Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:49

Украина янги ўқув йили арафасида ўт очишни тўхтатиш ташаббуси билан чиқди


Украина президенти Петро Порошенко янги ўқув йили бошидан Украина шарқида ўқ отишни тўхтатишни таклиф қилди. Россия, Германия, Франция ва АҚШ бу таклифни бир овоздан қўллади.

Украина президенти ўз таклифини 22 август оқшомида Россия президенти Владимир Путин, Германия канцлери Ангела Меркель ҳамда Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали қилган суҳбати давомида ўртага ташлади. Порошенконинг ҳамкасблари Украина шарқида болалар мактабга бора олиши учун ўқ отишни тўхтатишни қўллади.

Порошенко ҳамда Путин матбуот хизматларига кўра, оташкесим 23 август куни эълон қилинади. Макрон ва Меркель маъмурияти ҳам янги оташкесим ҳақида билдирув эълон қилди.

Порошенко офиси юқорида тилга олинган етакчилар тинчлик битими “хавфсизлик вазияти мунтазам яхшиланишига олиб келишига, бундан мактаб ўқувчилари ҳамда Донбасснинг бутун халқи фойда кўришига умид қилишларини” айтди.

Шарқий Украинадаги қуролли можарога чек қўйиш уринишлари бўйича АҚШнинг янги махсус элчиси этиб тайинланган Курт Волкер 22 август куни Литвада туриб янги битимни қўллашини билдирди. Волкер 23 август куни Украина ташқи ишлар вазири Павло Климкин билан учрашади.

Волкер Baltic News Service агентлиги билан суҳбатда ўқув йилига мос келувчи тинчлик битими жуда яхши фикр эканлигини айтиб, АҚШ буни тўлиқ қўллашини таъкидлади.

Волкер яна илк маротаба 21 август куни Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича ёрдамчиси Владислав Сурков билан ўтказган учрашувини шарҳлади. Аввалроқ Сурков учрашувни “фойдали ва конструктив” дея баҳолаган эди.

“Қилишимиз керак бўлган нарса, Украинада халқи учун хавфсизликни оширишга янгича ёндашишдир”, деди Волкер.

23 август куни Волкер АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис билан бирга “Украина суверенитетини ҳамда ҳудудий бирлигини тиклашга қаратилган дипломатик музокараларнинг навбатдаги қадамларини муҳокама қилиш учун” Украина ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан учрашади.

Порошенко ўт очишни тўхатиш таклифини 22 август куни Луганск вилоятида қайта таъмирлаган мусиқа театри очилишида билдирди. Президент бу билан Киев тинчлик тарафдори эканлигини кўрсатишни исташини айтди.

2014 йилнинг февралида Россия билан яқиндан алоқа қилиш тарафдори бўлган президент Виктор Янукович ҳукумати “Евромайдон” номини олган намойишлар ортидан ҳукуматдан ағдарилган, бунинг ортидан Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, шарқий ва жанубий Украинада ўзига хайрихоҳ айирмачиларни дастаклай бошлаган эди.

Россия қўллови билан айирмачилар Украинанинг Россия билан чегарадош Донецк ҳамда Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларини эгаллаб олди. 2015 йилнинг февралида Минскда ўт очишни тўхтатишга келишилган бўлса-да, тўқнашувлар тўхтагани йўқ. Бундан бошқа бир неча тинчлик битими ҳам самарасиз бўлди.

АҚШ ҳамда Европа иттиқофи жорий қилган санкциялар Россияни айирмачиларни қўллашни бас қилишга ёки Минск келишуви бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришга ундай олгани йўқ.

Россиянинг Украинадаги агрессияси, Суриядаги уруш ҳамда Москванинг АҚШ президенти сайловига аралашуви ортидан Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар Совуқ уруш йилларидагидек совуб кетган.

XS
SM
MD
LG