Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2021, Тошкент вақти: 02:56

«Туркманистон Тихановскаяси»: Биз энди қўрқмаймиз


Туркманистонлик сиёсий фаолга айланган меҳнат муҳожири Дурсолтан Таганова 

Туркманистонлик муҳожир Дурсолтан Таганова атиги бир неча ой олдин сиёсий фаолиятини бошлаган. Айни дамда Туркияда яшаётган Таганова мамлакатда туркман мухолифати ўтказган юришларда қатнашди, ижтимоий тармоқларда ҳукуматни танқид қилди.

Истанбулдаги Туркманистон консуллиги олдидаги норозилик акциясида қатнашгани учун Туркия полицияси қўлга олган 29 ёшдаги фаол уни бадарға қилиш масаласи кўриб чиқиларкан, уч ой вақт депортация марказида қолди.

Истанбулдаги норозилик акцияси қатнашчилари Ашхободнинг коронавирус бўйича сиёсатини қораладилар. Туркманистон ҳали-ҳануз мамлакатда ҳеч ким вирусга чалинмаганини иддао қилмоқда. Намойишчилар, шунингдек, авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов истеъфосини талаб қилишди.

Таганова 30 октябрь куни Озодликнинг туркман хизматига берган интервьюсида:

«Мен Туркманистон ҳукуматидан халқимизни ушбу хавфли вирусдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилиб, бошқа муҳожирлар билан бир қаторда 19 июль куни бўлиб ўтган намойишда қатнашдим», - деди.

«Ҳукумат Туркманистонда одамлар [коронавирусдан] ўлаётган бир пайтда мамлакатда коронавирус йўқлигини айтмоқда. Вирусдан менинг бир неча қариндошим ва танишим нобуд бўлди», - деди у.

Дунёнинг бошқа давлатлари, жумладан, АҚШда туркманистонлик муҳожирлар мамлакат дипломатик миссиялари олдида ҳукуматнинг мамлакатда коронавирус йўқлиги ҳақидаги иддаосини қоралаб, намойишга чиқдилар.

Туркманистон расмийларининг муносабатидан Таганова улар учун энг хавфли мухолифатчига айланганини хулоса қилиш мумкин.

Таганованинг ўзи Лебап вилоятидан бўлиб, у ерда уни ёмонотлиқ қилиш кампанияси бошланган. Фаолнинг оила аъзолари тазйиқ остида уни қоралашга мажбур бўлдилар.

Маҳаллий амалдорлар ҳамда аёллар гуруҳлари Лебап аҳолисига Таганова хоин эканлигини ҳамда мамлакатни беқарорлаштиришни исташини уқтирмоқдалар.

Улар ҳатто Тагановани Беларусь президенти Александр Лукашенконинг рақиби ва мухолифат етакчиси Светлана Тихановскаяга қиёсладилар. Беларусда август ойида бўлиб ўтган президент сайловида Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери норозилик акциялари тинчимаяпти.

Лебап расмийлари ҳатто аҳоли билан учрашиб, Таганованинг Тихановскаяга ўхшаш ниятлари борлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Аммо Таганова ўзини Тихановскаяга қиёсламаслигини, чунки у «қаҳрамон» эканлигини, ўзи эса «шунчаки фаол» эканлигини айтди.

«Мен оддий фуқароман, лекин шуни тушуниб етдимки, агар биз ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, ўз эркинлигимизни қўлга киритмасак, агар биз ўзимиз [демократик] давлат қурмасак, ҳеч ким бизга эркинлик ва [демократия] совға қилмайди», - деди Таганова.

Тихановская каби Таганова ҳам Ашхободда ҳокимият тепасига эркин ва адолатли сайловлар орқали янги, демократик ҳукумат келишини истайди. Таганова «ноқонуний президент» Бердимуҳамедов лавозимини бўшатиши кераклигига ишонади.

Туркманистонда йирик табиий бойликлар захиралари бўлишига қарамасдан, мамлакат аҳолисининг катта қисми қашшоқликда ҳаёт кечиради.

Мамлакат топадиган мўмай даромад назорати Бердимуҳамедов ва унинг яқинлари қўлида бўлиб, оддий аҳолига етиб бормайди.

Кейинги йилларда нефть ва газ нархи тушиб кетани учун мамлакатдаги иқтисодий вазият янада оғирлашди. Хусусан, Туркманистонда маҳсулотлар тақчиллиги юзага келди, нархлар ошди.

Ҳукумат мухолифат гуруҳлари ва эркин матбуотни сиқувга олган ва аҳолининг кундалик ҳаётини қаттиқ назорат қилади. Кўплаб фаол, журналист ва оддий фуқаро ҳукуматни танқид қилгани учун қамалди ёки руҳий хасталар шифохоналарига ётқизилди.

Ҳукумат мамлакатда ҳануз бирорта ҳам шахс коронавирусга чалинмаганини иддао қилмоқда. Аслида эса мамлакат тиббий муассасаларидаги манбалар мамлакатда COVID-19 билан боғлиқ вазият «назоратдан чиқиб кетганини» хабар қилмоқда.

Истанбулда бўлиб ўтган норозилик акциясини Туркия полицияси тарқатиб юборди. Таганова ва яна ўнлаб одам коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича кўрсатмаларни бузишда айбланди. Бир неча соатдан кейин Тагановадан ташқари барча намойишчи қўйиб юборилди.

Таганованинг адвокатига кўра, Туркманистон консуллиги Таганова ҳамда яна тўрт нафар фаолни туркман дипломатлари фаолиятига халал беришда ҳамда уларга таҳдид солишда айблаган.

Орадан кўп этмай бу иддао рад этилди, аммо Туркия расмийлари Тагановани Селимпаша депортация марказига юборди.

«Туркманистон демократик танлови» мухолифат гуруҳи етакчиси Мурат Қурванов Туркия расмийлари Тагановани Туркманистон ҳукумати қистови билан бадарға қилишга қарор қилганини айтди. Озодлик бу иддаони мустақил равишда тасдиқлай олмади. Аммо дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бири бўлмиш Туркманистонда ҳукумат танқидчилари жиддий тазйиқларда дучор бўлиб келади.

Таганова Озодликка берган интервьюсида Туркманистон дипломатик миссиялари мунтазам равишда хориждаги туркманистонликлар паспортлари яроқлилик муддатини узайтирмаслигини айтди.

«Биз, Туркманистон фуқаролари, чет элга ишлашга боришимиз сабаби ўз мамлакатимизда иш тополмаймиз. Аммо биз Туркманистон ташқарисида ҳам расмийларимиз томонидан яратилган муаммолардан азият чекмоқдамиз», - деди фаол.

«Паспортларимизни янгиламайдилар. Туркманистонлик муҳожир чет элда вафот этса, жасадни уйга етказишга ёрдам бермайдилар. Ҳатто пандемия пайтида ҳам улар чет элда ишсиз қолганларга ёрдам бермадилар. На мамлакат ичидаги, на чет элда яшовчиларга ёрдам берадилар. Шунинг учун мен [ҳукуматга қарши] намойишларга қўшилишга қарор қилдим», - дея сўзини давом эттирди фаол.

11 та инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Туркия расмийларини Тагановани Туркманистонга бадарға қилмасликка чорлаши ортидан фаол 12 октябрь куни қўйиб юборилди.

Бунинг ортидан Таганова Туркияда қолиш учун бир йиллик қочқин визасини олди. Аммо Таганова туғилиб ўсган Туркманобод шаҳрида расмийлар унинг оила-аъзоларига тазйиқ ўтказмоқда.

Таганова Истанбулда қўйиб юборилган кун Туркманистон полицияси унинг укаси Бабажанни сўроқ қилиб, телефонини мусодара қилди. Бабажанга унинг опаси «товламачиликда» айбланаётганини, агар Туркманистонга қадам босса, ҳибсга олинишини айтишди.

Таганованинг онаси Мерйемгул Баймурадова қизи июнь ойида ижтимоий тармоқларда ҳукуматни танқид қила бошлаши ортида Туркманистон расмийлари оилани таъқиб қила бошлаганини айтди.

Баймурадова Туркман-Ҳелсинки инсон ҳуқуқлари жамғармаси ҳамда «Мемориал» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳига берган интервьюсида маҳаллий ҳокимият расмийси оилани Таганованинг Туркиядаги ҳаёти ва иши ҳақида сўроқ қилганини ҳамда унинг телефон рақамини сўрашганини айтди. Шунингдек, маҳаллий расмий уларни Таганованинг фаолияти «оқибатлари» ҳақидаги огоҳлантирган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Туркманистон полицияси Таганованинг ота-онаси, укаси, собиқ эри ва бошқа қариндошларини сўроқ қилган. Улар Тагановани «хоин» деб атаб видеомурожаат ёзишга мажбур бўлганлар.

Таганова ватанида расмийлар оила аъзоларига босим ўтказаётганидан хабардор эканлигини айтди.

«Табиийки, бу менга ҳам таъсир қилади», - деди фаол.

Аммо у эркинлик учун курашиш ҳамда «Туркманистон демократик танлови» партиясини қўллашда давом этишини айтди.

«Биз қўрқар эдик, аммо энди қўрқмаймиз», - дея сўзини якунлади фаол.

XS
SM
MD
LG