Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2018, Тошкент вақти: 19:58

“Чинни бозор” савдогарлари солиқчилар рейдларидан норози бўлмоқда


Тошкентдаги “Чинни бозор” савдогарлари солиқ ходимлари томонидан турли баҳоналар билан бўладиган текширишлардан шикоят қилишди. Савдогарлар иддаосига кўра, текширишлар орқали тадбиркорлар қўрқитилиб, катта суммадаги пул беришга мажбурланаяпти.

“Ҳар кун дўконларни босишади”

“Чинни бозор” савдогарлари номидан Озодликка бўлган мурожаатда айтилишича, пахта мавсуми тугаши билан солиқчилар бозордаги дўконларга турли хил рейдлар уюштирмоқда:

“Чинни бозор”да нотинчлик. Солиқчилар томонидан ҳар куни 4та дўконни “чек берилмади” баҳонаси билан босишаяпти. Тадбиркорни қўрқитиб, 2 минг доллар пулини олиб кетишмокда. Ҳали тадбиркорларнинг 2014 йилдаги пожар асоратлари кетмади. Яқиндагина пахтадан зўрға қутилдик. Президентимизнинг тадбиркорга ғамҳўрлик қилиш тўғрисидаги қарорларига ҳам амал қилишмаяпти”, дейилади Озодликка йўлланган мактубда.

“Солиқчилардан қўрқамиз”

Бозорда дўкони бор тадбиркорлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда солиқчилар текширишларидан қўрқиб қолишгани ҳақида гапирди:

“Солиқ қўмитасининг “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш” деган идораси бор. Шуларнинг ходимлари бозоркўм идорасида ўтиради. Бозорнинг ҳамма жойига камера ўрнатилган. Булар видео наблюдение қилиб ўтиради: дўкондан катта товар чиқса, дарров келишади. Ёки битта одамни ёллаб, унинг қўлига пул беришади. Ўша одам бориб, бирор дўкондан савдо қилади. Агар тадбиркор чек беришни унитса, кейин булар дарров келиб босаяпти. Пахта тугаганидан буён ҳар куни шу аҳвол. Тадбиркорларни қўрқитиб қўйишди булар”, дейди савдогар йигит.

Ушбу бозорда савдо қилувчи тадбиркор аёл ҳам бўлаётган текшир-текширлардан нолиди:

“Пахтага деб ҳар бир савдогардан 1 миллион сўмдан пул йиғиб олишди. Бу албатта биз учун ортиқча ҳаражат. Унинг ўрнини ҳали қоплашга улгурмасимиздан бу текширишлар бошланди. Пахтадан кейин жуда кўп дўконларни босишди. Билганимиз 20тача дўкон. Лекин кўпчилик қўрқанидан ҳеч кимга айтмайди. Дўконни босишган пайти тадбиркорларни қўрқитиб пулини олишади. "Бўлмаса қаматаман", дейди. Жиноят кодексининг 189-моддаси яъни "Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш" бўйича жиноят иши қўзғатаман, дейди. Тадбиркорлар қўрқади. Улар соққасини олгач, кейин кетишади", дея иддао қилади савдогар аёл.

Мулозим: Бозорда ноқонуний текшириш бўлмайди

Ўзини "Чинни бозор" мулозимларидан бири деб таништирган киши тадбиркорлар иддаоларини инкор қилишга уринди:

"Бозорда бирорта ҳам ноқонуний текшириш ўтказилмайди. Лекин тадбиркорлар қонунда белгиланган тартибларни бузган тақдирда тегишли идоралар томонидан текшириш ўтказилади. Булар қонуний бўлади. Бунга биз ҳам аралаша олмаймиз", деди бозор мулозими.

Тошкент вилояти Зангиота туман солиқ идораси расмийси кейинги 3 ой ичида бирор марта ҳам "Чинни бозор" ҳудудида солиқчилар томонидан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилмаганини таъкидлади.

2014 йилнинг августида ёниб кетган ва кейин қайта тикланган “Чинни бозор”да шу кунда 400 дан ортиқ савдогар ишлайди.

2012 йили “Чинни бозор”идаги коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, ўндан зиёд мулозим ​судланганди.

Судланганлар орасида жумладан, “Чинни бозор” бошқарув раиси Раҳим Ахмедов, Тошкент вилоят Солиқ бошқармасининг Бозорлар ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Рустам Турсунбоевлар бор эди.

XS
SM
MD
LG