Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2022, Тошкент вақти: 11:04

Халқаро хабарлар

Украина 2023 йилги бюджетининг қарийб ярмини ҳарбий харажатлар учун ажратади

Украина бош вазири Денис Шмигаль

Кейинги йилда Украина бюджетида мудофаа харажатлари учун 1 триллион 136 миллиард гривна (30,7 миллиард АҚШ доллари) ажратиш кўзда тутилган. Бу 2022 йил учун режаланган харажатлардан қарийб 4 баравар кўпдир.

Мазкур маблағ ҳарбийлар маоши, армия таъминоти, техника ва қурол-аслаҳа сотиб олиш ва таъмирлаш ҳамда уруш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун сарфланади.

“2023 йил бюджети бу ғалаба бюджетидир. Ҳозирнинг ўзида биз жамиятга йил осон кечмаслигини рўйирост айтяпмиз”, деган Украина бош вазири Денис Шмигаль ҳукумат мажлисида “уруш қимматга, жудаям қимматга тушадиган иш”лигини урғулаган.

Янаги йилга Украинада Жанговар ҳаракатлар оқибатларини бартараф қилиш фонди тузиш ҳам режаланган. Бунинг учун бюджетдан камида 19 миллиард гривна (520 миллион доллардан кўпроқ) ажратилиши айтилмоқда.

Кун янгиликлари

Россия Маданият вазирлиги уруш ва “Европанинг деградацияси” тўғрисидаги фильмларни молиялаштиришини билдирди

Режиссёр Никита Михалков ҳарбий фильмни суратга олиш жараёнида.

Россия Маданият вазирлиги бюджетдан биринчи навбатда молиялаштириладиган фильмлар мавзуларини эълон қилди.

Вазирлик ўқитувчилар, врачлар, инженерлар, ишчилар ва ҳарбийларнинг “ижтимоий мавқеини кўтарадиган” фильмлар биринчи навбатда молиялаштирилишини билдирган.

Шунингдек, бюджет ҳисобидан Россиянинг “замонавий, барқарор ва хавфсиз давлат” эканини тараннум этувчи фильмлар ҳам суратга олинади.

Бундан ташқари Россия ҳукумати “Европанинг деградацияси”, жамиятнинг рус армиясини дастаклаш йўналишидаги интилишлари ва Малороссия Россиянинг тарихий вилояти бўлгани тўғрисидаги фильмларни ҳам суратга олишни таклиф этмоқда.

Бу соҳада “Россия ҳарбийларининг Украинада фашистларга қарши қаҳрамонона кураши”ни акс эттирган фильмларга алоҳида эътибор қаратилади.

Хитойнинг собиқ раҳбари Цзян Цзэмин вафот этди

Цзян Цзэмин 1993-2003 йиллари Хитой Халқ Республикасининг раиси бўлган.

Хитойнинг собиқ раҳбари Цзян Цзэмин 30 ноябрда 96 ёшида Шанхайда вафот этди. Бу ҳақда Хитой матбуоти хабар тарқатди.

1926 йилда туғилган Цзэмин 1947 йилда Шанхай университетини тамомлаган. Шундан сўнг у 30 йил Хитой машинасозлик вазирлигида ишлади.

У 1955 йилда Москвадаги Сталин заводига тажриба алмашиш учун келади ва тўрт ой давомида рус тилини ўрганади. 1982 йилда у Хитой электрон ривожланиш вазири, 1985 йилдан 1989 йилгача Шанхай мэри лавозимларида ишлайди. 1989 йилдан Цзэмин Хитой Коммунистик партияси бош котиби бўлади.

Цзян Цзэмин 1993-2003 йиллари Хитой Халқ Республикасининг раиси бўлган. У раислик қилган йилларда Хитой иқтисодиёти жаҳонда еттинчи ўринга чиқди. Шунингдек, Хитой Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига қабул қилинди.

Хитойга 2003 йилдан 2013 йилгача Ху Цзинтао раҳбарлик қилган. 2013 йилдан шу кунгача мамлакатни Си Цзинпин бошқармоқда.

Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчиликни кескин қоралади

Толибон полициячилари.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Саманган вилоятидаги Айбак шаҳрида 30 ноябрда содир этилган террорчиликни кескин қоралади.

«Яна бир бор шуни маълум қиламизки, бундай зўравонлик ҳаракатлари кескинликнинг кучайишига сабаб бўлиб, Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга, шунингдек, миллий келишувга эришишга тўсқинлик қилади», дейилади ТИВ баёнотида.

30 ноябрда Айбак шаҳридаги «Жиҳодия» мадрасасида содир этилган портлашда 35 киши ҳалок бўлган ва 23 киши яраланган эди. Хабарларда айтилишича, портлаш қурбонларининг аксарияти талабалардир. Портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Бундестаг Голодомор украин халқи геноциди бўлганини тан олди

Резолюцияни ҳукумрон коалициядаги уч партия ва христиан демократлар қўллади.

Германия парламентининг қуйи палатаси– Бундестаг тарихда Голодомор деб аталувчи 1932-33 йиллардаги оммавий очлик украин халқи геноциди бўлгани тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Резолюцияни ҳукумрон коалициядаги уч партия ва христиан демократлар қўллади. Баъзан Кремль позициясини ҳимоя қиладиган Сўллар фракцияси ва “Германия учун альтернатива” бетараф қолди. Ҳеч ким қарши овоз бермади.

Украина президенти Владимир Зеленский немис депутатларига миннатдорчилик билдирди ва “ҳақиқат ҳар доим енгади” деб фикр билдирди.

2019 йилда Бундестаг Глодоморни геноцид деб тан олишдан бош тортган эди. Немис депутатларининг бу борадаги нуқтаи назари ўзгаришига Россиянинг Украинага бостириб кириши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Резолюцияда фашистлар Германияси ва СССР ўртасида 1939 йилда имзоланган Молотов – Риббентроп пакти ва ўша пайтдаги тоталитар давлатлар, шунингдек, бугунги Россиянинг “империалистик сиёсати” ҳам қораланган. Германия нацистлар содир этган жиноятлар, жумладан, Холокост ва СССРнинг тинч аҳолисини қатлиом қилгани учун тарихий масъулиятга эга экани яна бир бора қайд этилган.

Аввалроқ Ирландия сенати, Молдова ва Руминия парламентлари Глодоморни украин халқининг геноциди деб тан олган эди. АҚШ Сенати эса 2018 йилдаёқ бу борада қарор қабул қилган.

1932-33 йилларда Украинада коммунистик ҳукумат деҳқонларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини мусодара қилгани ортидан оммавий очлик бошланган эди. Бунинг оқибатида камида 5 миллион киши ҳалок бўлган. Кўпчилик тарихчилар очлик Совет ҳукумати томонидан махсус уюштирилган деб ҳисоблайди. Украина парламенти Глодоморни 2006 йилда геноцид деб тан олган. Россия ҳукумати бунга қарши чиқмоқда.

«Ислом давлати» лидери ҳалок бўлганини ва янги раҳбар тайинланганини билдирди

Суратда «Ислом давлати» собиқ пойтахти Мосул.

Кўп давлатларда террорчи гуруҳ сифатида тан олинган «Ислом давлати» 30 ноябрда ўз лидери Абу Хасан ал Хошими ал Қураший ҳалок бўлганини билдирди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, «Ислом давлати»га алоқадор ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Қураший жангда ҳалок бўлгани айтилган. У қаерда ва қачон ҳалок бўлгани маълум қилинмаган. Гуруҳнинг янги раҳбари сифатида Абу ал Хусайн ал Хусайни ал Қураший номи айтилди. «Ислом давлати» тарқатган маълумотларда мазкур шахс собиқ етакчига қариндош экани ёки эмаслиги билдирилмади.

Бу билан «Ислом давлати»нинг раҳбарлари тўрт марта ўзгарди. Абу Бакр ал Бағдодий ва Абу Иброҳим ал Хошимий ал Қураший АҚШ ҳарбийлари ўтказган махсус амалиётлар пайтида отиб ўлдирилганди. Абу Иброҳим ал Ҳошимий ал-Қураший ўлдирилганини 2022 йилнинг 3 февралида АҚШ президенти Жо Байден маълум қилган.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги “Ислом давлати”нинг учинчи лидери Суриянинг Дара вилоятида президент Башар Ассад режимига қарши бўлган Озод Сурия армияси билан бўлган жанг пайтида ҳалок бўлганини билдирди.

«Ислом давлати» 2010 йиллар ўрталарида Ироқ ва Сурияда анчагина ҳудудни ўз назоратига олган эди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари, Ироқ, Туркия армиялари ва Россия томонидан дастакланган Сурия ҳукумат кучлари “Ислом давлати” гуруҳини мағлуб этди. Айни пайтда гуруҳ бирон бир ҳудудни назорат қилмайди.

Латвиялик вазир Украинага Россиядаги нишонларга зарба беришга рухсат этилиши лозимлигидан баҳс этди

Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевич

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич Киевга Россия ҳудуди ичкарисида бўлган нишонларга ҳужум қилишга рухсат берилишига чақирди. НАТО мамлакатлари ҳозирча етарли даражадаги радиусда бўлган нишонларга зарба бериш имконига эга қурол-аслаҳаларни етказиб беришдан тийилмоқда, Украина эса фақат Россиянинг чегараолди ҳудудлари ва аннексия қилинган ҳудудлардаги нишонларгагина зарба бермоқда.

«Биз украиналикларга ракета отадиган мосламалар ёки аэродромларни йўқ қила оладиган қуроллардан фойдаланишга имкон беришимиз керак», деган Ринкевич 29 ноябрь куни НАТОнинг Бухарестда бўлиб ўтган ТИВ раҳбарлари учрашувидан кейин журналистлар билан суҳбатда. Вазирга кўра, НАТО аъзолари зиддият эскалациясидан қўрқмаслиги лозим. Ринкевич сўзларидан Bloomberg агентлиги иқтибос келтирган.

НАТО мамлакатлари бошқа қурол-аслаҳалар қаторида Украинага артиллерия мосламалари ва ақлли снарядлар, ракета тизимлари ва кемаларга қарши ракеталарни етказиб бермоқда. Уларнинг нишонга олиш масофаси 100-120 километрдан ошмайди. Бироқ улар Украинага 300 километргача бўлган масофадаги нишонларни йўқ қила оладиган тактик ракеталар ва ракета мажмуалари ҳамда ҳужумчи ва қирувчи учоқларни етказиб беришдан тийилиб келишган.

Жаҳон нашрлари ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, Вашингтон Россия билан Украина ўртасидаги уруш эскалациясидан хавфсираётгани ҳақида хабар қилишган. Ринкевичга кўра, НАТОга аъзо бошқа бир қанча давлат ҳам Украина учун нишон танлашда чеклов бўлмаслиги лозим, деб ҳисоблайди.

Ноябрь ойи охирида Reuters агентлиги Пентагон Украинага 150 километргача узоқликда бўлган нишонларга зарба бериши мумкин бўлган GLSDB ракеталарини бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилган. Украина эса Вашингтондан HIMARS мажмуалари учун 300 километргача учиб бориши мумкин бўлган MGM-140 ATACMS ракеталарини сўраяпти.

Европа комиссияси Россиянинг музлатилган активларини мусодара этиш режасини таклиф қилди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен (ч) Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан, Киев, 2022 йил 15 сентябри

Европа Иттифоқининг ижроия органи бўлган Европа комиссияси уруш натижасида Украинага етказилган зарар ўрнини тўлдириш учун Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш бўйича режани таклиф қилди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билдирди.

Унга кўра, бу зарар миқдори 600 миллиард евродан ошиб кетган. Россия ва унинг олигархлари мамлакатни тиклаш харажатларини қоплашлари лозим ва Европа расмийларида Москвани бадал тўлашга мажбур қилиш учун воситалар мавжуд. Бу мақсадлар учун ЕИда Россия Марказий банкига қарашли 300 миллиард евро ҳамда россиялик олигархларга тегишли 19 миллиард евро музлатиб қўйилган, дея эслатган Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия Россиянинг музлатилган активларидан махсус жамғарма тузишни таклиф қилган. ЕК раҳбарига кўра, Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари бу маблағларни бошқариб, қисқа муддат ичида инвестиция қилишлари, бундан тушган даромадни эса урушдан кўрилган зарарни қоплаш учун Украинага беришлари мумкин эди.

«Биз бу ишни амалга ошириш учун халқаро шартнома устида ишлаймиз ва биз бу маблағларга етиб бориш учун биргаликда қонуний йўлларни топа оламиз», деган мулозима.

Ўз мурожаатида Еврокомиссия раҳбари уруш бошидан бери 100 мингдан зиёд украиналик ҳарбий ва камида 20 минг нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини билдирган. «Россия ўзининг мудҳиш жиноятлари учун товон тўлаши лозим», деган Урсула фон дер Ляйен.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский урушдан кейин Украинани тиклаш учун бир триллион доллардан кўпроқ маблағ керак бўлишини билдирган. Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков эса энергетика тизимини қайта тиклашга бир неча юз миллион доллар лозим эканини айтган, бироқ аниқ бир рақамни очиқламаган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор мамлакатлар санкция жорий этиб, Россия ва унинг олигархларига тегишли активларни музлатиб қўйган эди.

Қозоғистонда фуқаролик олиш учун этник қозоқлар ҳам давлат тили бўйича имтиҳон топширади

Қозоғистонда 2023 йилда фуқаролик олиш учун қозоқ тили бўйича имтиҳон жорий қилиш режаланган. Бу имтиҳондан аввало ҳужжатларидаги тегишли катагида миллати ёзилмаган этник қозоқлар ўтиши керак. Бу ҳақда 29 ноябрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Қозоғистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова билдирган.

«Ҳозир узоқ хориждан ҳужжатларида қайси миллатга мансуб экани кўрсатилмаган этник қозоқлар келишяпти. Биз ҳужжатида миллати ёзилмаган этник қозоқлар учун кейинги йилда синов ўтказамиз», деган Дуйсенова.

Вазир миграцион сиёсатнинг янги концепциясига кўра 2027 йилгача Қозоғистон фуқаролигини олиш учун англаш даражасида қозоқ тилини, мамлакат тарихи ва Конституциясини билиш кўзда тутилганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати фуқароликка оид қонунчиликка тузатишлар киритган, унга мувофиқ, давлат (қозоқ) тили, тарихи ва миллий қонунчилик асосларини билмаслик Қозоғистон фуқаролигини олиш ёки тиклаш юзасидан берилган аризани рад қилиш учун қўшимча асос бўлиши мумкин.

Беларусь мухолифати лидерларидан бири Мария Колесникова қамоқдан касалхонага кўчирилди

Ўтган йилнинг сентябрида Колесникова Беларусда президентлик сайловлари натижаларига қарши намойишларни уюштирганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Президент Александр Лукашенкога қарши ўтказилган кўп ойлик намойишларнинг лидерларидан бири Мария Колесникова Гомелдани қамоқхонадан тез ёрдам касалхонасининг реанимация бўлимига кўчирилди. Бу ҳақда Беларусь президентлигига сайловдаги собиқ номзод Виктор Бабарико штабига мансуб телеграм каналида маълум қилинди.

Колесникова Бабариконинг сайлов штаби раҳбари бўлган. Хабарда айтилишича, Колесникова қамоқдан 28 ноябрь куни хирургик патология ташхиси билан касалхонага кўчирилган. Ўша куниёқ у жарроҳлик амалиётидан ўтган, унинг аҳволи барқарор оғир экани билдирилди.

Қамоқхона маъмурияти бу хабарга муносабат билдирмади. Мутахассисларга кўра, хирургик патология ўта ёмон тиббий кузатув оқибатида пайдо бўлади. Колесникова кас алхонага кўчирилишидан олдин қамоқхонанинг жарима изоляторига жойлаштирилган эди. Бунга нима сабаб бўлгани маълум қилинган эмас.

Ўтган йилнинг сентябрида Колесникова Беларусда президентлик сайловлари натижаларига қарши намойишларни уюштирганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Халқаро ташкилотлар Колесниковани сиёсий маҳбус деб эълон қилган ва унинг озод этилишини талаб қилиб келмоқда.

Кремль матбуот котиби “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқи” тўғрисида тушунтириш берди

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқи” ни ташкил этиш ташаббусини президент Владимир Путин кўтарганини тасдиқлади ва бу борада тушунтириш берди.

Песковга кўра, уч давлат ўртасида иттифоқ тузиш зарурияти газ экспорти масаласини мувофиқлаштириш эҳтиёжи ортидан пайдо бўлган. Путин айни пайтда “фақат мувофиқлаштирувчи механизм ташкил этиш”ни таклиф қилмоқда.

“Балки бу масалани яна муҳокама қилиш зарурдир. Уч мамлакат ҳамкорлиги ва ташқи бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун қандайдир бир юридик орган тузилиши эҳтимол”,- деди Песков журналистларга.

Песковга кўра, бу тузилма орқали Россия газини Қозоғистоннинг шимолий вилоятларига, Хитойга ва бошқа давлатларга экспорт қилиш учун имконият пайдо бўлади.

28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар берилган.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимирович билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрисида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмаган эди.

Шундан сўнг қозоқ президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай икки давлат президентлари Ўзбекистон иштирокида “газ иттифоқи”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилганлари ҳақида маълумот берган. Бу маълумот ортидан Дмитрий Песков ҳам бу борада тушунтириш берган.

Аммо бу масалада Ўзбекистон томони ҳозирча расмий муносабат билдирмади.

Россия дунёда газ қазиб олиш ва экспорт қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Украинадаги уруш ортидан Европа Иттифоқи Россияга газ қарамлигини камайтира бошлади ва бунинг оқибатида Москва ўз газининг асосий қисмини Хитойга сота бошлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистонда қазиб олинган газ ўз аҳолисининг эҳтиёжи учун аранг етади. Бироқ Туркманистон Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтган қувурлар орқали Хитойга газ экспорт қилади.

Alibaba асосчиси Жек Ма Хитойни тарк этди

Жек Ма Токио марказида оиласи билан яшамоқда.

Alibaba асосчиси Жек Ма Хитойни тарк этган ва сўнгги 6 ойдан бери Япония пойтахти Токиода яшамоқда. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Жек Ма Токио марказида оиласи билан яшамоқда ва ўзининг жамоатчилик фаолиятини кескин қисқартирган. Манбалар миллиардер айни пайтда нималар билан шуғулланаётгани тўғрисида турлича маълумотларни айтганлар. Айрим манбалар Ма электрон тижоратдан ташқари бошқа бизнесга аралашиш ҳаракатларини қилаётганини айтса, айрим манбалар Ма коллекциячилик ва акварел бўёқларда сурат чизиш билан қизиқа бошлаганини билдирган.

Ма Хитой ҳукуматининг технология ширкатларига босими кучайгани ортидан мамлакатни тарк этган. Бизнесмен 2020 йилда Шанхайда ўтган анжуманда Хитой ҳукуматини “чоллар ўйлаб топган тартиб меъёрлари замон талабларига жавоб бермайди” деб танқид қилганидан сўнг жамоатчилик орасида кам кўриниш бера бошлаган эди.

2021 йилнинг апрелида Хитой Давлат бозор муносабатлари бошқармаси Alibaba Group Holding Limited ширкатини антимонополия қонунларини бузганликда айблаб 18,2 миллиард юан (2,8 миллиард доллар) жаримага тортган эди. Бу Хитой замонавий тарихидаги энг рекорд натижа бўлди.

Бетарафлик куни арафасида полиция Ашхободдан вилоятликларни бадарға қилмоқда

Туркманистонда полиция Ашхободга бошқа шаҳарлардан келганларни пойтахтдан чиқармоқда. Улар байрам кунлари Ашхободга келмасликлари тўғрисида тилхат ёзиб беришмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Ҳар бир бадарға қилинган ички мигрант учун полициячиларга 100 манат (28 доллар) миқдорида мукофот берилмоқда, деб айтди туркман хизматининг полициядаги манбаси. Унга кўра, полиция Ашхободда вақтинча яшаш рухсатномаси бўлган ички мигрантларни ҳам қўлга олмоқда.

12 декабрда Туркманистонда Бетарафлик куни нишонланади. Мазкур байрам БМТ Бош Ассамблеяси мамлакатнинг доимий бетарафлиги тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганидан сўнг давлат миқёсида нишонлана бошланган. Туркманистон ҳукумати ва матбуоти бетарафлик сиёсатини ташқи сиёсат соҳасида эришилган энг юксак ютуқ қаторида тақдим этиб келади.

2020 йилда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистон Бетарафликнинг ватани” номли китобини чоп қилган эди. Марказий банк эса Бетарафлик куни муносабати билан махсус эсдалик тангалари ва купюраларини чиқарди.

Мобилизация ортидан Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди

Мобилизация қилинган россияликлар.

Россияда мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан сўнг Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди. Улардан 320 мингги мамлакатдан чиқиб кетди. Айни пайтда Қозоғистонда юз мингга яқин россиялик қолмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Тамара Дуйсенова маълум қилди.

4 октябрда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 21 сентябрдан бери мамлакатга 200 мингдан ортиқ россиялик келгани ва улардан 147 мингги чиқиб кетгани тўғрисида билдирган эди.

Қозоқ Миллий банкининг билдиришича, 2022 йилнинг октябрида Россиядан Қозоғистонга 5,6 миллиард рубл пул ўтказилган. Бу эса 2021 йилнинг октябридаги кўрсаткичдан 13 баробарга кўпдир.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилгани ортидан мамлакатни юз минглаб россияликлар тарк этгани хабар қилинган. Жумладан, минглаб россияликлар Ўзбекистонга келган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.

НАТО давлатлари қиш арафасида Украинага ёрдамни кучайтиришади

Йенс Столтенберг НАТОга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарларининг учрашуви очилишида нутқ сўзламоқда, Бухарест, 2022 йил 29 ноябри

НАТОга аъзо мамлакатлар ҳарбий ёрдам дохил Украинага кўмакни кучайтиришади. Бу ҳақда ташкилотнинг бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Альянсга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарларининг 29 ноябрь куни Бухарестда бошланган учрашувида маълум қилди.

Столтенберг НАТО мамлакатлари Киевга фақат зарур қурол-аслаҳа бериш билан чекланмай, эҳтиёт қисмлар ва ўқ-дори етказилишини ҳам таъминлашлари зарурлигини қайд этган. Бош котиб иттифоқчи давлатлар томоидан Украинага ёқилғи, дори-дармон ва қишлик кийим-бош етказиб берилишига ҳам эътибор қаратган.

НАТО раҳбарига кўра, Россия президенти Владимир Путин яқинлашиб келаётгандан қишдан қурол сифатида фойдаланишга уринмоқда ва шунинг учун ҳам ўта муҳим инфратузилма объектларини қасддан нишонга оляпти. Столтенберг совуқ туфайли Европага украиналик қочқинларнинг янги тўлқини кўчиши мумкинлигини ҳам истисно қилган эмас.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон ҳамда унинг америкалик ва европалик ҳамкорлари Украинага Россия армияси ҳужумларидан кейин шикастланган юқори вольтли станцияларни тиклашга имкон берувчи жиҳозлар етказиб бериш масаласи устида ишлаётганини билдирган.

Учрашувда вазирлар Киевнинг НАТОга аъзо бўлишга оид аризасини ҳам муҳокама қилишлари керак. Бироқ, ОАВ хабарларига кўра, учрашув иштирокчилари, афтидан, бу сафар фақат ҳарбий иттифоқнинг очиқ эшиклар сиёсати юритишини тасдиқлаш билан чекланишади, холос.

Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти

Россия қўшинлари босиб олган Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти. АЭС ходимлари Украинанинг “Энергоатом” ширкати билан шартномага эга эди.

Украина Қуролли кулари Бош штабининг билдиришича, шартномани имзоламаган ходимлар душанба кунидан бошлаб иш жойига киритмлай қўйилган. “Росатом” бу хабарга муносабат билдирмади.

АЭС ходимларининг кўпчилиги Россия иш берувчиси билан шартнома имзолашни истапаяпти. Чунки АЭС Украина назоратига қайтганидан сўнг Киев уларни коллаборационизмда ёки объектнинг стратегик аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, давлатга хиёнатда айблаши мумкин.

Якшанба куни “Энергоатом” президенти Пётр Котин Россия ҳарбийлари АЭС ҳудудини ташлаб чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганини айтган эди. Ҳозрча эса улар АЭСни ҳарбий база қаторида ишлатишда давом этмоқда.

Аммо Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков рус армияси Запорожье АЭСини ташлаб чиыиши тщ-рисдаги гапларни ёлғон деб атади.

Россия Запорожье АЭСини март ойида босиб олган эди. Ўшандан бери Россия ва Украина бир бирини АЭСни бомбардимон қилганликда айблаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG