Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:30

Мирзиёев тансоқчилари бошлиғи ишдан кетди. Тошкент ЙҲХБ бошлиғи ҳибсга олинди


Барат Маменов Тошкент ЙҲХБ бошлиғи этиб 2015 йил декабрида тайинланган эди
Барат Маменов Тошкент ЙҲХБ бошлиғи этиб 2015 йил декабрида тайинланган эди

Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизмати (ПХХ) бошлиғи Абдураҳим Мўминов вазифасидан олиниб, Фавқулодда вазиятлар вазири муовини этиб тайинланди. Айни пайтда Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) бошлиғи, полковник Барат Маменов устидан жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳақда Озодликка мамлакат хавфсизлик идораларидаги бир-биридан мустақил икки манба маълум қилди.

“5 кунга гауптвахта”

Исмлари очиқланишини истамаган мулозимларнинг Озодликка айтишича кўра, бунга икки юқори зобитнинг 23-24 апрель кунлари Туркманистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи пайтида президент Мирзиёевнинг ғазабини қўзғагани сабаб бўлган.

Президент шаҳардаги объектлардан бирини кўраётган бўлган. Ўшанда қандайдир ГАИ ходими ўша жойдан ўтиб, маҳаллага кириши керак бўлган. Президент хавфсизлик хизмати (ходимлари) унга ўша минтақадаги маҳаллага киришга рухсат берган. Унга шовқин қилмасдан, аста ўтиб кетинг, дейишган. Лекин ГАИ ходими катта тезликда, сиреналарни ёқиб ўтиб кетган. Буни Шавкат Мирзиёев кўрган”,- деди исми сир қолиш шарти билан гапирган ЙҲХБ зобити.

Унинг қўшимча қилишича, айни куннинг ўзида Тошкент шаҳар ЙҲХБ бошлиғи Барат Маменов “беш кунга гауптвахтага тиқиб қўйилган”.

Шанба (28 апрель) куни гауптвахтадан чиқди. Лекин, душанба (30 апрель) куни Барат Маменовни ўз кабинетидан наручникларда олиб кетишди”,- деди ЙҲХБ зобити.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси 4 май куни Озодлик саволига жавобан бошқармага ҳозирча янги раҳбар тайинланмаганини билдирди.

- Ўн кунлар бўлди бошлиқ ишга чиққани йўқ. Унинг ўрнига ҳеч ким тайинлангани йўқ. Шаҳар ГАИси бошлиқсиз ишлаяпти, – деди Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси.

Тошкент шаҳар ИИБ расмий веб саҳифасининг хабарлар лентасида бошқарма раҳбариятидаги ўзгариш ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилгани йўқ.

Барат Маменов 2015 йил августида бошқарма бошлиғи этиб тайинланган эди.

ПХХдан ФВВга

Озодликнинг яна бир манбаси - Ички ишлар вазирлиги ходимининг маълум қилишича, бир пайтнинг ўзида Президент хавфсизлик хизмати (ПХХ) бошлиғи Абдураҳим Мўминов ҳам вазифасидан четлатилган.

Айни ўша инцидент туфайли, хатога йўл қўйгани учун президент хавфсизлик хизмати бошлиғини ҳам олишди. Қандайдир ГАИ ходими президент турган жойдан, яна катта тезликда ўтгани учун”, - деди ИИВ ходими.

Унинг қўшимча қилишича, “Абдураҳим Мўминов Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юборилган”.

Айни вазирлик расмий веб-сайтидан Абдураҳим Мўминовнинг фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича вазир ўринбосари вазифасини бажараётганини кўриш мумкин.

Абдураҳим Мўминов вазир ўринбосари этиб тайинланди
Абдураҳим Мўминов вазир ўринбосари этиб тайинланди

Абдураҳим Мўминов Президент хавфсизлик хизмати раҳбарлигига 2016 йил, 20 декабрда Давлат Божхона хизмати бошлиғи этиб тайинланган генерал Муиджон Тоҳирий ўрнига келган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Мўминовнинг ўрнига, яъни Президент тансоқчилари бошлиғи вазифасини "президент Мирзиёевга яқин шахслардан бири" бажармоқда.

Янги раҳбарнинг шахси ва унинг хизмат йўлига оид маълумотларни Озодлик ўрганишга уринмоқда.

Президент хавфсизлик хизмати мутлақо ёпиқ тузилма бўлгани учун унинг таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот олиш деярли имконсиз.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин бир муддат президент хавфсизлик хизматининг камида 1500 ходими бўшатилиб, улар ўрнига янги ходимлар ёлланган эди.

XS
SM
MD
LG