Линклар

Шошилинч хабар
04 март 2021, Тошкент вақти: 23:28

Cамарқандда келин-куёв газдан заҳарланиб нобуд бўлди


Табиий газ йўқлиги сабаб айримлар пропан гази воситасида уйларини иситишмоқда.

Самарқанд шаҳрининг Каварзор маҳалласида яшаган ёш эр-хотин газдан заҳарланиб нобуд бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, газ босими паст бўлгани учун кечаси ўчиб қолган ва газ такрор келган пайтда ухлаб ётган ёшлар заҳарланган. Расмийлар эр-хотиннинг ўзларини хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганликда айбламоқда.

Каварзор маҳалласининг Садриддин Айний кўчасида яшаган ёш эр – хотин (уларнинг исми-шарифи Озодликка маълум – таҳр.)18 декабрь эрталаб ўз уйида ўлик ҳолда топилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган самарқандлик манбанинг айтишича, ёш келин-куёв табиий газдан заҳарланиб ўлган:

“Бу ёшларнинг тўйи бўлганига эндигина икки ой бўлган эди. Қўшниларининг айтишларича, газ босими паст бўлгани учун маҳалла пул йиғиб газ сўрадиган насос сотиб олган ва уни ГРПга ўрнатишган. Ўша куни свет ўчиб қолиб, насос ишдан тўхтаган ва ярим кечаси яна свет ёниб насос ишлаб кетган. Оқибатда булар ухлаб ётганда печкаларига газ тўлиб, уйга сизиб чиққан ва уларни заҳарлаган”, деди манба.

Самарқанд шаҳар газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, эр-хотин табиий газдан эмас, балки пропан газидан заҳарланиб ўлганини айтади:

“Йўқ, булар табиий газдан заҳарланмаган. Улар уйларига қўлбола печка ўрнатиб, унга баллонда бўлган пропан газини улаб қўйган. Кечаси ётишганда, қандайдир сабаб билан ис гази печкадан уйга сизиб чиққан ва уларни заҳарлаган. Бу ёшлар техника хавфсизлигига риоя қилмагани учун нобуд бўлишди”, деди мулозим.

Самарқанд шаҳридаги исми сир қолишини сўраган пенсионерлардан бирининг айтишича, ҳар йили газ босимининг паст бўлиши ёки умуман газ берилмай қўйилиши одамларни ўз ҳаётларини хавф остида қолдириб, исиниш учун турли "ихтиролар" қилишга мажбурламоқда.

“Одамлар газ босими паст бўлгани учун турли хил мосламаларни қўйишга мажбур бўляпти. Кимдир насос қўяди, кимдир қўлбола печка ясайди. Оддий мантиқ, агар газ босими яхши бўлса ҳеч қанақа қўлбола мослама ҳам бўлмайди, одамлар ҳам қурбон бўлмайди”, дейди пенсионер.

Ўзбекистонда куз ва қиш фаслида ис газидан заҳарланиб ўлиш ҳолатлари тўғрисида Озодлик олдин ҳам бир неча марта хабар қилган.

2015 йилнинг 5 февраль куни эса Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв ҳам никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб вафот этган эди. Маҳалла фаолининг айтишича, ёшлар уй ичига ўрнатилган Хитойда ишлаб чиқарилган газ печкасидан чиққан исдан заҳарланган.

2015 йилнинг февраль ойида эса булунғурлик Шарофат Бегимқулова ва унинг 19 ёшли қизи ҳам ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган эди.

Шарҳларни кўринг (15)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG