Линклар

19 январ 2018, Тошкент вақти: 01:06

Ўринбосар ҳокимнинг пайпоғини санитаркаларга ювдирди

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Ҳамшира ва санитаркаларнинг ўз вазифасидан ташқари ишларга жалб қилиниши Ўзбекистонда кўп учрайди. Бу сурат 2015 йилда Наманганда олинган.

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган санитаркалар, иш кунлари ҳокимликка чақиртирилиб, ҳокимнинг хонасини ва шахсий кийимларини ювишга мажбурланяпти. Бу ҳақда Озодликка арз қилган санитаркаларнинг айтишларича, уларга ҳатто ҳокимнинг пойафзалларини тозалаб, кремлаб қўйиш ҳам буюрилган. Ҳокимликнинг исми сир қолишини сўраган мулозими, санитаркалар ҳар уч кунда ҳокимнинг хонасини тозалашга олиб келинаётганини тасдиқлади.

"Хотин-қизларимизни ҳокимлар зўравонлигидан ким ҳимоя қилади?"

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани марказий касалхонасининг санитаркалари иш пайтида ҳокимнинг иш кабинети ва шахсий буюмларини ювиб тозалашга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка исми сир қолишини сўраган дўстликлардан бири хабар берди:

- Ҳокимнинг иш хонасини, ётоқхонасини, туалетини ювиб тозалашга туман касалхонасининг санитаркалари мажбурланяпти. Менга уларнинг ўзи айтиб берди. Санитаркалар бу ишларни қилишдан бош тортганда, уларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиняпти. Буни менга санитаркаларнинг ўзлари йиғлаб айтиб берди. Уларнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб кетдим. Хотин-қизларимизни ҳимоя қиладиган бирор ташкилот борми ўзи, дейди санитаркалар билан суҳбатлашган одам.

"Ҳокимнинг туалетини ҳам бизга ювдирди!"

Озодлик ҳокимликда ишлашга мажбурланган санитаркаларни ўзлари билан ҳам гаплашди.

Исми сир қолишини сўраган санитаркалардан бирининг айтишича, уларни бу ишга туман касалхонаси бош ҳамшираси юборган:

“Биз сменада эдик. 24 соат сменада турамиз. Бош ҳамшира келиб “ҳозир ҳокимиятга борасизлар, ўзларинг билан латта олинглар”, деб буйруқ берди. Борсак Амриддин деган ҳокимнинг ўринбосари ҳокимнинг хонасига киргизди. Қоровулига айтгизиб, хлор обкелтирди. “Хоналарни хлорлаб ювасизлар”, деди. Биз “перчатка олиб келмаганмиз, хлор қўлни ёриб юборади”, десак ҳам ҳокимнинг иш хонаси ва ичкаридаги ётоқхонаси, туалет ва душни мажбурлаб перчаткасиз ювдирди”, дейди санитарка.

"Ҳокимнинг пайпоғини ювадиган хотини йўқми?"

Унинг айтишича, ҳоким ўринбосари ҳокимнинг шахсий буюмларини ҳам ювдирган:

“Кейин кийим иладиганни тагида ҳокимнинг икки жуфт пайпоғи бор экан, ўшани ҳам ювдирди. Уч жуфт оёқ кийимини тозалатиб, крем сурдирди. Бизга роса алам қилди, нима ҳокимнинг хотини йўқми, қизлари йўқми пайпоғини ювиб берадиган ёки туфлисини артиб қўядиган. Санитарка дегани ҳокимнинг шахсий фарроши дегани эмаску, бизнинг ишимиз касалхона тозалигини таъминлашку ”, дейди санитарка.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир санитарка ҳам Озодлик билан суҳбатда, ҳокимнинг шахсий буюмларини ювиб тозалашга мажбурланганини айтди:

“Биз пайпоғини ювмаймиз десак ҳам қўймади, ишдан кетказиш билан дағдаға қилди ўша Амриддин дегани. “Сен санитаркасан, бу сени вазифанг деб ўшқирди. Ҳокимнинг сапожкаси, туфлиси ва кроссовкаси бор экан. Кроссовкани нам латта билан артгиздирди, сапожка билан туфлини крем қилдик. Иккита пайпоғи бор экан, битта пахтали, битта синтетика, ювиб ёйиб келдик”, дейди санитарка.

Унинг айтишича, бу ишларнинг ҳаммаси уларнинг сменада турган вақтида бажарилади:

“Ҳокимми ёки унинг ўринбосарими бош врачимизга ҳар уч кунда санитаркаларни жўнатасан деб буйруқ берган экан. Шунинг учун ҳар уч кунда ҳар бўлимдан бош ҳамшира санитаркаларни жўнатади”, деди ҳокимнинг иш хонаси, туалети ва шахсий кийимларини ювишга мажбурланган санитарка.

Ҳокимлик фаррошлари уларни қаноатлантирмайди

Дўстлик тумани ҳокимининг ўринбосари Амриддин Холматов Озодлик билан суҳбатда санитаркаларни ҳокимликка ишлашга чақирилганини инкор қилди:

- Мен ҳеч кимни чақиртириб, ишлатганим йўқ, бу туҳмат. Дўстлик тумани неча йил ботқоққа ботиб кетди. Энди янги ҳоким келиб ишни бошлаганда, шунақа гаплар чиқариш керакми. Кимдир ташкиллаштирганда буни. Лекин санитаркалар ҳокимликка чақириб ишлатилмаган, деди Амриддин Холматов.

Айни пайтда ҳокимлик биносидан ташқарида бўлган, исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бири касалхона ҳамшираларининг ҳоким хонасини ва шахсий кийимларини ювиб тозалаганини тасдиқлади:

“Ҳокимликда икки фаррош аёл бор. Лекин уларнинг ишидан кўнгли тўлмайдими, Амриддин ака доим касалхонадан санитаркаларни чақириб ишлатади. Буни ҳокимликда ишлайдиган ҳамма билади”, деди ҳокимлик мулозими.

"Буларнинг кучи фақат санитаркаларга етади"

Касалхона санитаркаларининг аксариятини тиббиёт коллежини тугатган ҳамширалар ташкил этишини улардан бири Озодликка айтди:

“Қўлимизда дипломимиз бор, лекин орқамизда одамимиз йўқ. Иш тегиб қолармикин деб бир неча йилдан буён санитаркалик қилиб юрибмиз. Лекин ҳали укол қилишни яхши билмайдиган янги ҳамширалар ишга олинаверадию, бизларга йўл йўқ. Агар бир ойда бешта навбатчилик тегса 350 минг сўм маош оламиз. Лекин касалхонадан ташқаридаги барча ишларга санитаркалар мажбурланади. Ҳозир ҳам янтоқ чопишдан келдим”, дейди оғир хўрсиниб санитаркалардан бири.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG