Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:20

Туркиядаги президент сайлови: Эрдўғон мухолифатга ютқазиши мумкинми?


Туркияда 14 май куни президент сайлови ўтказилади. Мамлакатни 20 йил (шундан 9 йилини – президент мақомида) бошқарган Ражаб Тоййиб Эрдўғон иқтидорда қоладими, йўқми? Турли сўровлар амалдаги президент ва мухолифат номзодининг ҳар бири 40 фоиздан зиёд тарафдорларга эгалигини кўрсатмоқда. Аммо иқтидордаги партия ва унинг лидери обрўсига жиддий путур етказган рекорд инфляция ва зилзила манзарасида мухолифатнинг қўли баланд келиши эҳтимоли йўқ эмас.

Сўнгги сўровлар натижалари манбага қараб фарқланади. Туркиянинг энг йирик нашрларидан бири – Hürriyet онлайн-газетаси маълумотига кўра, 2 май ҳолатига номзодлардан ҳеч бири ғалаба учун зарур 50 фоиздан кўп овоз йиғолмайди. Тўғри, нашр иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси (Adalet ve Kalkınma Partisi, АKP) лидери ва амалдаги президент Эрдўғоннинг имкониятларини бир оз юқори – 48,6 фоиз дея баҳоламоқда. Асосий мухолиф номзод, Республика халқ партияси (Cumhuriyet Halk Partisi, СНР) раиси Камол Қиличдорўғли – 44,1 фоиз; Муҳаррам Инжи (Memleket Partisi) –4,3 фоиз; ўнг миллий блок бўлмиш ATA ittifakı (“Ота иттифоқи”) лидери Синан Ўган эса атиги 3 фоиз овоз олиши мумкин.

Бироқ сиёсий тадқиқотларга ихтисослашган мустақил SER-AR ширкати сўрови мухолифат тарафдорлари кўпроқлигини кўрсатмоқда: Қиличдорўғлида – 52,7 фоиз, Эрдўғонда – 44,3 фоиз, Инжида – 1,4 ва Ўганда 1,6 фоиз.

Зилзиладан кейинги сайлов

Иқтидордаги партия ва унинг лидери обрўсига жиддий путур етказган икки омил бор. Бири – 6 февраль куни Туркия жанубидаги 6 вилоятда юз берган даҳшатли зилзила. Сўнгги қайдларга кўра, табиий офат 50,7 минг кишининг умрига зомин бўлган, жами 15,7 млн кишига у ёки бу даражада азият етказган. Улардан бир қисми табиий офат ҳудудини тарк этиб, бошқа вилоятларга кўчиб ўтганлар.

Зилзиладан сўнг туркияликлар ҳукуматни қутқарув тадбирларини ўз вақтида ва тўғри ташкил қила олмаганликда айблай бошладилар. Айрим ҳудудларда қутқарув амалиёти уч кун ўтиб бошлангани, одамлар соатлаб, ҳатто суткалаб харобалар тагида ёрдамсиз қолиб кетишгани, айнан шу туфайли қурбонлар сони кўп бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Қутқарув ишлари яхши уюштирилмаганини кейинроқ Эрдўғоннинг ўзи ҳам тан олди.

Зилзила вайрон қилган Адияман шаҳридан келган қариндошларига ўз уйидан жой берган измирлик Гўзел табиий офат нафақат ундан азият чекканлар, балки бутун жамият кўнглини Эрдўғондан совутганини айтади: “Деярли ҳар бир туркияликнинг бирон яқин кишиси ер силкинишидан ўлди ёки жабр кўрди. Ҳукуматнинг ғафлатдалиги ва ўз фуқароларига имдод бера олмагани одамларни ҳукмрон AKP ҳақидаги фикрини ўзгартиришга мажбур этди”, дейди у.

Гўзел ва қариндошлари табиий офат ҳудудидан келганлар овоз бера олмаслигидан ташвишдалар. Гап шундаки, улар Измирда қайддан ўтмай яшашяпти. Расмий маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 3,3 млн киши бошқа ҳудудларга кўчирилган бўлиб, улардан 1,5 млн нафари янги жойда қайд қилинган, холос. Ҳукумат рўйхатга олинмаганлар қаерда овоз бериши ҳақида аниқ бир гап айтмаяпти. “Қариндошларим ўз шаҳарларига қайтиб, сайлов участкасини қидириб топишларига тўғри келади”, дейди Гўзел.

Мирзиёев ва Эрдўғон турк дунёсини бирлаштира оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:48 0:00

600 фоизга қимматлаган пиёз

Сайловчилар кайфиятига таъсир этаётган иккинчи омил – мамлакатнинг иқтисодий аҳволи. Туркия статистика институти расмий маълумотлари йил давомида нарх-наво икки баравар ёки 105 фоизга ошганини кўрсатмоқда. Бироқ маҳаллий аҳоли аслида вазиятдан анча оғирлигини айтади.

“Нархлар кунда ўзгаради. Кеча супермаркетда помидор харид қила олмадик, чунки эски нарх бекор бўлган, янги нархни ҳали қўйишмаган экан. Пул қадрсизланиши хусусий дўкондорлар билан олибсотарларни бойитмоқда. Икки лира турадиган пиёзнинг бир боғини ҳозир 15 лирага оляпмиз”, нолийди истанбуллик Жамол.

Бу йил баҳорда Туркияда пиёз қимматлиги алоҳида норозиликка сабаб бўлди. Анъанавий турк ошхонасини пиёзсиз тасаввур этиб бўлмайди, ушбу сабзавот истеъмоли йилига киши бошига ўртача 21 килони ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги палаталари иттифоқи пиёз нархи бир йил ичида 600 фоизга ошганини таъкидламоқда: яъни, ўтган баҳорда килоси 4-5 лира бўлган маҳсулот ҳозирда 30 лира (1,5 доллар)га чиққан.

Озиқ-овқат билан баробар уй-жой нархлари ҳам осмонга ўрламоқда. Расмий статистика бу соҳада нарх-наво “атиги” икки ярим маротаба ёки 140 фоизга кўтарилганини кўрсатаётир. Ижара ҳақларида ҳам ўсиш тахминан шунча. Ҳолбуки қонунчилик ижарадорлар учун чегара белгилаб қўйган – нархни бир йилда 25 фоиздан зиёдга ошириш мумкин эмас. Бироқ ҳаётда шафқатсиз бозор қонунлари ишламоқда.

“Ўтган йили Измир марказидан икки хоналик квартирани ойига 3 минг лирага (қарийб 150 доллар) ижарага олишим мумкин эди, ҳозир шунақа жойдан бир хона квартира учун ойига 10 минг лира (500 доллардан зиёд) сўрашяпти. Аммо маошим нарх-навога мутаносиб тарзда ошаётгани йўқ. Ўртача даромадли одамларга ҳозир ниҳоятда оғир: 10-12 минг лира ойликка қорин тўйдирамизми ёки ижара тўлаймизми?” ёзғиради мактаб муаллимаси Туба.

Турк мухолифати иқтисодиёт издан чиқиб, ўрта статистик фуқаронинг турмуши оғирлашганида ҳукмрон АКР партиясини ва шахсан Эрдўғонни айблайди. “Президент инфляцияга молиявий чоралар кўриш билан эмас, Марказий банк раҳбарларини алмаштириш билан курашади”, дея таъна қиладилар. Ростдан ҳам сўнгги икки йилда у уч раисни истеъфога чиқарди. Охиргиси, Саид Эрдал Динчер 2022 йил январда сўнгги 20 йилда рекорд даражада ошган нарх-наво статистикаси Эрдўғонга ёқмагани учун бўшатилган.

Иқтидордаги партия ва Эрдўғон турк иқтисодиётидаги аҳволга изоҳ бермасликни маъқул кўришади. Бунинг ўрнига улар “фитналар”дан баҳс этмоқдалар: гўёки, мухолифат ғалабаси 2016 йил июлда амалга ошмаган давлат тўнтариши муваффақиятини билдирар эмиш. Эрдўғонга кўра, қамоқдаги ва хориждаги террорчилар ҳокимият алмашишини кутиб ўтиришган эмиш. Қолаверса, мухолифат мамлакатнинг сўнгги 20 йилда эришган барча ютуқларини бой беради, дея иддао қилади президент.

Бунинг ўрнига Эрдўғон аҳолига “ишонч ва барқарорлик муҳити”ни асрашни таклиф қилмоқда. Ва бу муҳитда, жумладан, ёшлар ўз уй-жойига эга бўлишар эмиш. Айни шу ваъда ёш сайловчиларни қизиқтириб қўйганга ўхшайди.

“Беш йил муқаддам нархи 300 минг лира (тахминан 15 минг доллар) бўлган квартира бугунги кунда 3 миллион лирага (150 минг доллар) чиққан. 23 ёшли ўғлимнинг боши қотган: барибир оилангни таъминлай олмасанг, тузукроқ уй-жой сотиб ололмасанг ўқишнинг нима кераги бор, дейди”, дея ҳасрат қилади Истанбул фабрикаларидан бирининг тикувчиси Ойша.

Мухолифат ваъдалари ва Эрдўғоннинг жавоби

Мухолифат ва иқтидордаги партия оммага мурожаатлар орқали мулоқот қилмоқда. Камол Қиличдарўғли Эрдўғонни неча марталаб жонли очиқ мунозарага чорлади, бироқ президент чорловларга жавоб бермай, “бай-бай Кемал” (яъни “хайр, Камол”) дея гўё уни ўзига муносиб кўрмаслигини писанда қилишга уриняпти.

Дебатлар бўлмагач, митингларда очиқ агитация йўлига ўтилди. Иккала томон ҳам энг мухолиф кайфиятдаги шаҳарлардан бири бўлмиш Измирда ўз тадбирларини ўтказди. АКРнинг биринчи митингги 29 апрель куни соҳил бўйида бўлди. Тадбирдан кейиноқ Интернетда Эрдўғоннинг кўпдан-кўп тарафдорлари билан тушган суратлари ясама бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Қолаверса, суратларда давлат хизматчилари ҳам бўлиб, улар ишдан бўшатиш таҳдиди билан митингга олиб чиқилгандек таассурот уйғотди. Измирдан сўнг Эрдўғон Анқарада сайловчилар олдида нутқ ирод этаркан, “Аллоҳ мадади ила мухолифатни янчиб ташлашга” ваъда берди.

Камол Қиличдарўғли эса Измирдаги жавоб митингида “Туркияни яна рўшноликка олиб чиқишга” ва “турк демократиясини тиклашга” ваъда берди. Икки чақиримлик соҳилни тўлдирган одамларнинг фото ва видеолари турк ва жаҳон ОАВларида “Қиличдарўғлини қўллаб-қувватлашга келганлар ҳатто Таркан мухлисларидан ҳам кўп эди”, деган сўзлар билан эълон қилинди (2022 йил сентябрда Тарканнинг Измир шаҳри грек босқинидан халос бўлганига юз йил тўлишига бағишланган концертига қарийб бир миллион йиғилган эди).

Истанбуллик муҳандис Камол ўзи ва яқин дўстлари шунча йилдан бери илк дафъа мухолифат ғалабасига жиддий ишонаётганини айтади. У мухолифат дастуридаги асосий бандлардан бирига – қочқинлар масаласига урғу беради. “Сўнгги йилларда Туркияга келиб, фуқароликни олган сурияликлар жамиятнинг асабига тегмоқда. Эрдўғон қочқинларга паспорт тарқатиш билан янги сайловчилар унга овоз беришини таъминлагани барчага маълум. Чунки у ҳатто ўзининг доимий электорати – кексалар дастагидан ҳам маҳрум бўлган эди”, дейди у.

Қиличдарўғли сайловолди кампанияси чоғида, хусусан, турар жойларнинг хорижлик харидорларга сотилишини камида беш йилга тақиқлашга ваъда берди. Шунингдек, у Туркияда уй-жой сотиб олган ажнабийларга солиқ имтиёзлари беришни назарда тутувчи “турк фуқароларини таҳқирловчи тизим”ни ҳам йўқ қилмоқчи.

Бу сафар мухолифат коалицияси жами олтита партия – миллиятчилар (“Яхши партия”), консерваторлар (“Бахт партияси”), Демократик партия, Демократия ва тараққиёт партияси, Келажак партияси ва Республика халқ партиясини бирлаштиришга муваффақ бўлди.

Мухолиф партиялар билан музокара столига ўтиришдан бош тортганлардан бири – президентликка номзодини қўйган Муҳаррам Инже бўлади. 2018 йилги сайловда ютқазган ушбу сиёсатчи Қиличдорўғли тарафдорларининг бир қисмини ўзига оғдириб, Эрдўғонга кўмаклашиш учун курашга кирганликда айбланмоқда. Инже иқтидордаги партия ва унинг лидерини танқид қилиш ўрнига асосий мухолифат номзодига ҳужум қилаётгани ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва таҳлилчиларни сергак торттирди. Масалан, у иқтидордаги партия каби Қиличдорўғлини FETO (Fethullahçı Terör Örgütü – Фатҳуллоҳ Гюлен ташкилоти) билан алоқаларда айблайди. “Қиличдорўғли FETOнинг янги ҳамкори”, деган эди Инже.

Тўртинчи номзод, турли сўровларга кўра 1,5 фоиздан 3 фоизгача овоз йиғиш имкониятига эга дейилаётган Синан Ўган келиб чиқиши озарбайжонлик сиёсатчи бўлиб, АҚШ ва Ғарб билан алоқаларни мувозанатга келтиришга ва Сурия ҳудудий яхлитлигини сақлашга тарғиб қилади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзодгина Туркия президенти бўла олади. Ҳеч бир номзод бунча овоз йиға олмаган тақдирда эса энг кўп овоз олган номзодлар ўртасида қайта сайлов ўтказилади – у 28 май кунига белгиланган.

Форум

XS
SM
MD
LG