Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:59

Сирдарёда суд 15 яшар ўқувчи қизни зўрлаганликда гумонланган 57 яшар эркакни оқлади


Қарор нусхаси

Ширин шаҳар маъмурий судининг 25 сентябрдаги ëпиқ мажлиси 15 яшар ўқувчи қизни зўрлаганликда гумон қилинган сирдарёлик 57 яшар С.Рни айбсиз деб топди. Озодликда нусхаси бўлган қарорга кўра¸ "С.Р ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмагани сабабли" жиноят иши тўхтатилган.

Суд оқлаган С.Р Озодлик билан суҳбатда ўзининг айбсиз эканини таъкидлаб, “адолат ғалаба қилганидан мамнунман,” деб айтди.

Зўрлангани иддао қилинган 15 яшар Ж.Снинг акаси бундан олдин Озодлик билан суҳбатда "зўравон қўшни ишни бости-бости қилишга уринмоқда" дея хавотир билдирганди.

Озодликда нусхаси бўлган суд қарорига кўра¸ зўрлангани иддао қилинган қизнинг онаси Ж.С ва қизнинг отаси Ж.Қ 17 августдан 18 августга ўтар кечаси соат 01 ларда уйига кириб келган қўшни 57 яшар С.Рни таëқ (суд қарорида чўп дейилган-таҳр) билан уриб, енгил жароҳатлаганликда айбдор деб топилган, аммо огоҳлантириш билан жавобгарликдан озод қилинган.

Суд қарорида 57 яшар С.Рнинг калтаклангани унинг докторга бориб олган 181 сонли тиббий хулосасига асослангани айтилади.

Шунингдек, воқеа юзасидан ИИБга ариза ëзган қизнинг қариндоши Ж.Г туҳмат қилганликда айбланиб, 669000 сўм жаримага тортилган.

Мунаввар кўчасида нима бўлган эди?

Суд қарорида акс этган гувоҳликлар ва Озодлик суҳбатлашган воқеа гувоҳларига кўра¸ 57 яшар С.Р. қўшни қизнинг уйда ëлғиз қолган пайтини аниқ билиб, девордан ошиб тушиб, ҳовлида ухлаб ëтган 15 яшар қизга тегажоғлик қилган.

Зўрланганликда гумон қилинган 15 яшар Ж.Хнинг суддаги кўрсатмаси:

- 2019 йил 17 августан 18 августга ўтар кечаси онамнинг мазаси бўлмагани учун ҳовлида ухладим. Соат 01ларда қўшни С.Р. келиб елкамдан ушлаб, судраб ошхонага олиб кирди. Бақирсам, оғзимни қўли билан ëпди. Мени ерга ëтқизиб ўзининг пастки кийимларини (шимини-таҳр.) ечди. Кийимим маҳкам бўлгани учун ечинтира олмади. Кўкракларим ва жинсий аъзомни қўли билан эзғилади

Зўрланганликда гумон қилинган 15 яшар Ж.Х айни куни докторга мурожаат қилган.

Озодлик мухбири қиз олиб келинган тез тиббий ëрдам станцияси врачи билан гаплашди.

Врачнинг айтишича¸ қиз касалхонага келтирилганида баданида гематомалар бўлган, ўзи эса қаттиқ стрессда бўлган.

Озодликда қизнинг муолажа тарихи ëзилган 4042-4 рақамли ҳужжат нусхаси бор.

Воқеа гувоҳлари гапларидан маълум бўлишича¸ 57 яшар С.Р. қўшни қизнинг уйда ëлғиз қолган пайтини аниқ билиб, девордан ошиб тушган.

Зўрлангани гумон қилинган қизнинг онаси кар-соқов Ж.Снинг таржимон Раҳматова иштирокида берган суддаги кўрсатмаси:

- Кечқурун 01 да шовқинни эшитиб ошхонага бордим. Чироғни ëқдим. Қўшнимиз С.Р ни пастки кийими йўқ ҳолатда чўккалаб ўтирганини кўрдим. С.Р менга қараб, "кўрганингни айтсанг, ўлдираман", деб қочди. Мен уни орқасидан бориб, чўп билан урдим. Эрим ҳам етиб келиб қўшни С.Р ни чўп билан урди.

Ана шундан кейин қизнинг қариндоши ИИБга қўнғироқ қилган.

Суриштирувни Ширин шаҳар ички ишлар бўлими катта терговчиси Достон Саломов олиб борган.

Суд қарорида ëзилишича¸ бу кўрсатмалар "иш ҳолатига мос келмайди ва ўйлаб топилган важлар сифатида баҳоланган".

Зўрланганликда гумон қилинган 15 яшар Ж.Х суд қарорида “мустақил фикрга эга эмас¸ ижтимоий оғиш ҳолатда, ташқи таъсирга мойил” деб топилган.

Шуларни инобатга олган суд “С.Р ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмагани сабабли” ишни тўхтатди.

Қизнинг онаси Ж.С ва отаси Ж.Қ "безориликда" айбдор деб топилди.

Воқеа юзасидан ИИБга ариза ëзган қизнинг қариндоши Ж.Г туҳмат қилганликда айбланиб, 669.000 сўм жаримага тортилди.

Адолат тантана қилдими?

15 яшар ўқувчи қизни зўрлаганликда гумон қилинган ва суд тарафидан оқланган сирдарёлик С.Р Озодлик билан суҳбатда безорилик ва туҳмат қурбони бўлганини таъкидлади.

- Миллион пулим бор. Шу ишни қилсам, кўчада пулга қиламан-ку. Бу гапларни ҳаммаси туҳмат. Мен бинолар қуриб одамларга хизмат қиладиган, серҳиммат ва бунëдкор одамман. Номимни булғашди. Энди тўкилган обрўйимни қайта тиклаш учун халқимга хизмат қилишга бел боғладим. Суд қароридан тўла қониқдим. Адолат қарор топганидан мамнунман.

Қизнинг ҳуқуқбузарликда айбланган қариндошлари билан 8 ноябрь куни боғланишнинг имкони бўлмади.

Жорий йилнинг 4 сентябрида қизнинг акаси Ëдгор Озодлик билан суҳбатда "зўравон қўшни ишни бости-бости қилишга уринмоқда" дея ташвиш билдирган эди.

Зўрлангани иддао қилинаëтган қизнинг акаси Ëдгор С.Р. нинг ўғиллари “аризани қайтариб ол” дея унга ва оиласига босим қилганини ҳам айтган эди.

Қизнинг адвокати Шерали Набиевнинг 4 сентябрь куни Озодликка билдиришича¸ қизнинг ўзи ва онаси гувоҳлик беришига қарамасдан, мазкур оғир жиноят оддий безорилик деб малакаланган.

Шарҳларни кўринг (14)

XS
SM
MD
LG