Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:53

Украин депутати: “Днестрбўйини қайтариб олиш учун молдаванларда қулай фурсат туғилди” (ВИДЕО)


Украина Олий Радаси депутати, Мудофаа қўмитаси аъзоси Роман Костенко.
Украина Олий Радаси депутати, Мудофаа қўмитаси аъзоси Роман Костенко.

Украина Олий Радаси депутати, Мудофаа қўмитаси аъзоси Роман Костенко “Настояшчее время” телеканалига 23 апрель куни Одессага берилган ракета зарбалари, Николаев ва бошқа жанубий вилоятлардаги ҳарбий вазият ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Россиянинг тан олинмаган Днестрбўйи республикасига “йўлак” очиш имкониятларини изоҳлади.

“Қўшниларимиз бўлмиш молдаванларга Днестрбўйи ҳудуди кўп йиллар муқаддам улардан тортиб олинганига сиёсий кўз билан қарашни, қулай фурсат келган пайтда армияни ишга солиб, уни қайтариб олишни маслаҳат берган бўлардим, – деди Костенко. – Менимча, агар илтимос қилишса, бизнинг ҳукуматимиз уларга ёрдам беришдан қочмайди, чунки айирмачи республикалар нималиги бизга яхши маълум. Боз устига, Днестрбўйида душман бор – бизнинг душманимиз. Мамлакатимиз душманларини яксон қилишга ҳамиша тайёрмиз”.

– 23 апрель, шанба куни Одессага зарбалар берилгани, ўлганлар ва ярадорлар борлиги маълум бўлди. Билишимизча, Николаевда ҳам тревога эълон қилинган экан?

– Ҳа, бу биз учун янгилик эмас, бизда кунига бир неча марталаб тревога эълон қилинади. Баъзан 10 ва ундан ортиқ дафъа бўлади. Ҳар гал денгиздан ракеталар учирилганида биз уларни кўриб турамиз, улар Николаев ёки Одессага ёки Херсон орқали бошқа тарафга учади, лекин ҳар гал тревога эълон қилинади, чунки ракеталар аниқ қаерга йўлланганини ҳар доим ҳам чамалай олмаймиз.

– Тревога эълон қилинишидан ракета келиб тушгунича одатда қанча вақт ўтади?

– Бу ракета қаердан учирилганига, кемалар қаерда турганига боғлиқ. Россия Қора денгиз флотининг флагманини чўктирганимиздан сўнг рус кемалари яқин келишга қўрқиб қолди, энди улар узоқроқдан, Қора денгиздаги сув ости кемалардан зарба йўллашяпти. Бу бизга зарбаларга қарши тезроқ чора кўриш имконини бермоқда. “Искандер” ёки “Точка У” ракеталари бўлса, улар Херсон ва Каховка тарафдан учиб келади, бинобарин мазкур ҳолатда тайёргарликка кам вақт қолади.

– Урушнинг илк куниданоқ Николаев вилоятида хизмат қиляпсиз. Айтинг-чи, вилоятда аҳвол қандай?

– Херсон ва Николаев вилоятлари чегарасида жанглар бўляпти, душман куч тўпламоқда, уларнинг қайта гуруҳланаётганини кўриб турибмиз. Янги кучлар айнан Херсон тарафдан келяпти. Каховка яқинида улар манёвр қилаётганини ва қайта гуруҳлангач, қўшинларнинг бир қисми шарққа йўналтирилаётганини кўряпмиз. Херсон йўналиши ҳам кучайтирилган, қўшин йиғилмоқда, ўйлайманки, шарқда бирон ютуққа эриша олмасалар, бу йўналишда олдинга силжишга умид қилишмоқда.

Ва бу бугун кўриб турганимиз ҳолат, ҳарбий режалар эса исталган лаҳзада ўзгариши мумкин. Чунки, такрор айтаман, кўп нарса шарқда вазият қандай бўлишига боғлиқ. Агар оёқ тираб туриб олишса ва уларга ғалаба жуда зарур бўлса, бу ғалабани жанубдан қидириб, Николаев, Одесса ва умуман, Украина жанубини мамлакатнинг қолган қисмидан кесиб олиш учун зўр беришади.

– Россия қўшинлари Николаевга аннексия қилинган Қрим тарафдан боряптими ёки тан олинмаган “ДХР” ва “ЛХР” томонданми?

– Асосан босиб олинган Қрим ҳудудидан. “ДХР”/”ЛХР” кучлари кўпроқ Николаев йўналишида турибди, уларга чекинишга имкон қолдирмаслик учун ортларидан Россия армияси жойлаштирилган.

Каховка, Снигирь йўналишларини олсак, у ерда қўшинлар аралаш: мунтазам армия ҳам бор, “ДХР” кучлари ҳам. Қишлоқнинг ўзини эса “ДХР” ва “ЛХР” аскарлари назорат қилмоқда. Улар одамларнинг мол-мулкларини тортиб олишаётганини, аҳолини хўрлашаётганини, қисқаси, хоҳлаган ишларини қилиб ҳарбий жиноятлар содир этишаётганини эшитяпмиз.

– Николаев вилоятидаги энг қайноқ нуқталар қайси?

– Менимча, бу Николаев вилояти жанубидаги Александровка, Станислав Прибугское қишлоқлари бўлса керак.

– Россия генерали Миннекаев Украинанинг бутун жанубий қисмини босиб олиб, тан олинмаган Днестрбўйи республикасига чиқиш режаси ҳақида гапирди. Бунга Николаев вилояти маъмурияти нима дейди? Ахир мазкур режага кўра Николаев ва Одесса вилоятлари ҳам ишғол этилиши керак?

– Бу гапда ҳеч бир янгилик кўрганимиз йўқ. Россиянинг шунақа мақсади борлигини, шунга интилишини ҳаммавақт билганмиз.

Совет Иттифоқи парчалангач, улар бир талай шунақа тан олинмаган республикаларни ясаб ташлашди: бу ҳудудларнинг аксар аҳолиси қари-қартангдан иборат, бирон ривожланиш йўқ. Украинани жанубий вилоятларидан узиб қўйиб, Днестрбўйига чиқиш уларга “Мана, шу ишни уддаладик”, деб мақтаниш учун керак. Қолаверса, 2014 йилдан бери ваъда қилинаётган “Новороссия” лойиҳаси ҳам бор. Уларга бирон арзигулик ғалаба керак, ғалаба қозониш учун келишган улар, Украинани уч кунда забт этишмоқчи эди. Ҳолбуки, ҳар бир жабҳада мағлуб бўлишмоқда ёки украин армиясига урилиб, абжақ бўлишяпти. 9 майга оз қолди, ўз анъаналарига кўра, одамларга қанақадир ғалаба “тортиқ қилиш” керак. Шунинг учун ҳам чираниб ётишибди.

Лекин биз – украинлар юртимизни ҳимоя қиламиз, ҳеч кимнинг бизга совет саналарини популистларча тиқиштиришига йўл қўймаймиз. Яна такрорлайман: бизда куч бор, қурол бор, ҳақ йўлда эканимизга ишончимиз юксак, душманни савалашда давом этамиз. Бу жиноятларни содир этган, буйруқ берган ҳар бир кимсани топамиз. У қолган-қутган умрини яшар экан, украинлар ўз юртида қилган ваҳшийликлари учун унинг жонини олгани келишини ҳар он ҳис этиб туради.

– Кечаги ёйинимизда Одесса ҳарбий маъмурияти вакили қатнашган эди, у билан Одесса вилоятига Днестрбўйи томондан ҳужум қилишлари мумкинми, йўқми, деган масалада фикрлашдик. У мазкур ҳудудда Россиянинг бирон бир тузукроқ қуроли йўқлигини айтди. Днестрбўйидан ростдан ҳам ҳужум бўлмаслигини тасдиқлай оласизми?

– Днестрбўйи хусусида мен бир оз бошқача фикрдаман. Уларда қурол-аслаҳа йўқ, деган гап баҳсталаб. Чунки у ерда генерал Лебеднинг 14-армияси замонидан бери улкан омборлар бор. Жуда катта омборлар. Шунга қарамай, куч ва воситалари бизга ҳужум қилиш учун етарли эмас. Боз устига, уларнинг қаршисига кучли ҳарбий бўлинмалар гуруҳини жойлаштирганмиз, ҳамла қилишга ҳаддилари сиғмайди.

Россия ушбу ҳудудда қўшин тўпламоқчи бўлса, буни фақат ҳаво орқали ёки қуруқликдаги йўлак орқали қилиш мумкин. Иккала йўлни ҳам биз назорат қиляпмиз. Қуруқлик орқали яна битта йўл қолади – Руминия ҳудуди. Европа бунга асло рози бўлмайди. Шу боис Днестрбўйига Россия қўшинлари ташланиши эҳтимоли жуда паст деб ҳисоблайман. У ерда мавжуд кучлар эса Украинага ҳужум қилишга етмайди, аммо қўшинимизнинг бир қисмини “ушлаб туришга” кифоя қилади.

Аммо мен қўшниларимиз – молдаванларга Днестрбўйи ҳудуди кўп йиллар муқаддам улардан тортиб олинганига сиёсий кўз билан қарашни, фурсатни ғанимат билиб қурол кучи билан уни қайтариб олишни маслаҳат берган бўлардим. Менимча, агар илтимос қилишса, бизнинг ҳукуматимиз уларга ёрдам беришдан қочмайди, чунки айирмачи республикалар нималиги бизга яхши маълум. Боз устига, Днестрбўйида душман бор – бизнинг душманимиз. Мамлакатимиз душманларини яксон қилишга ҳамиша тайёрмиз.

– Николаев вилояти раҳбари аҳоли анча ҳолдан тойганига қарамай ҳарбийларга ёрдамлашаётганини айтган эди. Одамлар қанақа ёрдам беришяпти?

– Николаев шаҳри сувсиз қолганини билсангиз керак, душман коммуникацияларни узиб ташлаган, шаҳарда ичимлик суви мутлақо йўқ. Кўнгиллилар, ҳарбийлар, оддий фуқаролар биргаликла шаҳарни сув билан таъминлаш учун жонбозлик қилишмоқда.

Қолаверса, шаҳар узоқ мудофаага ётиб олишга ҳозирлик кўряпти, бир неча қаватли мудофаа марраларини қуряпмиз, айни шу ишларда тинч аҳоли катта ёрдам беряпти бизга. Иккинчи жаҳон урушида бўлгани каби, окоп ва траншеялар, танкка қарши ҳандақлар қазишга кўмаклашишяпти. Шаҳар ҳимояси умумий иш бўлгани учун барча уюшқоқлик билан ишламоқда.

XS
SM
MD
LG