Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

“Устоз” санаторийсида қарийб ўн киши овқатдан заҳарланди


2014 йилда Жиззахдаги "PRIM" ресторанида ҳам 160 киши овқатдан заҳарланиб, касалхонага ётқзилган эди
2014 йилда Жиззахдаги "PRIM" ресторанида ҳам 160 киши овқатдан заҳарланиб, касалхонага ётқзилган эди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида жойлашган “Устоз” санаторийсининг қарийб ўн нафар дам олувчиси 23 март куни овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган дам олувчиларга кўра, кўпчилик одам овқат гўшти ҳидлангани сабабли уни тановул қилмаган ва заҳарланишдан сақланиб қолган. Санаторий бош врачи заҳарланиш ҳолати бўлганини инкор қилмоқда.

Оиласи билан “Устоз” санаторийсига дам олгани келган ургутлик Саидкарим Набиевнинг Озодликка айтишича, одамларнинг заҳарланишига сифатсиз гўштдан тайёрланган таом сабаб бўлган:

“22 март куни кечқурун макааронли овқат берди, ғўлакли( гўшт майдалигичдан чиқарилган -таҳририят) гўшт берди. Гўшт сал ҳидланган эди. Ўша куни унчалик билинмади, ҳамма овқатланиб кетди. Орадан бир ўтиб, 23 март куни яна кечки овқатда шунақа гўшт билан овқат берди. Менинг столимда 7 киши ўтирардик, бир мен озроқ едим, бошқалар емай туриб кетди. Бошқа столларда ҳам кимдир еди, кимдир емади”, дейди Саидкарим Набиев.

Унинг айтишича, ҳали ошхонадан чиқмасдан кўнгли айний бошлаган:

“Ошхонадан чиққандан бир ташладим. Кечаси билан ҳам ичим ўтди, ҳам тинмай қусиб чиқдим. Эрталаб, тамом ҳолатдан қолдим. Кейин врачлар келиб, осма укол қилиб, дорилар берди. Мен билганим, яна беш-олти кишида ҳам шундай бўпти. Бу ҳақда Оқдарё тумани санэпидемиология марказига ҳам хабар бердик. Лекин ҳеч ким келиб текширмади”, деди пенсионер ўқитувчи.

Саидкарим Набиевга кўра, дам олувчилар жанжал қилганидан сўнг, санаторий ошпази ишдан ҳайдалган:

“Эртаси куни мижозлар жанжал қилишганидан сўнг мажлис қилишиб, кечирим сўрашди ва ошпазни ишдан ҳайдаганини айтишди. Бирор жойга шикоят қилмасин деб, бости-бости қилишди. Касалларни шу ернинг ўзида даволашяпти. Мен ҳам бугун оёққа турдим”, деди Саидкарим Набиев.

“Устоз” санаторийсининг бош шифокори Ҳабиб Қаршиев Озодлик билан суҳбатда дам олувчиларнинг овқатдан заҳарланганини инкор қилди.

“Устоз” санаторийси Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига қарашли бўлиб, 150 дан ортиқ мижознинг дам олиб, даволанишига мўлжалланган. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг курортлар бошқармаси мулозимига кўра, шу пайтга қадар бошқа санаторияларда тез-тез кузатиладиган заҳарланиш ёки шунга ўхшаш нохушликлар “Устоз” сиҳатгоҳида кузатилмаган.

“Ҳозирча қўлимизда заҳарланиш юзасидан тўлиқ маълумотномалар йўқ. Лекин вазиятдан хабаримиз бор. Ўша ерда санитария эпидемиология мутахассислари вазиятни ўрганмоқда. Бизга ҳам заҳарланиш гўштнинг сифатсизлигидан келиб чиққан дейишди” дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг курортлар бошқармаси мулозими.

“Озодлик”нинг оммавий заҳарланиш борасидаги сўровини Оқдарё тумани прокуратураси жавобсиз қолдирди.

XS
SM
MD
LG