Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:29

Туркманистонда субсидияланган озиқ-овқат олиш қийинлашмоқда


Туркманистонда кўплаб одамлар ҳаёти хавф остида. Мамлакатда қашшоқлик, инфляция ва озиқ-овқат тақчиллиги кучайиши ортидан туркман меҳнат муҳожирлари ва маҳбусларнинг оила аъзолари субсидияланган озиқ-овқат олишдан маҳрум қилинмоқда.

Бир неча манбага кўра, янги қоида келаси йил бошидан кучга киради.

Туркманистон ўз фуқароларининг давлатга қарашли озиқ-овқат дўконларидан фойдаланиш имкониятини тобора чекламоқда. Давлат озиқ-овқат дўконлари хусусий дўконлардагидан 10 баравар арзонроқ.

Бу чеклов ресурсларга бой, аммо қашшоқ мамлакатдаги миллионлаб одамларга салбий таьсир кўрсатиши мумкин. Хорижда тахминан бир миллионга яқин туркман меҳнат муҳожирлари бўлиб, уларнинг аксарияти Туркияда ишлайди.

Жорий йил бошида мамлакат қамоқхоналаридаги маҳбуслар сони 35 мингга етиши тахмин қилинган эди.

Туркманистоннинг ёпиқ ҳукумати кутилаётган ўзгаришлар ёки уларнинг эҳтимолий сабаблари ҳақида ҳеч қандай расмий муносабат билдирмаган. Аммо манбаларга ишонилса, бу режа ҳақида вилоят савдо бошқармалари аллақачон хабардор қилинган.

Лебап вилоятининг Фарап туманида 18 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мажлис қатнашчиларидан бир нечтаси юқори лавозимли амалдорларга тегишли кўрсатмалар берилганини таъкидлаган.

Уларнинг сўзларига кўра, расмийлар яқинда субсидияланган маҳсулотларни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар рўйхатига қўшимча тоифадаги одамларни қўшиш ҳақида ўйламоқда.

Манбаларга кўра, кўриб чиқилаётган таклифлардан бири – аскарлар, уруш фахрийлари ва мудофаа соҳасига жалб қилинган бошқа шахсларнинг оилаларидан иборат кичик бир қатламдан ташқари ҳамма учун имтиёзли озиқ-овқат олиш ҳуқуқини тугатишдир.

Озодлик мухбири изоҳ олиш учун Лебап ва Ашҳобод расмийлари билан боғланишга уринди, аммо жавоб ололмади. Кучли назорат остида бўлган мамлакат расмийлари одатда мустақил матбуот билан гаплашишни хоҳламайди.

Ҳукумат бир оила учун давлат дўконидан харид қилишга рухсат этилган озиқ-овқат миқдорини камайтирди.

Лебап вилоятида давлат озиқ-овқат дўконида навбат юзага келган.

Масалан, Мари вилоятида етти кишилик оилага давлат дўконларида ойига кўпи билан 2 литр пахта ёғи, 2 литр кунгабоқар ёғи ва 2 килограмм шакар сотиб олишга рухсат берилган. “Аммо, март ойида жорий этилган янги чеклов туфайли бу миқдор икки бараварга қисқарди”, дейди маҳаллий аҳоли.

Ҳозирда давлат дўконларида нон, ун, гуруч, ёғ, шакар, тухум ва товуқ гўшти энг талабгир маҳсулотга айланган. Аммо дўконлар керакли маҳсулотлар билан етарлича таъминламаяпти. Чунки мамлакат бир неча йиллардан бери иқтисодий қийинчиликлар ва озиқ-овқат танқислиги билан рўбарў келмоқда.

Пойтахт Ашхободда аҳвол қишлоқ жойларга қараганда анча яхши бўлса ҳам, кўплаб давлат дўконлари бу йил озиқ-овқат тақсимоти тизимига ўтган. Ҳар бир фуқарога бир кунда учта нон сотиб олишга рухсат берилган.

Вилоятларда харид қилиш мумкин бўлган озиқ-овқат миқдори уй хўжалигида рўйхатда турувчи одамлар сонига боғлиқ.

Феврал ойида бутун мамлакат бўйлаб давлат дўконларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, жумладан, шакар, ёғ ва товуқ гўшти 50 фоизгача қимматлаган.

Одамлар кўпинча нархларнинг кўтарилгани, янги чекловлар ҳақида сотувчилардан билиб олади. Расмийлар ҳеч қачон нархларнинг кўтарилиши, етказиб беришдаги танқислик ёки арзон озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишдаги чекловлар ҳақида эълон қилмайди.

Туркманлар, шунингдек, давлат дўконларидан харид қилиш ҳуқуқига эга бўлиш учун талаблар кўплигидан ва қоғозбозликдан шикоят қилмоқда. Мисол учун, коммунал тўловлардан қарзи бўлганлар автоматик равишда рўйхатдан чиқариб юборилади.

Ашхободлик кекса аëл ахлат қутисидан ейиш учун озиқ-овқат қидирмоқда.
Ашхободлик кекса аëл ахлат қутисидан ейиш учун озиқ-овқат қидирмоқда.

Вилоятларда аҳоли ҳар йили маҳаллий дўконда рўйхатдан ўтиши ва ҳар бир хонадонда рўйхатда турувчилар сонини, шунингдек, мулк тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт.

Оиланинг ҳар бир аъзоси рўйхатдан ўтиш учун паспортини тақдим этиши керак. Кўзбўямачиликлар олдини олиш учун паспорт нусхаси қабул қилинмаслиги айтилади.

XS
SM
MD
LG