Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:56

ЮНЕСКО қанақа ташкилот ва нега АҚШ ундан чиқиб кетяпти?


Америка Қўшма Штатлари 2018 йили охирига бориб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маданият масалалари бўйича агентлиги ЮНЕСКОга аъзоликдан чиқиб кетмоқчи эканини эълон қилди.

Расмий Вашингтон вакили ЮНЕСКОнинг Исроилга нисбатан бирёқлама муносабатини аъзоликдан чиқишнинг бошқа сабаблари қаторида санаб ўтди. Бу унинг БМТ ушбу ташкилоти билан нотекис муносабатларига яна бир марта нуқта қўяди.

ЮНЕСКО ўзи қанақа ташкилот?

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича агентлиги Иккинчи жаҳон урушидан сўнг – 1945 йили экстремизмга қарши кураш ва тинчликни қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган эди. Лекин ЮНЕСКО биринчи навбатда ўзи рўйхатга оладиган маданий мерос объектлари ва биосфера қўриқхоналари билан машҳур. Қўшма Штатлар ЮНЕСКО ташкил этилишида муҳим роль ўйнаган. Ёзувчи ва ЮНЕСКОнинг илк америкалик бошқарув аъзоси Арчибалд МакЛиш ушбу ташкилотнинг илк Конституцияси кириш қисмини ёзиб берган эди.

Нега Вашингтон ЮНЕСКОга аъзоликдан воз кечмоқчи?

Давлат департаменти воизаси Ҳизер Нойерт 12 октябрь куни Вашингтоннинг ушбу қарорини эълон қилар экан, АҚШнинг ЮНЕСКО олдида қарзи кўпайиб кетаётганини, ушбу ташкилот ислоҳ қилинмаётганини ва унинг Исроилга муносабати бирёқлама бўлиб қолаётганини таъкидлаб ўтди.

Вашингтоннинг ЮНЕСКО олдидаги қарзи қанча? АҚШнинг йиллик аъзолик бадали миқдори 80 миллион доллардан ошади. Бу ЮНЕСКО жами йиллик бюджетининг 20 фоиздан ошиғи демакдир. Аммо Вашингтон 2011 йили ЮНЕСКО Фаластинни аъзоликка қабул қилгандан бери бадал тўламаяпти.

Ўша пайтда Обама маъмурияти тўланаётган бадалларни қисқартиришга мажбур бўлганини, чунки ХХ асрнинг 90-йилларида қабул қилинган қонунга кўра Фаластинни давлат сифатида тан олган БМТ ташкилотига аъзолик бадали тўланиши тақиқланишини айтган эди. Бугунги кунга келиб, Вашингтонннинг ЮНЕСКО олдидаги қарзи 500 миллион доллардан ошиб кетди.

Бироқ аксарият синчилар Вашингтоннинг ЮНЕСКОга аъзоликдан чиқиши ушбу ташкилотнинг Исроилга тегишли гўёки адолатсиз қарорлари билан боғлиқ эканини айтмоқда.

Масалан, июль ойида ЮНЕСКО Иордан дарёси ғарбий қирғоғида жойлашган Ҳиброн шаҳрини Жаҳон маданий мероси объекти, шаҳарнинг ўзини эса Исроил эмас, Фаластинга тегишли деб эълон қилди.

Исроил давлати вакилларининг фикрича, айни қарор яҳудийлик дини Тавротда номи зикр этилган ушбу шаҳарга боғлиқ эканини, у ерда Патриархлар қабри мавжудлигини инкор этади.

2016 йили ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси қарорни қабул қилгандан сўнг Исроил ушбу ташкилотдаги элчисини чақириб олди, чунки ўша ҳужжатда Қуддусдаги муқаддас қадамжолардан бири “мусулмонларнинг муқаддас саждагоҳи” деб аталган эди. Зикр этилаётган саждагоҳни яҳудийлар Ибодат тоғи – кўҳна яҳудийлик ибодатхоналари тепалиги, мусулмонлар эса ал-Ҳарам аш-Шариф деб атайди.

Таранг муносабатлар: АҚШ билан ЮНЕСКО орасидан яна ола мушук ўтдими?

Йўқ деса ҳам бўлади. Қўшма ШтатларИсроил сабаб ЮНЕСКО билан тез-тез ғижиллашиб туради.

1974 йили ЮНЕСКО Исроилни танқид қилибгина қолмасдан, Фаластин Озодлик Ташкилотини тан олди. АҚШ эса ушбу ташкилот бюджетига қўшадиган ҳиссасини тўламай қўйди.

1984 йил декабрига келиб, Рейган маъмурияти ЮНЕСКОда коррупция мавжудлигини баҳона қилиб, Қўшма Штатларнинг унга аъзолигини тўхтатди. Бундан ташқари, вашингтонлик сиёсатчилар совуқ уруш даврида ушбу ташкилотни Совет Иттифоқига ён босганликда ҳам айблаган эди.

2002 йилга келиб, Қўшма Штатлар коррупцияга, Исроил ва Ғарб мамлакатларига бирёқлама ва хавфли айрим қарашларга барҳам берилганини айтиб, ЮНЕСКОга қайта аъзо бўлди.

Вашингтон 2011 йилда ЮНЕСКОга аъзолик бадалларини тўламай қўйгандан сўнг 2013 йилга келиб овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Қўшма Штатлар ЮНЕСКОНинг асосий қарор қабул қилувчи органи Умумий Конференциясида овоз бериш ҳуқуқидан мосуво этилган бўлса-да, аъзолигини сақлаб қолди ҳамда бош директорни сайлайдиган ижро кенгашида овоз бериш ҳуқуқига эга.

Аъзоликдан чиқиш эълон нимадан дарак беради?

Давлат департаменти вакили Қўшма Штатлар ЮНЕСКОда “аъзо бўлмаган кузатувчи давлат” бўлиб қолишини эълон қилди. Бу унга “жаҳон маданий меросини ҳимоя қилиш, матбуот эркинлиги ва илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш”ни давом эттириш имконини беради.

Синчилариннг фикрича, Қўшма Штатлар ЮНЕСКОга аъзоликдан 2018 йил 31 декабрда чиқади, чунки ўша вақтга қадар янги бош директор сайланади. Бош директорликка сайланишда номзодлардан Франция маданият вазири Одри Азулай ва қатарлик дипломат Ҳамид бин Абдулазиз Ал-Каварийнинг имкониятлари кўпроқ.

XS
SM
MD
LG