Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2018, Тошкент вақти: 17:19

4 яшар қизини калтаклаган милиционер ота устидан жиноят иши очилди (ВИДЕО)


Озодлик ижтимоий тармоқларни ларзага солган воқеа - 4 яшар қизчанинг ўз отаси томонидан калтаклангани бўйича янги тафсилотларни аниқлади. Воқеа Тошкент шаҳар Чилонзор туманида содир бўлган; қизчанинг отаси милиция ходими бўлиб, ҳозирда устидан бир неча модда бўйича иш очилган; суд қизча ва унинг акасини онасига олиб берган.

Зўравон отага иш очилди

4 яшар қизалоқнинг исми Мубина бўлиб, унинг отаси Ҳ.А.Н. (Озодлик маълум сабабларга кўра, қизнинг отаси исмини очиқламаяпти) Миробод туман Ички ишлар бўлимида ишлаган. Қизини ургани ошкор бўлгач, у ишдан ҳайдалиб, устидан жиноий иш қўзғатилган.

“1986 йилда туғилган Ҳ.А.Н. ҳозирда милиция бўлимидан ишдан бўшатилган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг камида 4 та моддаси билан жиноий иш қўзғатилди. Жумладан, 104-модда (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 110- модда (Қийнаш) моддалари бор. Ҳозирда ундан тилхат олиниб, уйига қўйиб юборилган. Лекин уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш бўйича санкция бериш масаласи ҳам ўрганилмоқда”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Мубинанинг отаси устидан очилган ишни Чилонзор туман прокуратураси ўрганмоқда.

Болага тарбия беришда уни уриш керакми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:49 0:00

Болалар онасига олиб берилди

9 ноябрь куни Чилонзор туманининг “Нафосат” маҳалласида ўтган сайёр суд Мубина ва унинг 8 яшар акасини отасидан олиб онасига берган. Бу ҳақда маҳалла фаолларидан бири Озодликка маълум қилди.

Мубинанинг отаси оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки қилинмагани Озодликка маълум эмас. Маҳалла фаоли судга оид бошқа тафсилотлардан бехабарлигини таъкидлади.

Маҳалла фаолига кўра, Мубинанинг отаси билан онаси расман ажрашмаган бўлиб, ҳали ҳам уларнинг никоҳи сақланиб турибди.

Тармоқ фойдланувчиларини йиғлатган воқеа

Мубинанинг ўз отаси томонидан ваҳшиёна равишда калтакланганига оид видео ўтган ҳафтада “Ўзбекистон” телеканалининг “Учбурчак” кўрсатуви орқали намойиш қилинди.

Видеотасвирда Мубинанинг ўз отаси томонидан бир неча дақиқа давомида аёвсиз калтаклангани акс этган.

Ота қизини уриш давомида уни ҳақоратлаб уйдан ҳайдайди.

“Ҳе, исқирт. Менга керакмассан. Онанг икки йилдан бери Туркияда юрибди. Энди итнинг кунини соламан сенларга. Қачон кетасан? Йиғиштир нарсаларингни? Кет уйимдан”, дея уради ота қизини.

Мўмина отасига илтижо қилиб, "урманг" дея йиғлайди, аммо ота уни янада қаттиқроқ калтаклайди.

Озодликка маълум бўлишича, ушбу видеодаги воқеа жорий йилнинг апрель ойида содир бўлган.

Болаларини икки йилга ташлаб кетган она

“Нафосат” маҳалласида яшовчи, Мубинанинг оиласига яқин бўлган манбанинг айтишича, қизчанинг онаси Г.Ш.А. (Озодлик маълум сабабларга кўра, аёлнинг исмини очиқламаяпти) икки йил давомида Туркияда яшаб, жорий йил октябрь ойида Тошкентга қайтиб келган ва болаларини эридан тортиб олиш борасида судга мурожаат қилган.

“Бу аёл Туркияга ишлашга кетиб, икки йил давомида дом-дараксиз кетди. Октябрь ойида келиб, болаларини эридан тортиб олиш ҳаракатларини бошлади. Эшитишимизча, Мубинанинг отаси хотини йиллаб келмагани учун ундан ўч олиш учун қизини уриб, ўзи видеога олиб, кейин хотинига жўнатган. Хотини Тошкентга келгач, бу видеони тегишли идораларга берган. Видеони кўриб, ҳаммамиз ҳайратга тушдик, чунки Мубинанинг отаси яхши оиладан чиққан. Ота-онаси, яқинлари барчаси яхши одамлар”, дейди суҳбатдош.

Ўзбек оилаларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб туради. Бу ҳолатлар ошкор бўлган тақдирда ота-оналар жазога тортилиши кузатилган.

Туркияга турмушга чиққан ўзбекистонлик 36 яшар Гулчеҳра Исоқулованинг ўз боласини тепиб, калтаклагани воқеаси катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Видео тарқалгач, Исақулова ҳибсга олиниб, турк маҳкамаси унга 11 ойлик шартли жазо тайинлаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG