Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:07

"Туркманистонда яшаяпсанми, давлат тилини билишинг шарт". Рус тилидан воз кечиш уриниши ва Кремл босими


Ашхободдаги туркман-рус мактабида математика дарси. 19 январь, 2010
Ашхободдаги туркман-рус мактабида математика дарси. 19 январь, 2010

Туркманистонда ўттиз йилдан зиёд вақтдан бери давом этаётган “туркманлаштириш” рус тилининг мавқеига путур етказди. Аммо ундан иккинчи тил сифатида ҳамон фойдаланишади, айниқса сиёсатчилар. Илгари рус тилидан воз кечишга уринишларни Россия жуда оғриқли қабул қилар, матбуотда “Рус тилисиз Туркманистон ўрта асрлар қаърига шўнғийди” каби сарлавҳалар пайдо бўларди. Тил масаласига оид сўнгги баҳсларга TikTok’да чиққан бир ролик сабаб бўлди.

Шу ой бошида TikTok’нинг мўъжазгина туркман сегментида бир қўшиқчи қиз Ашхобод ресторанларидан бирида уни гўё туркман тилини билмаслиги учун изза қилишганидан шикоят қилиб чиқди.

“Менежер русча гапирди, шу боис унга русча жавоб бердим”, деб ёзади хонанда ижтимоий тармоқда ва менежер ундан: “Рус тилини жуда бузиб гапирар экансан, қўшиқ айта олишингга ишончинг комилми?” деб сўрагани ҳақида сўзлаб беради.

“Барча хонандалар рус тилини билишга мажбурми? – дея туркманчалаб сўрайди қиз обуначиларидан. – Менимча, ўзаро ҳурмат муҳимроқ, ахир унга [менежерга] Туркманистонда яшаётган одам туркман тилини билиши шарт, демаяпман-ку”.

Видео бир ҳафтада қарийб 70 000 лайк ва 500 дан зиёд изоҳ йиғди, аксар фойдаланувчилар хонандага хайрихоҳлик билдиришди.

Кўпчилик фикрича, бу ерда ресторан менежери уялиши керак, чунки “Туркманистонда яшаяптими, у давлат тилини билишга мажбур”.

Ролик ортидан чиққан резонанс яна бир карра исботлайдики, рус тили туркман жамияти ҳаётидан ғойиб бўлган эса-да, ҳамон снобизм ва ихтилофлар манбаи бўлиши мумкин экан.

Озодлик туркман хизматининг “Дунё туркманлари” ҳафталик дастури постсовет макондаги энг авторитар ва ёпиқ мамлакат бўлиб қолаётган Туркманистонда рус тили қўлланишининг замонавий ва тарихий тенденциялари ҳақида туркум суҳбатлар эълон қилмоқда.

Ушбу суҳбатлардан хулоса шуки, мамлакатда рус тилининг нуфузи аниқ камайган бўлса-да, у ижтимоий ҳаётдан буткул йўқолиб кетган эмас.

OzodNazar: Шерзод Қудратхўжа узр сўраши керакми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:50:11 0:00

Пандемия даври ва русийзабон мактаблардаги ваҳима

Сардор Бердимуҳамедов хорижга сафарларини Россиядан бошлаган эди. 2022 йилнинг 10 июнида, отаси Гурбангули Бердимуҳамедов ўрнига президент курсисига ўтирганидан уч ой ўтар-ўтмас у Москвага келган.

Россия президенти Владимир Путин ўша учрашув чоғида Туркманистонда “рус тили ва маданияти асраб-авайлангани учун” ҳамкасбига миннатдорлик билдирган.

Путин Ашхободдаги Александр Пушкин номи билан аталувчи рус-туркман мактабини ҳам тилга олган. Озодликнинг туркман хизмати маълумотига кўра, Россия таълим дастури жорий қилинган ушбу мактаб маҳаллий сиёсий элита орасида жуда машҳур.

Туркманистоннинг янги лидери Рус-туркман университетини ташкил қилиш билан таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилган ва ушбу таклиф, ТАСС агентлиги хабарига кўра, “Путин тарафидан тамомила хайрихоҳлик билан қабул қилинган ва қўллаб-қувватланган”.

Ушбу музокаралар оҳангги Россия матбуотининг 2020 йилда, ўқув йили бошида чиққан Туркманистонда гўёки қолган-қутган рус тилли таълим муассасалари ёпилаётганига доир ваҳимали хабарлари мазмунидан кескин фарқ қилди.

Озодликнинг туркман хизмати ўшанда давлат идораларида хизмат қилувчи этник туркманларга ўз фарзандларини туркман тилида таълим бериладиган мактабларга ўтказиш талабини юкловчи буйруқ чиққанини хабар қилган эди.

Пойтахтдаги рус тилли мактаблар ўқувчиларининг ота-оналари рус тилидаги дарслар вақти кескин қисқартирилганини ва ҳатто – кўп ҳолларда – рус тилида дарс ўтиш тўхтатилганини маълум қилишган.

Туркманистон ҳукумати эса вазиятга изоҳ бермади, мамлакатда рус тилида таълим бериш тўхтатилгани ҳақида расмий фармойиш чиққани йўқ.

Бироқ кремлпараст ОАВлар ўзича хулоса қилиб бўлганди.

“Рус тилисиз Туркманистон ўрта асрлар қаърига шўнғийди” дея аюҳаннос солди шундай нашрлардан бири – “Взгляд” газетаси.

Мақолада Туркманистондаги Россия элчихонасининг коронавирус пандемияси даврида санитария меъёрларига риоя этиш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келгани муносабати билан туркман ҳукумати рус тилида таълим бериладиган синфлар ёпилиши ҳақида хабарнома йўллагани тўғрисидаги мўътадил босиқ баёноти иқтибос сифатида келтирилган эди.

Элчихона туркман мулозимларининг бу хатти-ҳаракатидан таассуф билдирган, холос.

Москва тарафидан босим бўлдими, ёки болалари туркман тилида ўқишга кўникиши қийин кечаётган ота-оналарнинг норозилиги таъсир қилдими, ишқилиб қисман ёки тўлиқ рус тилида таълим берадиган мактаблар ўша “бўрон”дан эсон-омон ўтиб олди.

Туркманистонда ўшандан бери яна ўнлаб рус тилли мактаблар очилди ва уларга талаб ҳануз юқори.

Русийзабонлар аҳволи

Туркман ҳукумати мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб туркман тили устунлигини зўр бериб тарғиб қилди. 1992 йилда рус тили миллатлараро мулоқот тили мақомидан маҳрум бўлди. Ҳатто рус тилида чиқадиган газеталар ўз ўқувчиларини туркман тилини ўрганишга даъват этди.

Келаси йили давлат ТВси рус тилидаги кўрсатувлар вақтини кунига бир неча соатгача қисқартирди. Давлат радиоси эса рус тилида эшиттиришлар узатишни 2000 йилда бутунлай тўхтатди.

Натижада минглаб этник руслар мамлакатни тарк этишди. Бугунги кунда Ашхободдан ташқари, Туркманбоши ва Болқонобод шаҳарларида йирикроқ русийзабон гуруҳлар сақланиб қолган.

Озодликнинг Болқон вилоятидаги мухбирига кўра, Туркманбошидаги Кенар бозорида “фақат рус тилида сўзлашилади”.

Сунъий йўлдош антеннаси орқали ишлайдиган Россия телеканаллари бутун мамлакатда оммабоп бўлса-да, айнан Туркманбошида улар маҳаллий ва бошқа хорижий каналлардан яққол устунлик қилади.

Каспий бўйидаги 100 минг аҳоли яшовчи ушбу шаҳарни Россия империяси 1989 йилда босиб олиб, ҳозирги Ўзбекистоннинг Хива ҳамда Бухоро шаҳарларига ҳужум қилишда ундан плацдарм ўлароқ фойдаланган.

Истилога қадар Қизил Су аталган қалъани руслар кейинчалик ўз тилига мослаб Красноводск деб ўзгартирди.

Бу ном қарийб 125 йил сақланди ва 1993 йилда биринчи президент Сапармурод Ниёзов ўзига ўзи берган Туркманбоши (“Туркманлар отаси”) унвонини шаҳарга ном қилиб тақади.

Туркманбоши ва Болқонободда рус тили сақланиб қолиши сабаби ушбу шаҳарлар аҳолиси нисбатан кўпмиллатли экани билан изоҳланади. Аҳоли сонида туркманлар салмоғи барибир катта бўлса-да, этник озарбайжон, арман ва славянлар ҳам сезилмас даражада оз эмас.

Маҳаллий аҳоли орасида рус тилига талаб катта эканига қарамай, рус тили ўқитувчилари сони чекланган бўлиб, бу мазкур тил асосан чет тили сифатида ўқитилишини билдиради.

Озодликнинг Болқон вилоятидаги мухбири дарсликлар етишмаслигини ўткир муаммолардан бири деб атаганди.

Мухбирга кўра, аксар мактабларда рус тили дарслари ҳафтасига олти соатдан икки соатга туширилган, фақат юқори синфларгина ҳафтасига уч соат дарс ўтилади.

Марказий Осиёдаги бошқа республикалар билан қиёслаганда, Туркманистон, шубҳасиз, этник жиҳатдан энг унитар мамлакатдир.

2003 йилда ҳукуматнинг қўшфуқароликни тан олиш ҳақидаги икки томонлама битимни бекор қилиши русийзабонлар муҳожирларнинг янги тўлқини пайдо бўлишига олиб келди, чунки улар икки мамлакатдан бирини танлашга мажбур бўлишди.

Бироқ Сардор Бердимуҳамедовнинг Россияга 2022 йилги ташрифидан сўнг туркман ҳукумати ҳам Туркманистон, ҳам Россия фуқароси бўлмиш ватандошларга яна хорижга чиқиш паспорти бера бошлади.

Миграция тенденциялари ўзгармоқда, бу рус тили мақомига қанчалик таъсир қилади?

Чет мамлакатларда рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланувчи Россотрудничество агентлиги ўтган йили “Туркманистонда 40 фоиз аҳоли русча гапира олади ёки тушунади – бу Марказий Осиёдаги қолган тўрт республиканинг ҳар биридагидан кам”, дея баёнот берди. Яна, агентлик иддаосича, Туркманистон аҳолисининг қарийб 12 фоизи ҳамон рус тилини она тили деб билар эмиш.

Бу маълумотлар қаердан олингани номаълум, лекин Туркманистондаги сўнгги аҳолини рўйхатга олиш натижаларидан эмаслиги аниқ, чунки туркман ҳукумати этник ёки тил озчиликларига доир маълумотларни эълон қилмай қўйган.

Ўзбек муҳожирлари: Рус тили бизга иш ва мулоқот учун керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:05 0:00

Аммо рус тили асосий хорижий тил мақомини туркман тилига жуда яқин ва 1993 йили лотин алифбосига ўтилганидан сўнг ўрганиш янада осонлашган турк тилига бой бергани факти яққол кўзга ташланмоқда.

Бунга туркманларнинг Туркияга миграцияси ҳам сабаб бўлаётир.

Туркия ҳукумати қайдларига кўра, 2022 йил сентябр ҳолатига Туркияда яшаш рухсатномаси ёки ишчи визасига эга 230 минг нафар туркман бўлган.

Етти миллион аҳоли яшайдиган мамлакат учун бу жуда катта кўрсаткич. Дарвоқе, таҳлилчилар туркман ҳукумати иқтисодиёт заифлиги ва жамият асосий эркинликлардан маҳрум бўлиши ортидан пайдо бўлган оммавий миграцияни хаспўшлаш мақсадида мамлакат аҳолиси сонини атай ошириб кўрсатади, деб ҳисоблайдилар.

Туркиядаги туркманлар салмоғи Россиядаги туркман фуқаролари сонига нисбатан жуда кўп, аммо бунинг изоҳи бор: Россия Туркманистоннинг ёпиқ миграция сиёсатига жавобан ушбу мамлакат фуқароларининг ўз ҳудудига визасиз киришига рухсат бермайди.

Бироқ бу рақамлар, Туркия Ашхобод талабига биноан туркманлар учун визасиз режимни бекор қилганидан сўнг ўзгармоқда.

Туркияда расман яшайдиган туркманлар сони ўтган йили 200 минг нафардан камайди.

Миграция қоидаларини бузгани учун туркманларни Туркиядан депортация қилиш авж олаётганига ҳисобига ишлаб пул топгани Россияга кетишга интилиш кучайди ва Туркманистонда русийзабонлар сонини ошириши мумкин бўлган тенденциядир.

2023 йилнинг ёзида Россия элчихонаси мамлакат университетларида туркманларга аввалгидан анча кўп – 300 та ўрин ажратилишини, ҳужжат топшириш жараёни соддалаштирилганини эълон қилган эди.

Россиянинг Украинага босқини муҳокамаси собиқ СССР мамлакатларида рус тили атрофидаги баҳс-мунозараларни кескин оловлантирди, бироқ Туркманистон бундан мустасно.

Туркманистоннинг умумий ахборот изоляцияси уруш жамият даражасида ҳам, давлат даражасида ҳам муҳокама қилинмаслигини англатади.

Аммо 2022 йил охирларида Озодликнинг туркман хизмати таълим, ички ишлар ва миллий хавфсизлик вазирликлари биргаликда Украинадаги урушга “Америка ва Европа ОАВларининг фитналари” сабаб бўлганини ёшларга тушунтириш мақсадида тадбирлар ўтказгани ҳақида ёзган эди.

“Дунё туркманлари” туркумидан материаллар тайёрлашда иштирок этган Озодлик мухбирига кўра, ички ишлар ва миллий хавфсизлик вазирликлари мулозимлари учун рус тилини билиш мажбурий ҳисобланади.

“Улар малака ошириш учун вақти-вақти билан Россия Федерациясига хизмат сафарларига жўнатилади”, дейди мухбир ушбу вазирликлардаги манбаларига таяниб.

Форум

XS
SM
MD
LG