Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:51

Кекса косибларни ўз дўконидан ҳайдаб солган милиция бошлиғи "интизомий жазо" билан қутулди


Андижонлик 72 яшар косиб Қобилжон Исмоилов
Андижонлик 72 яшар косиб Қобилжон Исмоилов

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи 72 яшар косиб Қобилжон Исмоиловнинг айтишича¸ туман милицияси бошлиғи ўринбосари ўзини ҳақорат қилиб, бозордаги хусусий дўконидан ҳайдаб чиқарган. Бу ҳақорат юзасидан Тошкентга қилинган саноқсиз шикоятлар натижасиз қолган - милиция мутасаддиси ҳамон ўз лавозимида қолмоқда¸ дўкон эгасига қайтарилмаган.

Шаҳрихон туман марказидаги Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи 72 яшар Қобилжон Исмоиловнинг айтишича, унинг бозордаги косибчилик моллари билан савдо қилувчи дўкони, туман милиция бошлиғи ўринбосари воситасида зўрлик билан тортиб олинган:

- Бизнинг деҳқон бозори бу йил бузилди. 2012 йилда, янги бозор қурилаётган пайтда 20 миллион сўмга дўкон сотиб олган эдим. Шу янги жойимни 8 июнь куни очаман деб борсам, Шаҳрихон тумани милиция бошлиғи ўринбосари, жиноят қидирув бўлими бошлиғи Тоҳир Абдужалилов ходимлари билан турган экан. У: “Сен дўконингни очмайсан, уни эски бозордан келган мана бу аёлларга берамиз", деди. “Ие, бу қанақаси бўлди, буни мен 2012 йилда сотиб олганман, бу хусусий мулким”, десам, мени сенлаб, “Агар сенинг соқолинг бўлмаганда эди, ҳозир подвалга тиқиб юборардим”, деди, дейди косиб.

Кекса косибларни ўз дўконидан ҳайдаб солган милиция бошлиғи "интизомий жазо" билан қутулди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Қобилжон Исмоиловнинг сўзларига кўра, шундан сўнг милиция раҳбари ўз ходимларига уни кўчага олиб чиқиб ташлашни буюрган:

- Унинг бу гапидан кейин, “Сен нимага кўпчиликнинг олдида мени ҳақорат қилаяпсан, нега зўравонлик қилаяпсан, ахир президентимиз кексаларни ҳурсанд қилгин¸ деб айтганку", десам, ходимларига буюриб, қўлимдан судраб, тортқилаб, кўчага чиқариб қўйишди. Ўша куни уйга келиб роса алам қилди, қорнимга эмас, қадрим учун роса йиғладим, дейди Қобилжон Исмоилов.

Косибнинг айтишича, унинг дўконини зўрлик билан тортиб олиб, бошқа савдогарларга берган милиция зобити ўз ҳатти-ҳаракатларининг қайси қонуний асосда бўлаëтганини изоҳловчи бирор ҳужжат кўрсатмаган.

Эски деҳқон бозорида тадбиркорлик қилаётган 55 яшар Абдуллажон Ибрагимов ҳам 8 июнь куни милициянинг зўравонлигига дуч келганини айтади:

Шаҳрихонлик тадбиркор Абдуллажон Ибрагимов
Шаҳрихонлик тадбиркор Абдуллажон Ибрагимов

- Эски бозорда салқин ичимликлар сотадиган дўконим бор эди. 8 июнь куни 01 деб аталадиган уголовний розиск бошлиғи келиб, менинг ўғлимни қўлини қайириб, олиб кетмоқчи бўлган. Хотиним ўғлимга ёпишса, унинг қўлини сиқиб ташлаган. Хуллас, оғзига келган сўзлар билан ҳақорат қилиб, тезда дўконни ёпиб кетишни буюрган. Ахир, бозордаги тадбиркорлар муаммолари билан нега жиноят қидирув бўлими бошлиғи шуғулланади? Нима биз жиноятчимизми, нега у зўравонлик қилади, нега менинг хотиним, ўғлимнинг қўлини қайиртиради? Нега қонун ҳимоячисининг ўзи қонунни бузади?, дейди Абдуллажон Ибрагимов.

Шаҳрихон тумани ички ишлар бошлиғи ўринбосаридан жабр кўрган бу икки тадбиркор 21 июнь куни Тошкентга бориб, Ички ишлар вазирлигига, Бош Прокуратурага ва президент девонига шикоят қилган.

Уларнинг иккиси шу йилнинг 3 август куни Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Т.Раззоқовдан жавоб олган. Жавоб мактубида Шаҳрихон тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Тоҳиржон Абдужалиловга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, унга нисбатан “интизомий жазо” қўлланилгани ёзилган.

Андижон вилояти ИИБдан келган жавоб мактуби
Андижон вилояти ИИБдан келган жавоб мактуби

Қобилжон Исмоилов, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, “интизомий жазо” нима эканлиги ҳақида изоҳ олишга ҳаракат қилганини, аммо бу саволга жавоб ололмаганини айтади:

- Милиция раҳбарларидан бири, мен, қарияни ҳақорат қилди, куч ишлатди. Шахсий дўконимни зўрлик билан тортиб олди. Лекин “интизомий жазо” нима дегани, ҳеч ким айтмайди. Абдужалилов ҳеч нарса кўрмагандек ишлаб юрибди. Мен эса кўчада қолдим, дейди косиб.

Қобилжон Исмоилов сўзларига кўра, у дўкони тортиб олинганидан сўнг туман прокурорига ҳам мурожаат қилган:

- Прокурор, декабргача сабр қилиб туришимни, кейин дўконни қайтариб олишимни айтди, деди косиб.

Озодлик Шаҳрихон тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, жиноят қидирув бўлими бошлиғи Тоҳиржон Абдужалилов билан боғланиб, отахонларнинг шикоятларига муносабат олмоқчи бўлди.

Телефонда Тоҳиржон Абдужалилов эканлигини тасдиқлаган шахс, мухбирнинг Озодликдан қўнғироқ қилаётганини эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди.

Озодликнинг такрор қўнғироқлари ҳам жавобсиз қолди.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Жиноят қидирув бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам Озодлик билан гаплашишни истамай, алоқани узиб қўйди.

Озодлик жорий йилнинг 3 август куни Шаҳрихондаги деҳқон бозори бузилаётгани ва тадбиркорлар кўчада қолгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG