Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:54

Украина уруши: Қозоқлар Украинага хайрихоҳ, ўзбеклар кўпроқ Россияни қўллайди - тадқиқот


Олмаотадаги Украин шоири Тарас Шевченко ҳайкали олдидаги бирдамлик намойиши. 24 февраль, 2023
Олмаотадаги Украин шоири Тарас Шевченко ҳайкали олдидаги бирдамлик намойиши. 24 февраль, 2023

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолисининг катта қисми Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни кузатишда давом этмоқда. Қозоғистон жамиятида Украинага хайрихоҳлик яққол кўзга ташланади. Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг аксар фуқаролари эса Россия тарафида.

Қозоғистондаги PaperLab тадқиқот марказининг “Уруш акс-садоси: Россия-Украина урушига нисбатан Марказий Осиё жамиятлари кўзқараши” номли тадқиқотидан олинган хулосалардан бири шу.

“Уруш, ҳамма шу ҳақда гапиряпти, ҳатто болалар ҳам. Мактабдан келиб, савол беради: “Ойи, сиз Россия тарафидамисиз ёки Украина тарафида?” “Мактабда шуни муҳокама қиласизларми?” дейман. Бор-йўғи бешинчи синф боласи-я! “Бизда ҳамма иккига ажралиб олди. Сиз Украина тарафидамисиз?” қайтадан сўроққа тутади ўғлим. “Бошларингни қотирманглар, бунинг сизларга дахли йўқ”, деб гапни чўрт кесаман” – бу PaperLab маркази фокус-гуруҳида иштирок этган остоналик 45 ёшли аёлнинг сўзлари. Аёл, ўғлига уқтиргани каби, “бу урушнинг Қозоғистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деб ҳисоблашини айтади.

Қозоғистонликлар Украинадаги вазиятни босқиннинг илк кунидан бери кузатиб туришибди, бироқ, афтидан, Қозоғистон ва қўшни Қирғизистонда одамлар “урушга кўника бошлаганлар”.

Мисол учун, Қозоғистонда 2022 йилнинг баҳорида сўровда қатнашганларнинг 32 фоизи “урушни жуда диққат билан”, 39 фоизи “етарлича диққат билан” кузатаётганини билдирган эди. 2023 йилнинг баҳорида эса бу кўрсаткич мос равишда 26 ва 38 фоизларни ташкил қилган.

Туркманистонлик ўзбек Украина урушида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:13 0:00

Қирғизистонда 2022 йилнинг баҳорида 41 фоиз респондент “урушни жуда диққат билан кузатяпмиз”, 34 фоизи эса “етарлича диққат билан кузатяпмиз” деб жавоб берган. 2023 йилнинг баҳорида бу кўрсаткич 33 ва 41 фоизга тенг бўлган.

Ўзбекистонда 2022 йилнинг баҳорида сўров иштирокчиларининг 23 фоизи урушни “жуда диққат билан” ва 25 фоизи “етарлича диққат билан” кузатаётганини айтган (2023 йилда мамлакатда сўров ўтказилмаган). Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ўтказилган сўров натижалари Central Asia Barometer Survey ташкилоти тадқиқотидан олинган.

PaperLab тадқиқотчиларига кўра, орадан икки йил ўтиб Марказий Осиё аҳолиси урушга ўз ижтимоий муаммолари призмаси орқали қарамоқда.

Хусусан, қозоғистонликларни Россия ёки Украинада яшаётган қариндошларини кўргани бора олмаётганлари, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини эса Россияда ишлаб юрган қариндошларини урушга жўнатишлари мумкинлиги кўпроқ ташвишга солади.

Шунингдек, қозоғистонликлар орасида мамлакатнинг шимолий вилоятлари Россия ҳужумига учраши ёки Россия томонидан “босиб олиниши” таҳдидини ҳис этувчилар ҳам бор. Афтидан, уруш бошланганидан сўнг бу қўрқув кучайган. 2022 йил ноябрдаги сўровда респондентларнинг 26 фоизи “Россия Қозоғистонга ҳужум қилиши мумкин” деган бўлса, 74 фоизи “бунақа бўлиши мумкин эмас”лигини айтган. 2023 йилнинг май ойида ушбу эҳтимолдан хавфсирайдиганлар сони 39 фоизга етган.

Қозоғистонда урушни оқловчилар камайган

Олинган маълумотларга кўра, ҳудудларда урушга кўпроқ қизиқиш ва хавотир билан қаровчи тоифа бу 50 ёшдан катталардир (40-53 фоиз). Улар кўпинча ўз муносабатларида ушбу давлатлар (Россия ва Украина) бир пайтлар Совет Иттифоқи “байроғи остида” яшаганини пеш қиладилар.

Ёшлар орасида Россия тажовузига лоқайдлик билан қарайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади, дейилади тадқиқотда. Чунончи, Қозоғистон ва Ўзбекистонда сўровда қатнашган 30 ёшгача йигит-қизларнинг атиги 15 фоизи ва Қирғизистонда 22 фоизи – “Украинадаги урушни ғоят диққат билан кузатяпмиз”, деб жавоб берган.

“Украина уруши мавзусини Майдон воқеаларидан бери кузатиб, ўрганиб юрганлар бор. Биз респондентларни турли масалалар қизиқтиришини аниқладик: биринчидан, улар уруш унчалик узоқда эмаслигини, қолаверса, уруш бошланганидан сўнг нарх-наво ошиб, иқтисодиёт ва миграцияга салбий таъсир этаётганини ҳис қилиб туришибди”, дейди тадқиқотчилардан бири, қозоғистонлик социолог Серик Бейсембаев.

Россия Украинага босқин бошлаганида Ўзбекистонда урушни оқловчилар салмоғи кўп эди (44 фоиз). 2023 йил баҳорда ўтказилган сўровда қозоғистонликларнинг 23 фоизи ва Қирғизистон фуқароларининг 33 фоизи урушни оқлаган.

2022 йилги сўров натижаларига қиёслайдиган бўлсак, урушни оқловчи қирғизистонликлар сони ўзгармаган, Қозоғистонда эса бу урушни тўғри деб ҳисобловчилар сони 30 фоиздан 23 фоизга камайган. Қолаверса, босқин бошланган пайтда урушни оқлаган айрим қозоғистонликлар 2023 йилнинг баҳорида ўтказилган сўровда урушни қораловчилар сафига қўшилган.

“Россия ахборот маконини тўлиқ назорат қила олмаслиги кўриниб турибди”

2023 йилнинг баҳорида ўтказилган ижтимоий сўровда қозоғистонлик респондентлардан 26 фоизи уруш учун Россияни, 20 фоизи Украинани, 10 фоизи эса Қўшма Штатларни айбдор деб билишини айтган. Қирғизистонда Украинани айбловчилар сони кўпроқ (36 фоиз) бўлган, шунингдек 14 фоиз респондент – Россияни, 13 фоиз респондент эса АҚШни айбдор қилган.

Украинадаги уруш: Ғалабалар, мағлубиятлар ва бетарафлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:46 0:00

2023 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган сўров Марказий Осиё аҳолисига Россия пропагандаси ҳануз салбий таъсир этаётганини кўрсатди.

Сўров иштирокчилари “Украинага қарши урушни АҚШ президенти Байден уюштирган”, “Россия ўз стратегик манфаатларини ҳимоя қиляпти”, “Россия иқтисодий инқирозда, Путин жамоатчиликни чалғитмоқчи” ёки “Украина президенти Владимир Зеленский айбдор” каби фикрларни илгари сурганлар. Айрим сўралганлар эса “Украинадаги бандерачилар ва миллатчилар” ҳақида гапирган. Ушбу нарративларни Россия пропагандаси одамлар онгига сингдирмоқда.

“Россия ОАВларининг минтақа мамлакатларига таъсир даражасидан келиб чиқиб сўров иштирокчилари АҚШ, ЕИ ва НАТО тимсолида коллектив Ғарбни асосий айбдор деб кўрсатишини кутиш мумкин эди. Гарчи бундай фикр кенг тарқалган бўлса-да, айни чоғда Марказий Осиёда кўплаб одамлар уруш бошлангани учун жавобгарликни Россияга, Украинага ва уларнинг лидерлари зиммасига юкламоқда. Бундан шу хулоса чиқадики, Кремл Россияда ахборот монополиясини ўрнатишга интилаётган бўлса-да, Марказий Осиё ахборот маконини тўла-тўкис назорат қила олмаяпти. Бинобарин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда Украинадаги уруш айбдорларига доир нарратив комплекс ва динамик характерга эга”, дейилади ҳисоботда.

2023 йилнинг мартида Қозоғистонда бўлган сўров иштирокчиларининг 22 фоизи Украинани, 12 фоизи Россияни қўллаб қувватлаган, 60 фоизи эса бетарафлигини айтган.

Уруш дипломатия йўли билан бартараф этилиши ҳақидаги қарашлар

Тадқиқот ўтган йилда Қозоғистон ва Қирғизистон аҳолиси “уруш таҳдиди” ваҳимасидан фориғ бўла бошлаганини, вазият ёмонлашади деб ҳисобловчилар салмоғи эса иккала мамлакатда ҳам 10 фоизга камайганини кўрсатди.

2023 йилнинг баҳорида ўтказилган сўров натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 42 фоизи уруш дипломатия йўли билан бартараф қилинади, деб жавоб берган. Шунингдек, 18 фоиз респондент Россия Украина талабларига ён беришини, 18 фоиз респондент эса Россия чекинишини айтган.

Қирғизистонда фокус-гуруҳлар иштирокчиларининг 55 фоизи “икки мамлакат дипломатик келишувга эришади” деб, 25 фоизи “Украина Россия талабларини бажаради” деб ва атиги 4 фоизи “Россия чекинади” деб жавоб берган.

Озодлик Бучада: Бедарак кетган ўзбеклар изидан
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:44 0:00

Paperlab тадқиқот маркази социологи Серик Бейсембаев ташкилот мазкур ҳисобот орқали тадқиқот мажбуриятини бажарганини айтади.

“Тадқиқотдан мақсад – илмий асосланган ахборотни тарқатиш йўли билан жамиятда бўлаётган мунозарага кўмаклашиш эди. Украина мавзуси жуда муҳим. Одам эксперт бўлмаслиги мумкин, бироқ уйда, кўча-кўйда бу мавзуни четла ўтолмайди ва муҳокамалар асносида янги кўзқараш шаклланиши мумкин”, дейди Бейсембаев.

Мазкур социологик тадқиқотни ўтказишга кўмаклашган айрим муаллифлар ўз мамлакатларида босимга йўлиқишдан хавфсираб исмлари сир қолишини маъқул кўришди.

Форум

XS
SM
MD
LG