Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:33

Туркманистонга яна ўша таниш ғаройиб кунлар қайта бошлади


Гурбангули Бердимуҳамедов

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов яқинда имзолаган фармонлар ўн йил олдинги марҳум президент Сапармурод Ниёзов ҳокимиятда ўтирган пайтлардаги вазиятнинг акс-садосига ўхшайди.

Туркманистон мустақиликка эришганидан сўнг орадан 11 йил ўтиб, Ниёзов Халқ Маслаҳати деб аталувчи органнинг мақомини кўтара бошлаган эди. Унинг ҳукумат, бизнес олами, давлат корхоналари ва ижтимоий ташкилотлар сингари турли соҳа вакилларидан иборат 2000-3000 нафар аъзоси бор.

Ниёзов даврида Халқ Маслаҳатини таъсис этиш тўғрисидаги қарор 2002 йил ноябрида унинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани иддао қилингандан сўнг қабул қилинган эди.

Халқ Маслаҳатининг ваколатини ошириш ва пировардида уни парламентдан ҳам юқори қўйиш мантиғи бирор қарор қабул қилиш учун 2000 дан ошиқ аъзони тез орада бир жойга тўплаш қийин эканига асосланган кўринади. Айни ҳол давлат тўнтариши орқали ҳокимият тепасига келиши мумкин бўлган шахсларнинг парламентда расмий мақом олишига йўл бермайди.

Бердимуҳамедов 2006 йил охирида ҳокимиятни қўлга олди ва 2008 йили Халқ Маслаҳатини орган сифатида тугатди.

У президент бўлганидан сўнг орадан 11 йил ўтиб, номаълум сабабларга кўра, ўша орган қайтадан тикланяпти.

Бердимуҳамедов 2017 йил февралида қайта сайлангач, Оқсоқоллар Кенгаши мамлакатнинг энг олий қонун чиқарувчи органи бўлишини айтган эди. Энди эса, у ўзидан ёшроқ ҳукумат амалдорлари ҳам унга аъзо бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Исми сир қолишини истаган, кўп нарсадан хабари бор муаллиф Eurasia Net сайти илтимосига кўра янги “Халқ Кенгаши”ни синчиклаб ўрганди ҳамда Eurasia Net сайтида мақола чоп этди

Бердимуҳамедов миллий байрамлар санасини ҳам ўзгартириб ташламоқда.

27 октябрда нишонланадиган Мустақиллик байрами 27 сентябрга кўчирилди.

Ўша сана Туркманистон мезбонлик қилган Ёпиқ бинолардаги ва яккакурушлар бўйича Осиё мусобақаларининг ўнинчи – сўнгги кунига тўғри келди.

Аммо жорий йилда Мустақиллик байрами 27 октябрда нишонланадиган кўринади, чунки одамлар стадионларга “маршировка”га чиқарилмоқда. Туркманистонда ҳар доим каттароқ байрам нишонланадиган бўлса, репетициялар ўтказилади. Бироқ келаси йилги Мустақилилк байрами туркманларга мамлакатнинг Осиё ўйинларидаги қучган ғалабасини ва ўйинларнинг сўнгги кунини эслатиб туриши шубҳасиз.

Байроқ куни 1997 йилдан бери нишонланаётган 19 февралдан 18 майга кўчирилди.

Энди 18 майда ҳам Конституция, ҳам Байроқ куни нишонланадиган бўлди.

19 февраль Байроқ куни бўлиши баробарида Ниёзовнинг маваллуд куни ҳам эди.

Бундан буён 19 февралда ҳеч нарса байрам қилинмайди.

XS
SM
MD
LG