28 май куни Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши кутилмоқда. 14 май кунги сайловларда асосий номзодлардан ҳеч бири – на амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, на унинг рақиби Камол Қиличдорўғли камида 50 фоиз овоз тўплай олмаганди.
Биринчи босқич сайловларда овозларнинг 5 фоиздан кўпроғини олган миллатчи қарашдаги мустақил номзод Синан Ўғаннинг қарори иккинчи тур натижаларида муҳим рол ўйнаши кутилади. "ОТА Иттифоқи" номзоди бўлган Ўған 22 май куни иккинчи турда Эрдўғон ва Қиличдорўғлидан қай бирини қўллаб-қувватлашини очиқлаши кутилмоқда.
Ўтган ҳафта Ўған номзодларнинг ҳар иккиси билан учрашгани хабар қилинди. Туркия матбуоти хабарларига кўра, жума куни амалдаги президент Эрдўғон билан Истанбулдаги учрашув 1 соатдан кўпроқ давом этган.
Шарқшунос олим, Янги Туркияни ўрганиш маркази директори Юрий Мавашевнинг “Настояшчее время” телеканали билан суҳбатда катта эҳтимол билан бу овозлар Қиличдорўғлига берилишини тахмин қилди.
- Мен бу овозлар айнан Қиличдорўғлига ўтиши эҳтимоли юқори дея тахмин қиламан, чунки учинчи номзоднинг партияси шовинистик партиядир. Ким суриялик муҳожирларни келган жойига қайтаришни ваъда қилган? Туркия мухолифати. Эрдўғон эса, аксинча, мамлакатни улар билан тўлдирди. Умуман олганда, ҳозир у “муаммони ҳозир ҳал қиламан” деб сайловда қатнаша олмайди. Савол туғилади: “Аслида нега бу муаммони келтириб чиқардинг?” У шахсан Туркияни қочқинлар билан тўлдирмагани аниқ, лекин барибир.
2014 йилда Россияда ва ҳамма жойда тақиқланган ИШИД ҳужумга ўтаётганида Анқарада банкоматдан бирор нарса чиқараётганлар ёки солаётганларни кўплаб сурияликлар ва ироқликлар ўраб ола бошлаганини эслайман. Бу даҳшатли эди.
– Суриялик қочқинлар муаммоси Эрдўғонга тош ёғдираётган муаммолардан биридир.
– Муҳим муаммолардан бири бу.
– Инфляция ва зилзила оқибатларидан бошқа... Яна бир қизиқ ҳолат: Эрдўғон сайловлардан бир ҳафта олдин давлат хизматчиларининг маошини 45 фоизга оширди. У сайлов участкасида болаларга пул тарқатгани тасвирланган кадрлар бор. Бу сайлов участкасидаги ошкора порахўрлик бўладими?
– Порахўрлик деса бўлмайди аслида, чунки расмий нуқтаи назардан олганда, болалар сайловчилар эмас. Лекин, албатта, болаларнинг ота-оналари бор. Биласизми, бу бир ўйин. У доим мана шунақа ўйинларни ўйнайди. 2014 йилдаги эски Конституцияга кўра парламент республикаси президенти бўлган даврда ҳам кўпинча: “Ҳа, мен уни бошқара олмайман, лекин юрагимда партия биланман”, дерди. Ўша пайтда у партия аъзоси эмасди, чунки унда “Адолат ва тараққиёт партияси”ни бошқариш ҳуқуқи йўқ эди. Савол туғилади: қандайдир қилиб бир қарорга келиш керак, қайси конституцияга биноан президентсан ўзи? Бу маънода қарайдиган бўлсак, Эрдўғон, албатта, кўпинча бу каби ишларга қўл уради. Русча услубдами бу, билолмадим.
– Ҳатто Россияда ҳам очиқчасига пул тарқатилган ҳолатлар бўлмаган, адашмасам.
– Ҳа. Лекин масалага бошқа томондан қаранг. Президент буни бировга буюрмади, балки ўзи қилди. Бунинг замирида нимадир бор.
– Бу унга кўпроқ овоз олиб келиши мумкинми?
– Балки. Одамлардан ҳеч нима аямаслигини кўрсатишга қаратилган ҳаракат бу. Биласизми, у қишлоқ аҳолисидан умид қиляпти. Бу унинг анъанавий электорати. Аммо гап шундаки, бугунга келиб Истанбул ва бошқа кўплаб жойларда қўним топган бу қишлоқ аҳолиси аллақачон шаҳар аҳолиси билан аралашиб кетган ва бутунлай янги муаммоларга дучор бўлган. (Эрдўғон) эса хаёлан ўтмишда қолганини тахмин қилиш мумкин.
Илгари бу иш берган бўларди. Ҳозирги кунда эса... У 50 лирадан тарқатган пул нимаям бўларди? Минг лира бўлганда ҳам фарқ қилмасди. Мамлакат олдида турган барча муаммоларга солиштирганда ҳолва. Бу ерда иш билан боғлиқ бошқа муаммолар пайдо бўлади: ўша муҳожирлар иш жойларини эгаллашяпти. Мана шу саволларга жавоб берсин. Аммо, афсуски, (президент) бундай муҳим муаммоларга пул тақсимлаш каби самарали ечим топмаган.
– Сайловларнинг иккинчи босқичи учун башоратингиз қандай?
— Эслатиб ўтаман, парламент сайловлари натижаси унчалик муҳим эмас. “Халқ иттифоқи” ғалаба қозонганида мен жуда ҳайратга тушгандим. Лекин сиз мендан президентлик сайловининг иккинчи босқичи ҳақида сўраяпсиз. Нима бўлганда ҳам, Қиличдорўғли ғалаба қозонади, деган фикрга мойилман. Менимча, бу Россия–Туркия муносабатлари учун ҳам ёмон бўлмайди, чунки овозлари катта эҳтимол билан Қиличдорўғлига ўтадиган ўша Синан Ўған русча гапиради, Хитой, Евросиё ва ҳоказолар билан алоқаларни ривожлантириш тарафдори. У пойгадан чиқяпти. Аммо Кремлда ақлли одамлар бўлса, бундан фойдаланадилар. Аммо бунинг учун муҳим ёндашувлар ва ақлли одамлар керак.
Форум