарга яқин ўзбекистонлик бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди.

Туркия томон оқим йўлидаги тўсиқлар

“Кейинги йилларда Туркияда ўзбекларнинг ўзигина эмас, уларнинг атрофидаги гап-сўзлар ҳам кўпайиб кетди ва бу гаплар ўзбекистонликларнинг Туркияга оқимига тўсиқ бўлиши мумкин”, - деди Намоз Нормўмин экстремистликда, террорчиликда ва бошқа жиноятларда гумон қилинаётган, айбланаётган ўзбекистонликлар тўғрисидаги хабарларни назарда тутиб.

Ўзбекистон биринчи?

Yenicaggazetesi.com.tr​ сайтининг 2016 йил ноябридаги хабарига кўра, 2015 йилда Туркиядан бу мамлакатдаги СМТ компанияси орқали юборилган пул жўнатмаларининг 39,9 фоизи, яъни 531 млн. доллари Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган ва Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича постсовет мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллаган (иккинчи ўринда 20,2 % билан Грузия, учинчи ўринда 15,3% билан Қирғизистон). Ўзбекистонга Туркиядан юборилган ўртача бир жўнатма 497 долларни ташкил қилган. 2015 йили СМТ компанияси орқали 1,4 млрд. пул жўнатилган.

Бу маълумотлардан Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Истанбулдаги мухбири Элвира Буудайчиеванинг ҳам хабари бор. Мавзуни ўтган ойда махсус ўрганган мухбиримизнинг айтишича, пул жўнатмаларига оид янги маълумотлар Туркиядаги очиқ манбаларда ҳозирча йўқ. Мухбиримизнинг айтишича, СМТ компаниясига оид кўрсаткичларда Ўзбекистоннинг биринчи ўринни эгаллагани умуман Туркиядан ўзбекистонликлар энг кўп пул жўнатади, дегани эмас. Бу СМТнинг Россиядаги "Золотая корона" пул ўтказиш компанияси билан ҳамкорлик қилиши билан изоҳланиши мумкин, холос.

XS
SM
MD
LG