Линклар

Шошилинч хабар
16 август 2018, Тошкент вақти: 18:44

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Туркиянинг Суриядаги амалиёти бўйича йиғилиш ўтказади


Туркия қўшинлари Суриянинг Африн вилоятида ҳарбий машқлар бошлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Суриянинг Африн вилоятидаги гуманитар вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказмоқчи. Бунга Туркия қўшинлари ва ҳарбий учоқларининг курдлар назоратидаги анклавда ҳарбий амалиёт бошлагани сабаб бўлди.

Франциянинг илтимосига кўра, 22 январь куни Тошкент вақти билан соат 21:30 да Нью-Йоркда ёпиқ музокара ўтказилиши режалаштирилмоқда. Музокара чоғида Сурия ҳукуматининг Идлиб вилояти ва Шарқий Ғутадаги ҳарбий амалиётлари ҳам муҳокама қилинади.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг айтишича, мамлакати ҳукумати Африндаги “вазиятнинг шафқатсиз тарзда ёмонлашуви”дан хавотир билдирмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари турк қўшинлари ўтказган 24 соатлик амалиёт чоғида камида 18 киши ҳалок бўлганидан хабар берди.

Турк қўшинлари 20 январь куни АҚШ дастаклаётган Курд мудофаа отрядларини (YPG) Африндан ҳайдаб чиқариш учун ҳарбий машқлар бошлади. Туркия Қўшма Штатларнинг бундай хатти-ҳаракат ўша жойдаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришига ҳам қулоқ осмади.

Турклар YPG’ни ўз мамлакатида тақиқланган Курдистон ишчилар партияси билан алоқа (ПКК) қилаётганликда айбламоқда. Ушбу ташкилот Туркия шарқида 30 йилдан ошиқ вақтдан бери исён кўтариб келади. ПККни Туркия, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.

Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг 21 январь куни айтишича, мамлакат қўшинлари расмий Анқара эълон қилган ҳарбий амалиётнинг иккинчи куни Сурия чегарасини кесиб ўтди.

Бош вазирга кўра, YPG Туркия шаҳарларига қарата 11 та ракета учирди. Ракета ҳужумлари оқибатида бир чегара қишлоғида яшаб турган суриялик қочқин ҳалок бўлди ва 47 киши яраланди.

Туркия ҳукумати билдиришича, мамлакат қўшинлари Озод Сурия армияси (ОСА) билан бирга ҳужум қилмоқда. Ушбу армия Сурия президенти Башар Асадни ҳокимиятдан четлатишга интилмоқда. Уни Туркия ҳарбийлари дастакламоқда.

Ҳужумга жалб этилган турк қўшинлари сони қанча экани айтилмаяпти.

ОАВнинг Йилдиримга иқтибосан маълум этишича, ҳарбий амалиётдан кўзланган мақсад Туркиянинг чегарасидан бошлаб Сурия ичкарисидаги 30 километрлик ҳудудда хавфсизлик зонаси барпо қилишдир.

“Қонуний хавотирлар”

Қўшма Штатлар 21 январда тарқатган баёнотида Туркияни “қамрови ва вақти чекланган” амалиёт ўтказишга даъват қилди.

АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис алоҳида тарқатган баёнотида НАТОдаги иттифоқчиси бўлмиш Туркиянинг Сурия билан боғлиқ “қонуний” хавотири борлигини айтди. Вазирнинг айтишича, АҚШ ҳукумат раҳбарлари Туркия ўтказадиган амалиёт ҳақида олдиндан билдирув олган эди.

Суриянинг давлатга қарашли ахборот воситалари 20 январь куни тарқатган хабарларида билдирилишича, ҳукумат “Афринга Туркия тажовузи” деб аталаётган амалиётни қоралади. Эрон билан Миср ҳам Туркия амалиётини танқид қилиб чиқди.

Туркия мудофаа вазирлиги вакиллари ушбу мамлакат артиллерияси ва ҳарбий учоқлари Курд жангариларига қарашли 153 та бошпана, пана жой ва қурол-аслаҳа омборини нишонга олганини айтди. Суриянинг Курд демократик иттифоқи партияси ҳамраиси Солиҳ Муслим Туркиянинг Африн вилоятидаги ҳарбий амалиёти хусусида шундай фикр билдирди:

– Афринга қарши ўта шафқатсиз ҳужумнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзингиз ҳам эшитдингиз, улар Африн атрофига ҳарбий учоқлардан бомба ёғдира бошлади. Африн аҳолиси ва ўша ердаги курд халқи – ҳатто у ерда истиқомат қилувчи курдлар, араблар ва туркоманлар – ўзини ҳимоя қилиши ва шафқатсиз ҳужумларга қарши туриши зарур.

Туркия ҳукумати вакиллари қурбонлар бўлганини тан олди, аммо уларнинг барчаси курд милицияси вакиллари эканини билдирди.

Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўған Афринда “Зайтун шохи” ҳарбий амалиёти бошланганини, ундан сўнг Манбиж яқинида яна бир амалиёт бўлиб ўтишини хабар қилди.

Эрдўған ҳарбий амалиётдан кўзланган мақсад ҳақида фикрини баён қилди:

– Мақсадимиз нима? У қуйидагича. Мамлакатимизда 3,5 миллион суриялик борми? Бор. Мақсадимиз 3,5 миллион суриялик биродаримизни ҳудудимиздан ўз ватанига қайтариб юборишдир.

У Сурия шимолидаги АҚШ дастаклаётган курд қўшинларига қарата шундай деди:

– Орқамизда Америка турибди ва у бизга қурол-яроғ юборади, деган тақдирингизда ҳам Туркияни, турк миллатини ҳеч қачон енга олмаслигингизни билиб қўйинг.

Эрдўғонни мухолифатдаги Халқ демократик партиясининг Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётларига қарши норозилик намойишларига чиқиш тўғрисидаги даъвати ҳам бефарқ қолдирмади:

– Агар кимда-ким ўша даъватга жавобан кўчага чиқадиган бўлса, мен уларга бир гапни айтиб қўймоқчиман: бу сизларга жуда қимматга тушади. Бу – биз учун миллий кураш, йўлимизга тўғаноқ бўлган ҳеч бир кишини аяб ўтирмаймиз. Буни ҳамма билиб қўйиши керак.

Россия Мудофаа вазирлиги “потенциал иғвонинг олдини олиш ва рус ҳарбий хизматчиларининг ҳаётига хавф туғилишини истисно қилиш” мақсадида қўшинларини Африн ҳудудидан олиб чиққанини эълон қилди.

Россиянинг давлатга қарашли РИА Новости ахборот агентлиги, Москва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Туркиядан амалиётни тўхтатишни талаб қилади, деган хабарни тарқатди.

Россиядан ташқари яна Эрон Суриядаги фуқаролар урушида Асадни қўллаб-қувватламоқда. Айни чоқда Қўшма Штатлар билан Туркия марказий ҳукуматга қарши уришаётган турли исёнчи гуруҳлар ёнини олмоқда.


XS
SM
MD
LG