Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2021, Тошкент вақти: 11:01

Бу йил 2500 га яқин ўзбекистонлик Туркияда ишга олиниши мумкин (ВИДЕО)


ВИДЕО: Бу йил 2500 га яқин ўзбекистонлик Туркияда ишга олиниши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00

15-17 март кунлари Туркиянинг Tayga Grup вакили Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлигининг Ташқи миграция агентлиги биносида Туркиядаги меҳмонхоналар тизимида ишлаш учун одам ëллашни бошлади.

Туркияга ишга кетиш учун ҳужжат топширганлардан бирининг айтишича¸ биринчи босқичда турк ширкати вакили талабгорларни қайддан ўтказган ва асосан уларнинг хориж тилларини билиш-билмаслиги билан қизиққан:

- 17 март куни бордим. 400 чоғли одам¸ асосан¸ ëш йигитлар бор эди. Қизларни навбатсиз қабул қилишди. Туркиядан Ёвуз Қалқон деган одам жуда яхши гаплашди. Асосан¸ инглизча гапирди. Қайси тилларни биласан¸ бир нарса гапир¸ хоҳласанг¸ инглизча¸ немисча ашула айт¸ деди. Суҳбат қисқа бўлди. Телефон рақами берди¸ шунга билган тилларингда гапириб¸ видеосини бизга юбор. 1 апрелгача айтамиз¸ қачон¸ қаерга келишингни¸ деди. Туркияга юборишар экан бу видеоларни¸ у ердагилар танлар экан¸ дейди Туркияга ишга кетиш учун ҳужжат топширганлардан бири.

Қалдирғоч ширкат

Жорий йилнинг 12 март куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Туркиянинг Тayga grup компанияси билан Ўзбекистон фуқароларини Туркияда иш билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида Келишув имзолади.

Агентлик матбуот хизматининг билдиришича¸ келишувни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва Тayga grup компаниясининг ваколатли вакили Маҳмуд Ёвуз Қалқон имзолаган.

Бу келишув имзоланганидан уч кун ўтиб¸ Tayga grup Туркия меҳмонхоналарига мавсумий ишчи ëллаш жараëнини бошлади.

Бу ширкат¸асосан¸ Анталияда жойлашган отелларга ишчи топиб беради. Биласиз¸ бу минтақа¸ асосан¸ россияликлар орасида жуда машҳур. Бир йилда 9-10 миллион россиялик бораркан. Анталияда туристик мавсум 1 майдан бошланар экан. Шунгача ўзбекистонликларни саралаб¸ олиб кетишга ҳаракат қилаяпти. Билишимча¸ ҳозирда камида 400 одамни саралашди. Иккинчи босқичи¸ байрам ўтиши билан бошланади”¸ деди Ташқи Миграция агентлигидаги бу жараëндан хабардор мулозим.

Шарт-шароитлар

Туркияда ишлашни хоҳловчиларга хона тозаловчи¸ меҳмонхона ҳудудини тозаловчи¸ идиш-товоқ ювувчи¸ ошхона ишлари¸ аниматорлар¸ қабул бўлими хизматчиси¸ меҳмонлар билан ишлаш бўлими хизматчиси каби ишлар таклиф қилинмоқда. Бу ишларнинг кейинги¸ нисбатан малака талаб қиладиганлари учун рус¸ инглиз ва немис тилларини билиш талаб этилиши айтилмоқда.

Ҳафтасига олти кун¸ 9 соатлик иш учун уларга тақрибан 430 доллар маош таклиф этилмоқда. Талабгорларга тарқатилган маълумотга кўра¸ иш берувчи сараланганларни бепул турар-жой¸ уч маҳал овқат¸ ойлик транспорт чиптаси билан таъминлашни зиммасига олади.

Ишга кетувчилар Туркия иш визаси учун 180 АҚШ доллари¸ 1 миллион сўм давлат божи ва бошқа харажатлар учун биринчи маошидан 250 АҚШ доллари миқдорида тўлов қилиши керак бўлади.

“Биринчи йили 2500 одамга иш бермоқчимиз”

Туркча номланиши Tayga Yabancılar Danışmanlık ve İnsan Kaynakları бўлган гуруҳ бошқарувчиси Исмет Гурлек (İsmet Gürlek) Озодлик билан 19 март кунги суҳбатда Тayga grup Тошкент ҳукумати билан келишув асосида ўзбекистонликларни ишга олиб келишни йўлга қўяëтган илк ширкат эканини айтади:

- Бундай келишувга Туркия ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар яхшиланиб¸ ўзаро ҳамкорлик¸ айниқса¸ туризм соҳасидаги алоқалар яхшилангани ортидан эришилди. Бизда туристлар кўп келадиган мавсум 1 майдан бошланади. Бу йил бироз кеч қолдик¸ шундай бўлса-да¸ жорий йили 2500 нафарча ўзбекистонликни Туркияга ишга олиб келиш режасидамиз¸ дейди Тayga grup раҳбари.

Исмет Гурлек таклиф этилаëтган ойлик 1600 турк лираси (19 март кунги курс бўйича 405 АҚШ доллари) дан бошланиши¸ бу миқдорнинг Туркия стандарти бўйича¸ минимал маош эканини айта туриб¸ Ўзбекистондан келувчилар ишининг даражаси¸ иш сифатига қараб¸ яхшироқ маош олиш имконига эгалигини ҳам билдирди:

- 8-12 ойлик иш шартномаси тузамиз. Асосан¸ 5 юлдузлик меҳмонхоналарда ишлашади. Яхши ишлаганлар¸ хориж тилида яхши гаплашиб¸ туркчани ҳам тез ўрганганлар кўпроқ ойлик ола билади. Биринчи гуруҳ¸ тахминан 500 одамни 1 майгача олиб келмоқчимиз. Уларга ҳам Тошкентда¸ ҳам Туркияда тренинг берамиз¸ дейди Исмет Гурлек.

Ишсиз ëшларга янги истиқбол

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ ҳозирда Туркияда ишлаëтган ўзбекистонликлар сонининг 300 минг атрофида экани тахмин этилади. Уларнинг кўпчилиги¸ иш ва яшаш рухсатномаси олмасдан нолегал юрган муҳожирлардир.

Истанбулдаги меҳмонхоналардан бирида ишлаëтган Бахтиëр¸ Туркияда иш ва яшаш рухсатномасини олиш осон эмаслигини айтди.

- Туркияда 20 га 1 деган нисбат бор. 20 нафар туркияликни иш билан таъминлаган ширкат¸ битта хорижий ишчи ëллаши мумкин. Шунинг учун¸ асосан¸ катта меҳмонхона тармоқлари хорижликларни расман олиб кела олади. Ўзича келиб¸ нолегал бўлиб¸ 300 долларга оғир ишларни қилиб юрган ўзбекистонликлар Истанбулда жуда кўп. Шунинг учун Миграция агентлиги орқали 430 долларлик ишга келиш¸ Ўзбекистон шароитида на иш¸ на тузук ойлик ола олмаëтганлар учун яхши шанс¸ деди ўзи ҳам йиллардан бери Туркиядаги меҳмонхоналарда ишлаб келаëтган ўзбекистонлик Бахтиëр.

Мактаб ва коллежлар инглиз тили ўқитувчиларидан ажраб қоладими?

Ташқи миграция агентлиги биносида ўтказилган биринчи босқич саралашда қатнашган талабгорлардан бири¸ ўзи билан айни кунда суҳбатга кирганларнинг кўпчилиги коллеж ва мактабларнинг инглиз тили ўқитувчилари бўлганига эътиборимизни қаратди.

- Тил билганларнинг кўпи ўқитувчилар экан. Берадиган ойлигига тирикчилик қилиб бўлмайди¸ шунга кетмоқчимиз¸ дейишди. Ораларида йиллар давомида ўқишга кириш учун репетирорга қатнаб¸ тил ўрганганлар ҳам кўп. Улар ҳам иш йўқлигидан кетишга қарор қилганини айтишди. Тил билганларнинг деярли ҳаммаси 2-босқичга ўтди¸ деди бу талабгор.

Эътироф

Россияга меҳнат муҳожиратига кетган ўзбекистонликларни "Москва кўчаларини супуриб, одамни жирканишга мажбур қилаётган бу “дангасалар” катта пул топиш учун у ёқларга борган ва ўзбек миллатини шарманда қилмоқда", деган 1- президент Ислом Каримов мамлакатдаги ишсизлик даражасининг ниҳоятда баландлигини ҳам, айнан меҳнат муҳожирлари юбораëтган пуллар ижтимоий барқарорликни таъминлаб келганини ҳам тан олган эмас.

Каримовдан фарқли¸ иккинчи президент Шавкат Мирзиëев¸ ишсизликни мамлакатнинг энг катта муаммоси сифатида эътироф этди ва муаммо ечими сифатида Ташқи миграция агентлиги орқали ўзбекистонликларни хорижга ишга жўнатишни рағбатлантириш сиëсатини бошлади.

Озодлик суҳбатлашган Ташқи миграция агентлиги мулозимига кўра¸ Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейин агентлик орқали ишга юбориш тизими жорий этилган давлатлар рўйхати узайиб бормоқда ва бугунга келиб мазкур рўйхатга Россия¸ Жанубий Кореядан ташқари¸ Япония¸ Польша¸ Чехия¸ Қатар ва Туркия ҳам қўшилган.

Шарҳларни кўринг (16)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG