Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 22:16

Сайлов яқин, вақт қисталанг, Порошенко эса шоша-пиша кечирим сўрамоқда


Петро Порошенко

Украиналиклар президентликка номзодлардан бирининг саҳнада қўшиқ айтиб, ўйинга тушишига кўникиб қолган. У амалдаги президент Петро Порошенко эмас.

Лекин 14 апрелда Киевдаги “Олимпийский” стадионида бўлиб ўтган сайловолди митингида сариқ комбинезон кийиб олган кишилар олдида 53 яшар киши гир айланиб, муштларини силкитди.

У сайловга бир ҳафта қолганда сиёсатчи сифатида омон қолиш учун курашмоқда.

Ёрдамчилари айтишича, яна бир бевосита олиб кўрсатилган тадбирда Порошенко тахминан бир соат давомида 70 минг ўринлик стадионга келган бир неча минг киши олдида чиқиш қилиб, улар билан ватанпарварлик қўшиқлари куйлади, тарафдорлари билан селфи-суратларга тушди.

Бир неча кун олдин бўлиб ўтган матбуот конференциясида Порошенко иккинчи муддат ҳақида гапириб, бажарилмай қолган ваъдалари устидан чиқиш учун яна бир муддат беришларини сўради. Чунки унинг обрўси бутунлай тушиб кетди.

Бошқа номзод - қизиқчи Зеленский Порошенко билан мунозара қилишдан бош тортди, бунинг ўрнига Порошенкони 19 апрелда стадионда яккама-якка тортишувга чақирди.

Амалдаги президент мухолифининг номи ёзиғлиг-у, аммо бўш турган минбар ёнида туриб, дастлабки беш йиллик муддатда йўл қўйган хатолари учун кечирим сўради ва иккинчи муддатда яхшироқ ишлашга ваъда берди. Ваҳоланки, у сайловолди кампаниясининг биринчи босқичида Украинанинг Ғарб сари танлаган йўлида, мамлакат православ черкови мустақиллигини таъминлашда, 13 минг киши ўлимига ва мамлакат ҳудудининг анча қисмини айирмачилар эгаллаб олишига сабаб бўлган Россия тажовузига барҳам беришда йўлбошчилик қилишдай ютуқлари билан мақтанган эди.

− Хатоларга йўл қўйилдими? Келинглар, хатолар ҳақида гаплашамиз, ‒ деди мутлақо ўзига хос бўлмаган тарзда Порошенко. ‒ Ҳа, хатолар бор, мен уларни тан оламан. Фақат ҳеч иш қилмайдиган одамнинг хатоси бўлмайди.

Биринчи турда Зеленскийдан қарийб икки баробар кам овоз олган Порошенко (мос равишда 30,24 фоиз ва 15,95 фоиз) энди ўзгаришлар суръати пастлигидан, коррупция даражаси ортиб кетганидан ва мамлакат шарқида давом этаётган урушдан ҳафсаласи пир бўлган сайловчилар ишончи қозонмоқчи.

Ўтказилаётган сўровлар натижасига кўра, 21 апрелда бўладиган президент сайловининг иккинчи турида 41 яшар Зеленскийга 72,2 фоиз, қандолатчи миллардерга эса 25,4 фоиз сайловчи овоз бермоқчи.

Порошенко матбуот анжумани чоғида президент сифатида йўл қўйган хатолари ҳақида гапириб, бизнесмен дўстларини давлатнинг юқори лавозимларига тайинлаб, нотўғри иш қилганини айтди. Яна у ўз ишини эплай олмаётган миллий хавфсизлик амалдорлари ва вилоятлар губернаторларини ишдан бўшатганини ҳам қистириб ўтди.

У коррупцияга қарши курашувчи судни ташкил қилиш чўзилиб кетганини, тағин фуқаролик жамияти етакчилари ва коррупцияга қарши курашувчи фаоллар билан мулоқот қилмаганини тан олди.

Ўз чиқишларида ҳам муайян гапи кам бўладиган Зеленский “янги Порошенко”дан таъсирланмаганини айтди.

− Масхарабоз президент бўлиши мумкин, лекин, афсуски, президент масхарабозга айланиб қолди, − деди у 15 апрелда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган видеосида.

Порошенко янгича қараши ва тактикаси рақиби билан орасидаги тобора ортиб бораётган фарқни камайтиришига ва 21 апрелдаги сайловда ақл бовар қилмайдиган ғалаба келтиришига умид қилмоқда.

Лекин кузатувчилар фикрича, вақт жуда қисталанг. Фақат “сайлов натижаларини сохталаштириш ёки сайловни бекор қилишдай кескин чоралар”гина Порошенкога қўл келиши мумкин.

‒ Унақа ҳолатда Прошенкони на украиналикларнинг аксарияти ва на Ғарб ҳукуматлари қонуний президент сифатида тан олади, ‒ дейди Киев Политехника университетининг социология факультети ўқитувчиси Владимир Ишченко.

XS
SM
MD
LG