Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ҳукумат мажбурий формадан воз кечди. Андижон мактаби¸ аксинча¸ бу талабни кучайтирди


Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директорининг ота-оналарга Telegram канали орқали йўллаган аудиохабарида 1 сентябрь куни ҳамма ўқувчининг ягона мактаб формасида келиши буюрилган.

Директор ягона форма сотиб олишни истамаган ота-оналарга кескин оҳангда фарзандларини бошқа мактабга кўчиришни "тавсия қилади".

Аудиоёзувни Озодликка юборган ота-оналарнинг айтишларича, мактаб директори бундай формаларни қайси тикувчига тиктириш ҳақида ҳам аниқ кўрсатма берган.

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими мулозими ҳар бир мактаб директори ўз ички Низоми бўйича ота-оналар билан келишган ҳолда форма жорий этишга ҳақли эканини айтди. Айни пайтда¸ бу форманинг қанчалик мажбурийлиги ҳақида изоҳ бермади.

Андижон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида тўрт фарзанди ўқийдиган оналардан бири мактаб директори Наргиза Абдураҳмонованинг ота-оналарга Telegram канали орқали юборган аудиохабарини Озодликка тақдим қилди.

Болаларига мактаб раҳбарияти босим ўтказишидан хавотирланган бу она шахси сир қолишини сўради. Аудиохабарда¸ мактаб директори деб ишонилаётган шахс, ота-оналарга сентябрдан ўз мактабида ўқийдиганларнинг бир хил формада келиши мажбурий эканини айтади.

“Менинг мактабимда ички тартиб бергиланган, шунга кўра ҳамма ўқувчилар формада бўлиши шарт. Вазирлар Маҳкамасининг 666-қарорини таъминлаш мақсадида, биз раҳбарларга мажбуран қилдирди. Мажбур қилгани учун мен шу нарсага ёндашдим. Ўқувчилар орасидаги тенглик бу формадан бошланади. Болани табақага бўлишликлар ана шу формасизликдан бошланади. Шунинг учун форма¸ албатта, бўлади. Тройка, яъни тўқ кўк шим, костюм, камзул. Қизларга тўқ кўк камзул, костюм, юбка, бантик, оқ колготка. Менинг мактабимда у кимнинг фарзанди бўлишидан қатъий назар¸ ўқувчи бўлиб қолиши шарт. Агар менинг формам сизга маъқул келмаса, марҳамат болангизни бошқа мактабда ўқитишингиз мумкин”.

Telegram канали орқали юборилган аудиохабарда мактаб директори формани қайси тикувчидан олишни ҳам қайта-қайта маслаҳат беради.

“Мени агитация қилаяпти экан¸ деб ўйламанглар. Бошқа жойларникини ҳам кўрдим, унчалик эмас. 1-мактабнинг ёнбошида Нилуфар дегани бор, ўша ерга бориб кўринглар, 13-мактаб деб олаверинглар. Менинг у билан таниш-билишчилигим йўқ, ҳарқалай у қизнинг формалари сифатли”.

Тўрт фарзандининг ҳар бирига энг арзони 180 минг бўлган формадан жуфт-жуфтлаб олиб бериш¸ Озодлик гаплашган оналардан бирига кўра¸ оила ҳамëнига оғирлик қилмоқда.

“Директор “бу менинг мактабим, ҳамманг бир хил форма тиктиришга мажбурсан, хоҳламасанг, ана катта кўча” деб айтаяпти. Ваҳоланки, ҳукумат ягона мактаб формаси бўлишни 2024 йилгача кечиктирган эди. Директоримиз мана шу адресда чевар бор, ўша ерда тиктирасизлар, у бизнинг мактабимизни этикеткаси билан тикиб беради, деяпти. Биринчи синфга формани 180 минг сўмга тикади экан. Катта болаларга янада қиммат. Бозордан олсак анча арзонга тушади. Кўп болали оилаларга анча оғир бўлади. Ўтган йили оқ-қора қилиб кийинтирган эдик. Кейин тўқ кўк ранглисидан олинглар дейишди. Мажбур яна бозордан бориб шу рангдагисини олдик. Энди яна ўша чеварга бориб тиктиришимиз керак экан”¸ дейди ҳар йили ўзгараëтган форма олишдан безиб қолганини айтган она.

13-умумтаълим мактаби директори Наргиза Абдураҳмонованинг мобиль телефони ўчирилгани боис¸ у билан боғланиш имкони бўлмади.

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳар бир мактаб ўзининг ички Низоми бўйича¸ ота-оналар билан кенгашган ҳолда¸ бир хил мактаб формасини жорий қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирди.

“Янги ўқув йилидан Ўзбекистонда ягона мактаб формаси савдоси ҳақидаги қарор тўхтатилганидан кейин, ҳеч нарса ўзгармади. Ҳар бир мактаб 2024 йилгача, ўзининг ички Низомидан келиб чиқиб, бир хил формани қўллаб тураверади. Албатта, бунда ота-оналар Кенгаши билан маслаҳатлашилади. 13-мактаб эса ўша 666-қарор бўйича формани 90 фоиз тиктириб бўлган эди, энди ўша қолган 10 фоизи ҳам қатордан қолмасин деб ташвиқот қилаяпти”.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган Андижон шаҳридаги мактаблардан бирининг директори, мактаб ички Низомида ҳамма ўқувчилар бир хил андазадаги форма билан мактабга келиши мажбурийлиги ёзилмаганини айтади.

“Ҳамма мактабнинг Низомида болалар мактабга формада келсин дейилган, тўғри. Лекин мактаб этикеткаси тикилган бир хил рангдаги формада келсин¸ дейилмаган. Асосийси¸ қора ёки кўк рангдаги костюм, шим ва оқ кўйлак бўлса, бўлди. Баъзи мактаб директорлари ўзининг мактаби зўрлигини кўрсатиш учун ҳам шунақа шартлар қўяди”.

Озодлик гаплашган андижонликлар¸ шаҳардаги 13-мактабнинг Андижондаги¸ асосан¸ бойлар болалари ўқийдиган олди мактаб экани¸ мактаб директорининг ҳокимият тизимларидаги ҳомийлари кўплигини иддао қилди.

2018 йилнинг15 август куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Бу қарорга кўра, мактаб формаси 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланган эди.

Жорий йил 31 май куни президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари¸ президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Facebook саҳифасида қуйидаги мулозаҳаларни эълон қилди:

"Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик. Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз. Қисқасини айтганда — олдин шароит, кейин талаб".

Президент қизининг бу гапидан сўнг, 2019 йилнинг 18 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 августдаги 666-қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, ягона мактаб формаси жорий қилиш беш йилга кечиктирилди.

XS
SM
MD
LG