Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2019, Тошкент вақти: 10:14

Мирзиëев топшириғи бажарилмади – 10 декабрь куни Жиззахда Peugeot Citroen заводи ишга тушмади (ВИДЕО)


2018 йилнинг 10 декабрида илк автомобилларини ишлаб чиқариши эълон қилинган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводида машина ишлаб чиқариш тугул¸ завод қурилишининг ўзи ҳам тўхтаб қолди.

Бу ҳақда Озодликка келган хабарни Жиззах эркин иқтисодий ҳудудида бошланган қурилиш ишларига бевосита алоқадор бир неча мулозим тасдиқлади.

Заводни қураëтган "12- Трест" МЧЖси мутахассиси Озодликка “пул йўқлиги боис бир ойча олдин қурилиш ишлари тўхтатилиб¸ юзлаб ишчи трестнинг қолган бошқармаларига тарқатилган”ини билдирди.

Қўшма корхонадаги француз томони - PSA Groupe матбуот хизмати лойиҳанинг давом этаëтганини билдирди¸ аммо заводнинг нима учун белгиланган муддатда ишга тушмаганига оид изоҳ беришни истамади.

Қурилиш тўхтаган

Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводида қурилиш ишларининг тўхтатилгани ҳақидаги хабарни бу жараëнга бевосита алоқадор бир-биридан мустақил учта манба тасдиқлади.

Ҳозир ҳаммаси тўхтаб турипти¸ бу ерда ҳеч қандай иш бўлаëтгани йўқ. Негалигини биздан эмас¸ автопромдагилардан сўрасангиз яхши бўлади”¸ деди Жиззах вилоят ҳокимлиги мулозимларидан бири.

Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги Жиззах эркин иқтисодий ҳудуди маъмурияти мулозими ҳам¸ “қурилишнинг тўхтаб ëтгани”ни айтиш билан чекланди.

Мазкур қурилишнинг пудратчиси - "12 -Трест" МЧЖ муҳандисларидан бири Озодликка Жиззахда автомобиль заводи қуриш тўхтатилганидан юзлаб қурувчи ишсиз қолганини билдирди.

Бу заводни ПМК-2 қураëтганди¸ бир ой бўпқолди¸ тақа-тақ тўхтади. Пул йўқ¸ дейишди. Ишчиларининг бари ҳозир Тошкентга келган¸ трестдаги қолган бошқармаларга ишга оласан¸ деяпти”¸ деган "12-Трест" муҳандиси¸ ишсиз қолган қурувчилар сонининг бир неча юзлаб эканини билдирди.

“Французлар лойиҳани норентабел деб топди”

Жиззах эркин иқтисодий ҳудудида Ўзбекистон-Франция автомобиль заводини қурилиши тўхтатилгани¸ Озодликка келган норасмий хабарларга кўра¸ Франция PSA Groupe корпорациясининг бу лойиҳадан воз кечиш эҳтимоли билан боғлиқ.

“Француз томони киритадиган инвестициясини 30 йилда ҳам ололмаймиз¸ ўзини оқламайди¸ деб иккиланиб қолган. Шунга уларнинг Ўзбекистонга келиш-келмаслиги мавҳумроқ бўлиб турипти"¸ деди бу лойиҳа тақдиридан билвосита хабардор мулозимлардан бири.

Ўзбекистон томондан «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасига қўшилган “Ўзавтосаноат” расмийлари Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзларини олиб қочди.

“Ўзавтосаноат”нинг бир эмас¸ бир неча мутасаддиси Озодлик мухбирининг “10 декабрь куни ишга туширамиз”¸ деб ваъда қилинган заводнинг тўхтаб қолганини қандай изоҳлайсиз”¸ деган саволини эшитиши билан телефон гўшагини илиб қўйди.

Қўшма корхонанинг француз томони - PSA Groupe корпорацияси матбуот хизмати 17 декабрь куни Ўзбекистондаги лойиҳаси тақдирига оид саволларга қисқа қилиб:

-Ўзбекистондаги лойиҳа сақланиб қолмоқда ва биз унинг устида ишлаяпмиз¸ деган жавоб берди.

Корпорация матбуот хизмати¸ завод ишга туширилишининг нега номаълум муддатга кечиккани¸ француз томонининг бу лойиҳадан даромад келтирмайдиган сармоя сифатида воз кечиш эҳтимолига оид саволларга "ҳамма лойиҳаларда ҳам назарий режа амалда баъзан тузатишларга учрайди"¸ деган мазмунда умумий жавоб бериш билан чекланди.

Лойиҳа тарихи

2017 йилнинг 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини хабар қилган эди.

Битим имзолангани айтилганидан бир ой ўтиб-ўтмай 2017 йилнинг 13 июнь куни Шавкат Мирзиëев “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “ Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида” махсус қарор чиқарган эди.

Қарорда «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун Ўзавтосаноат»га 45 га ер майдонига эга ер участкасини ажратиш¸ бу заводни қуришга тендерсиз танланган «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ¸ «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ¸ «12-трест» МЧЖга “Ўзавтосаноат” билан бир қаторда “қурилиш даврида ишлар ҳажми ва хизматлар бўйича қўшимча қиймат солиғидан озод этиш” каби қатор махсус имтиëзлар берилган эди.

Умумий нархи 133,3 млн еврога тенг деб эълон қилинган бу инвестицион лойиҳа¸ маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан¸ Марказий Осиëдаги ноëб проект сифатида кўз-кўз қилина бошланди.

(Мазкур видеоматериалнинг 3:30 дақиқасида президент Мирзиëев лойиҳа раҳбарларига заводни 2018 йилнинг 10 декабрига қадар ишга туширишни буюради; 7:30 дақиқасида "Ўзавтосаноат" нинг ўшандаги бошқаруви раиси Умиджон Салимов¸ 10 декабрдан бошлаб заводда ишлаб чиқарилган автомобиллар харидорларга тақдим этилишини ваъда қилади - таҳр.)

Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил октябрь ойида қилган сафари муносабати билан Озодликка шахси очиқланмаслиги шарти билан гапирган “Ўзавтосаноат” мулозими лойиҳанинг амалга ошишдан кўра ошмаслик эҳтимоли кучли эканини айтган эди.

Французлар Peugeot бренди билан завод очиш учун гарантия пули сўрамоқда. Булар ишлаб чиқариш технологиялари олиб кириб¸ маҳаллий кадрларни ўқитиб¸ ишлаб чиқаришни йўлга қўяр-қўймас¸ пулига куйиб қолишдан қўрқмоқда. Улар сўраëтган кафолат пули катта - юзлаб миллионга боради. Кафолат масаласи ҳал бўлса¸ Мирзиëев сафари давомида молиялашга оид келишув ҳам имзоланади. Бўлмаса¸ бу режа йўққа чиқади”¸ деган эди “Ўзавтосаноат” мулозими 5 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

PSA Groupe автомобиль ишлаб чиқариш бўйича дунëда етакчилик қилувчи ширкатлар ўнлигига киради ва 2018 йилнинг биринчи ярми учун молиявий ҳисоботида ширкат даромади 38.6 миллиард евро деб кўрсатилган.

Ўзбекистонда қурилиши эълон қилинган Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive заводида йилига 16 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG