Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:25

Украина собиқ мудофаа вазири: “Россия Қора денгизни оккупация қилишга уринмоқда” (ВИДЕО)


Россия яқин кунларда ҳарбий машқлар ўтказилиши муносабати билан Қора ва Азов денгизлари акваториясида бир неча ҳудудни тўсиб қўяди. Бу Украина портларига юк етказиб беришда муаммолар пайдо бўлишига олиб келади.

Украина собиқ мудофаа вазири, Мудофаа стратегиялари маркази бошқаруви раиси Андрей Загороднюк “Настояшчее время”га берган интервьюсида айтишича, “бундай қилиш мумкин эмас, бу денгиз амалиётларига ҳам, ҳарбий машқлар амалиётига ҳам зид”.

“Лекин, афсуски, бу йил Россиянинг гибрид воситалар билан Украинага тажовузни давом эттиришига, хусусан, Қора денгизни оккупация қилишига гувоҳ бўламиз”, дея башорат қилади у.

– Қора ва Азов денгизларида бўлаётган воқеаларни, Россиянинг денгиздаги гуруҳи ва унинг хатти-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

– Ҳа, бу муаммо бўлади. Чунки улар шунча йиллар мобайнида илк дафъа фуқаролик кемалари юрадиган денгиз йўллари ўтган ҳудудларни ёпиб қўйишяпти. Яъни, 13 февралдан 19 февралга қадар фуқаровий кемалар Украинанинг Қора денгиз бўйидаги портларига етиб бориши катта муаммога айланади. Бу катта муаммо, чунки кемачилик эркинлиги, жумладан, фуқаровий кемаларнинг эркин ҳаракатланиши тамойили оёқости қилинмоқда. Бунақаси илгари сира бўлмаганди.

Бу ерда энг муҳим масала шундаки, Россия энди Украина ва умуман, дунё бунга қандай реакция билдиришини томоша қилади. Украина учун энг хатарли сценарийлардан бири шу эди: Россия бизни денгиз томондан бўғиб қўйишга интилиши кутилаётганди. Денгиз йўлларини тўсиб қўйиб, Украинани қирғоққа, яъни қуруқликка сиқиб чиқаришмоқчи. Биз, таҳлил маркази сифатида бу ҳақда икки йил аввал ёзганмиз, бунақа бўлиши олдиндан ҳаммага маълум эди. Бироқ, ҳозир Россия бу режасини амалга оширишга ва натижасини томоша қилишга қарор қилганга ўхшайди.

Энг қизиғи – дунё қандай муносабат билдиради, ахир бундай қилиш мумкин эмас. Бу суверен давлатнинг нормал яшаши ва фаолият юритишига халал беради. Шу боис, кузатамиз, қани, дунёнинг реакцияси қандай бўлар экан.

– Қандай бўлиши керак, сизнингча?

– Жуда кескин бўлиши керак. Муайян суверен давлатнинг бир қисми бўлган бирон портни тасаввур қилинг. Бошқа бир мамлакат қандайдир машқлар ўтказса‑ю, шу баҳонада портнинг фаолиятини тақа-тақ тўхтатиб қўйса. Ахир бундай қилиш мумкин эмас, бу на денгиз амалиётига, на машқлар ўтказиш амалиётига тўғри келади! Россия Қора денгизда муттасил ҳарбий машқлар ўтказиб келади, лекин илгари ҳеч қачон бунчаликка бормаганди.

Нега у йўлларни бир неча кунга ёпиб қўйяпти? Чунки оқибати нима бўлишини кўрмоқчи. Россияликлар денгизда қанақадир амалиётга ҳозирлик кўришяпти, Қора денгизга кемалар келяпти, яқинда яна олтита катта десант кемаларини ўтказишди, яъни улар сони 11 тага етиб бўлди. Табиийки, бу 11 кема учун денгиз пиёдалари бригадасини олишади. Шунга яраша техника ҳам келтирилади. Боз устига, уларнинг бошқа кемалари ҳам бор, айримлари жуда олислардан, чунончи, Мурманскдан сузиб келди. Нега шунча куч, ресурс сарф қилиняпти, нима учун?

Афсуски, бу йил Россиянинг гибрид воситалар билан Украинага тажовузни давом эттиришини, хусусан, Қора денгизни оккупация қилишини кўрамиз. Дунё буни тушуниши лозим, биз бунга тўғри реакция билдиришимиз шарт.

Буни провокация дейиш мумкинми?

– Ҳа, провокация деса бўлади.

– Сўнгги ҳафталарда АҚШ ҳамда Европанинг айрим мамлакатлари Россия билан юзага келган кескинлик манзарасида Украинани фаол дастаклашди. Мамлакатга қурол-аслаҳалар келтирилаётганини кўрдик. Айтинг-чи, Украина армияси қандай аҳволда ва у нималарга қодир?

– У илгари ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, унчалик заиф эмасди. 2014 йилдан бери армиямиз жиддий кучайган: қурол-яроғ таъминоти жиҳатидан ҳам, шахсий таркибнинг шайлиги ва тажриба нуқтаи назаридан ҳам.

Украина армиясининг ҳар бир батальонида жанговар тажриба мавжуд. Катта-кичик, барча муҳим лавозимлардаги қўмондонларнинг барчаси жанговар ҳаракатларда қатнашган. Руҳий жиҳатдан улар бунга тайёр, Россия Украинага душманликни давом эттиришини улар йиллар мобайнида руҳан англаб бўлишган. Охирги кунларда вазият сал юмшагандек бўлиб, жаҳон урушни деярли эсидан чиқарган бўлса, улар унутишгани йўқ, улар уруш билан ҳамнафас яшашяпти. Бинобарин, руҳан урушга тайёр бу одамлар жисмоний жиҳатдан ҳам пишиқ, етарли даражада билим ва кўникмаларга эга.

Ёрдам тариқасида етказиб берилган қуроллар эса кучлар нисбатига жиддий таъсир қилиб, Россиянинг қуруқликдаги амалиёти, яъни бостириб кириш режасининг давомли муваффақиятини шубҳага қўйди. Чунки Россия зирҳли техникаларда, яъни танклар ва БТРларда юриш қилади. Айни пайтда эса Украинанинг танкка қарши ракета мажмуалари Россиянинг танклари сонидан ошиб кетди. Шундай экан, Россия жиддий талафот кўриши аниқ бўлиб қолди. Қолаверса, барча таҳлилчилар айтаётган ҳаводаги ҳукмронлиги ҳам, агар енгил мобил гуруҳлар, мобил комплекслар ишга солинса, катта устунлик бермайди.

Шундай экан, айни вазият катта ва кенг кўламли ҳарбий амалиёт Россия учун жуда муваффақиятли кечадиган даражада эмас. Улар ёриб кириши турган гап, умуман, исталган катталикдаги ҳудудни босиб олиш мумкин улар. Лекин бу иш битди, дегани эмас-ку. Кейин нима бўлади, деган савол бор. Эгаллаб олинган жойларни сақлаб қолиш керакми? Керак. Умаман, якуний режа қанақа? Агар у оккупация қилинган ҳудудда қолиш ва сақлаб туришни назарда тутадиган бўлса, бу режани амалга ошириш ниҳоятда мушкул, ҳатто имконсиз дейиш мумкин.

– Аммо эскалация бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этяпти, Россия Украина чегаралари яқинидаги ҳарбий қудратини фақат оширмоқда...

– Бир ойдан бери эмас, ўтган йилнинг апрелидан бери давом этяпти эскалация. Орада бир неча ой сукунат бўлди, лекин бу воқеаларни ноябрдан буён кузатяпмиз. Ноябр, декабрь, январь – уч ойдирки, ҳар куни шу ҳақда гапирамиз.

– Аввалига Ғарб ОАВлари, кейин эса турли мамлакатларнинг разведка идоралари ҳам Россия Украинага ҳужум қилиши мумкинлигини айтишди. Киев эса бошида: “Биз ҳеч қандай хавфни кўраётганимиз йўқ”, деганди. Украина ўшанда хавфсизлик нуқтаи назаридан тўғри қилганми, ҳозир-чи?

– Биз ҳозир гипотетик сценарий ҳақида гапиряпмиз. Бироқ Россия бир йўналишли стратегия бўйича фикрламайди, яъни унинг бир неча ой кейинги истиқбол учун битта режаси бўлмайди. Россиянинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ва сиёсий раҳбарияти, сўнгги йилларда амин бўлдикки, жуда ўзгарувчан. Шу боис, уларда энг бошидан бери ягона режа бўлган, дейиш тўғи эмас. Улар анчайин ақлли, анчайин айёр.

Аслида Украина бошқа кўп мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ҳамиша хатарларни тўғри чамалаган. Чунки биз билардикки, Россия Федерациясининг стратегик мақсадлари ўнлаб йиллардан бери ўзгармай келмоқда. Ва биз ўша пайтдаги 100 минг ва ҳозирги 110 минглар чамаси аскар бутун Украинани босиб олиш учун кенг кўламда бостириб кириш учун етарли эмаслигини тушунардик. Биз логистикани кўриб турардик, қўшинлар шайлиги қанақа ҳолатда эканидан хабаримиз бор эди. Америкаликлар эса “Россия Федерацияси ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг столи устида турган бир неча режа ичидаги гипотетик режа” ҳақида гапиришди, уни энг хатарли ва пировардида катта эҳтимол билан қабул қилинажак режа, деб баҳолашди.

Аммо бу ёндашувни комплекслик ва ногаҳонийлик нуқтаи назаридан камситиб бўлмайди. Очиғини айтганда, америкаликлар катта шовқин солиб, дунё ҳамжамиятини оёққа турғизишди, матбуот ҳар куни бонг ура бошлади. Украинанинг сиёсий ва ҳарбий дастак олиши кўп жиҳатдан, мавзунинг ахборот маконида, сиёсий доиралар ва мулоқотларда кўтарилгани туфайлидир.

– Сизнинг Мудофаа стратегиялари марказингиз вазиятнинг бундан кейинги ривожини қандай тасаввур қилади?

– Биз хавф-хатарни баҳолашда янглишмаймиз. Лекин, агар кенг кўламли тажовузни, яъни Украинани тўлиқ ёки унинг ярмини ёинки учдан бирини босиб олишга қаратилган амалиёт сценариси ҳақида гапираётган бўлсак, аслида бундай бўлиши эҳтимоли жуда паст, деб баҳолаётган бўламиз. Чунки чегараларимиз яқинида жамланган кучлар босиб олишга, ундан ҳам муҳими – ҳудудларни қўлда сақлаб туришга мутлақо етмайди. Бинобарин, Россия бордию шу кучлар билан ҳаракат бошласа, бу режа мутлақо муваффақиятсиз бўлур эди.

Аммо Украина сарҳадлари яқинидаги куч ва воситалардан келиб чиқадиган бўлсак, қандайдир локал амалиётлар бўлиши мумкин. Шу боис, албатта, таҳдид даражаси юқолигича қолади. Хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ, бу зиддият қанақадир мулоқотлару дипломатия йўли билан ҳал этилишидан умид қилмаймиз. Нималардир салбий тарафлама кетиб қолиши жуда ҳам мумкин.

Шунинг учун ҳам қуролли кучлар ва аҳоли, жумладан, ҳудудий мудофаа тизими шай турмоғи лозим. Муҳтамал сценарийлар нуқтаи назаридан қараганда, биз ҳамиша Россия денгиз томондан ҳаракат қилишига кўпроқ ишонганмиз. Айни дамда юз бераётган воқеалар, афтидан, ўша сценарийнинг ибтидоси, аниқроғи, давомидир, чунки кичикроқ кўламдаги ҳаракатлар, уринишлар илгари ҳам бўлган. Хабарингиз бор, Керчь бўғози биз учун ёпиб қўйилганди, у ердан кемалар, жумладан, фуқаровий кемалар ўтиши жиддий муаммо эди. Эндиликда биз ўша воқеаларнинг давомини кўриб турибмиз.

Таассуфки, башоратларимиз ижобий эмас. Вазият бундан баттар бўлишини назарда тутяпман.

XS
SM
MD
LG