Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Самарқандда хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш қийинлашди


Oriyent finans банкида одамлар эрталабдан буён навбат кутишяпти
Oriyent finans банкида одамлар эрталабдан буён навбат кутишяпти

Самарқанд шаҳрида одамлар хориждан юборилган пул жўнатмаларини ўз вақтида ололмай, сарсон бўляпти. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган самарқандликлар банкларнинг олдида тумонат одам йиғилганини, баъзан куни билан навбатда туришаётганини айтишяпти. Банк мутасаддилари бу ҳолатни шаҳардаги хориждан келадиган пул жўнатмаларини берадиган бир қанча минибанк ўз фаолиятини тўхтатгани билан изоҳламоқда.

Самарқанддаги банкларда хориждан юборилган пулни ололмаётган Зокиржоннинг Озодликка айтишича, у икки кундан буён сарсон бўляпти:

“Ипак Йўли банкининг Самарқанддаги Умар филиали, Капиталбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Orient finans bank, Туронбанкда одамлар пул жўнатмаларини олиш учун узундан-узун навбатларга туришга мажбур бўлишяпти. Авваллари бир кунда 100-150та одам пул олган бўлса, энди зўрға 60-70 киши оляпти. Банк ходимларидан бунинг сабабини сўрасак, ходимларимиз таътилга чиққан ёки ишдан кетган, деган баҳонани киляпти. Капиталбанкнинг Ҳазора булимида, Ипак йўли банкининг Мирзо Улуғбек кўчасидаги бўлимларда ҳам бир хил вазият. Ҳамма эрта тонда соат 6-7 да келиб очередга ёзилади. 60 одам соат кундузги 16 гача зўрға олаяпти. Ёки энг ёмони валюта тугаб қолаяпти ёки баъзи бир пул ўтказмалари ишламайди. Натижада бир кунингиз бекорга кетади.”, дейди Зокиржон.

Oriyent finans банкида одамлар эрталабдан буён навбат кутишяпти
Oriyent finans банкида одамлар эрталабдан буён навбат кутишяпти

Россияда меҳнат муҳожири бўлган ўғли юборган пулни олгани келган оналардан бири ҳам жазирама кунларда одамлар қийналаётганини айтди:

“Ўғлим “Золотая корона”дан пул жўнатдим деганди. Шуни олгани келсам, тумонат одам. Мени ҳам 76 нўмир қилиб навбатга ёзишди. Бироз ўтирдим, лекин иссиқда дамим қайтиб кетди. Бошқа кун оларман, деб, уйга кетдим”, дейди онахон.

Ипак Йўли банкининг Самарқанд шаҳридаги Умар филиали бошқарувчиси ўринбосари Сирожиддин Сирожқулов пул жўнатмаларини олиш учун катта навбат вужудга келганини тан олди. Ўринбосари бунинг иккита сабаби борлигини айтди:

- Биринчи сабаби шундай, Самарқандда бир қанча минибанклар ёпилди ва ўша банклардан пул олаётганлар энди бизнинг банкка келяпти. Шунга одам кўпайиб, узун навбатлар юзага келяпти. Иккинчиси эса, баъзи банклар Россиянинг “Золотая корона”си билан ишламайди, биз эса ишлаймиз. Россиядаги меҳнат муҳожирларининг аксарияти хизмат ҳақи арзон бўлгани учун шу тармоқ орқали яқинларига пул жўнатади. Бу ҳам одам кўпайиб кетишига сабаб бўляпти, дейди Сирожиддин Сирожқулов.

Ўзбекистон Марказий Банкининг ўзини таништирмаган мулозими, минибанкларни очиш ва ёпиш тижорат банкларининг ички иши, деди:

"Ҳар бир тижорат банки ўзи очган минибанкини ёпиш ҳуқуқига эга. Минибанклар банкка ва аҳолига қанчалик фойда келтираётганидан келиб чиқиб, бу ҳақда қарор олинади", деди Марказий Банк мулозими.

Ўзбекистонликлар Россиядан пул жўнатиш бўйича МДҲ ватандошлари орасида яна биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра¸ 2016 йил давомида ўзбекистонликларнинг ватанига юборган жами маблағи 2 миллиард 741 миллион долларни ташкил этган.

Ўртача ҳисобда¸ Россияда меҳнат қилаëтган ҳар бир ўзбекистонлик ўтган йилда ойига 279 доллар пул юборган.

XS
SM
MD
LG