Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2020, Тошкент вақти: 09:14

Ўқувчи устози ўзини шафқатсиз калтаклаганини иддао қилмоқда(ВИДЕО)


Наманган вилояти, Уйчи туманидаги Ғайрат қишлоғида яшайдиган Мукаррам Жўраева 22-умумий таълим мактабининг ўқитувчиси Ўткир Холиқов 10-синфда ўқийдиган ўғли Бобур Исомиддиновни синфдошлари кўз ўнгида аёвсиз калтаклаганини иддао қилди.

Ўқувчи иддаосича, қизбола синфдоши билан уришиб қолгани учун синф раҳбари ўзини ҳушидан кетгунча тўхтамай урган.

Онанинг айтишича, участка нозири ўша куннинг ўзида ўқувчидан касалхонада кўрсатма олган, лекин орадан тўрт кун ўтиб, жароҳатлар изи кетганидан сўнг экспертизага олиб борган.

Ўқитувчи Ўткир Холиқов ўқувчиси қизбола синфдошини ургани учун икки шапалоқ солганини тан олди, лекин аёвсиз калтаклаганини инкор қилди.

Уйчи туманидаги Ғайрат қишлоғида яшайдиган Мукаррам Жўраева Озодликка ўғлини синф раҳбари шафқатсизларча калтаклаганини иддао қилди:

- Соат бир яримларда ўғлим уйга кириб келди. Башаралар қизариб шишиб кетган, қовурғасини ушлаб, зўрға нафас олаяпти. Нима бўлди десам, домла уриб ташлади, дейди. Курткасининг аҳволига қараб бўлмайди. Кейин тез ёрдам чақирдим, Уйчи туманидаги травмотология бўлимига олиб борди. Доктор давлениясини ўлчади 140 га 90. Ётқизмасак бўлмайди деб, олиб қолди.

Онанинг айтишича, воқеа мактабда содир бўлган:

Кейин синфда ерга ётқизиб олиб ҳушидан кетгунча урган.


- Қўшнимнинг қизи синфдоши бўлган. Иккаласи гап талашибми, жанжаллашиб қолган. Кейин у қиз ўғлимнинг юзига бир шапалоқ урган, ўғлим уни елкасига туртиб юборган. Домласи ўғлимни доскани тагига олиб чиқиб, бир шапалоқ қўйиб, қорнига тўрт марта мушт солган. Ўғлим, устоз кечирасиз, бошқа такрорланмайди¸ деса ҳам тўхтамай ураверган. Ўғлим синфдан қочиб чиқса қувиб чиқиб, яна синфхонага олиб кирган. Бўйнидан қисиб олиб кираётганда эшикнинг қиррасига бошини урган. Кейин синфда ерга ётқизиб олиб ҳушидан кетгунча урган.

Мукаррам Жўраевага кўра, ўша куннинг ўзида Олмурут ҚФЙ профилактика инспектори Нурилло(фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.) касалхонага келиб, боладан кўрсатма олган:

Бу пайтда унинг баданидаги жароҳатлар йўқолган эди.


- Лекин орадан тўрт кун ўтганидан сўнг, 15 февраль куни ўғлимни экспертизага олиб бораяпти. Бу пайтда унинг баданидаги жароҳатлар йўқолган эди. Мен ариза ёзиб берганман, лекин ўқитувчига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади. Чунки, мактаб директори бу ўқитувчининг қариндоши бўлади.

Озодлик профилактика инспектори мобиль телефонига 26 февраль куни бир неча бор қўнғироқ қилди¸ телефони ўчирилгани боис у билан гаплашиш имкони бўлмади.

Жабрланувчи Бобур Исомиддинов Озодлик билан суҳбатда воқеа тафсилотларини шундай тасвирлади:

Ичкарига олиб кириб олиб, “мен сени барибир ўлдираман” деб, ётқизиб тепдилар.


- Синфдошим билан ҳазиллашиб, уришиб қолдик. Кейин у қулоғимни тагига бир шапалоқ туширди, мен қўлидан туртиб юбордим. Бўлган воқеа шу. Кейин доскага чиқариб биринчи башарамга тўрт шапати урдилар. Мен кечирим сўрадим. Лекин қорнимга бир неча мушт солдилар, энгашиб қолдим. Кейин елкамга урдилар. Қочиб ташқарига қочсам, тепди орқамдан. Кейин курткамдан ушлаб олиб уровдилар, бошимни эшикни қиррасига уриб олдим. Ичкарига олиб кириб олиб, “мен сени барибир ўлдираман” деб, ётқизиб тепдилар.

Ўқувчининг синф раҳбари, алгебра фани ўқитувчиси Ўткир Холиқов Озодлик билан суҳбатда Бобур Исомиддинов қизбола синфдошини ургани учун икки шапалоқ солганини тан олди, лекин аёвсиз калтаклаганини инкор қилди:

Қизболага қўл теккизгани учун икки шапалоқ урдим.


- Қизболага қўл теккизгани учун икки шапалоқ урдим. Бошқа урганим йўқ. Ўзи чиқиб кетаётиб бошини эшикка уриб олди. Ҳозир бўлган воқеани кўпиртириб, ҳар балони гапиртиришаяпти энди. Мен духтургача бориб келдим, қоғозларигача олдим. Шамоллашдан укол, дори олган. Экспертиза натижаси ҳам яхши чиқди.

Ўқитувчи мактаб директори Маъмура Сиддиқовага қариндош эканлигини тан олди:

- Менинг аммамга унинг эрини акаси уйланган бўлса, яқин қариндош бўлмайди, узоқ қариндош бўлади.

Исми очиқланмаслиги сўраган 10-синф ўқувчиларидан бири бу воқеага бутун синф гувоҳ бўлганини айтди:

Ўлдираман деб бўғиб урди. Кейин Бобур ҳушидан кетди.


- Ҳаммамиз кўрдик буни. Аксинча, аввал қизбола синфдошимиз Бобурни урди, у эса туртиб юборди. Аммо, устоз Бобурни жуда қаттиқ урди. Ташқарига қочиб чиқиб кетганда орқасидан чиқиб ушлаб, синфга олиб кириб яна урди. Ўлдираман¸ деб бўғиб урди. Кейин Бобур ҳушидан кетди. Анчадан кейин ўзига келиб уйига кетди. Бу устоз сал нарсага ҳам болаларни қаттиқ уради.

22 – умумий таълим мактаби директори Маъмура Сиддиқованинг айтишича, ўқитувчи бу хатти-ҳаракати учун огоҳлантириш олган:

“Ўқувчининг онаси эса бу сизнинг қариндошингиз, шунинг учун ишдан бўшатмаяпсиз, қаттиқ чора кўрмаяпсиз, деяпти. Узоқ қариндошим бўлса ҳам уни ишдан бўшатишга менда асос йўқ, дедим. Биз, маҳалла комитети, профилактика инспектори билан биргаликда бу масалани муҳокама қилганмиз. Биз ўқитувчига огоҳлантириш бердик”.

Мукаррам Жўраеванинг айтишича, унинг ўғли шафқатсиз калтаклангани борасида адолатли суриштирув олиб борилмаган, воқеа гувоҳлари билан гаплашилмаган.

Уйчи тумани Ички ишлар бўлимидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG