Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:07

Хоразмда пенсия ёшига тўлган ўнлаб муаллим ишдан бўшатилди


Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ëши катта онахонлар

Хоразм вилоятининг Хива, Янгибозор, Боғот туманларида пенсия ёшида ишлаб юрган ўнлаб ўқитувчи ва боғча тарбиячилари ҳамда мудиралари январь ойи бошидан ёппасига ишдан бўшатилган.

Бу ҳолат Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ миқдорда тўлана бошлаши ортидан рўй бермоқда.

Ишдан айрилган педагоглар Хоразм вилоят Халқ таълими бошқармасини меҳнат қонунчилигини бузиш ҳамда президентнинг ишловчи пенсонерларни рағбатлантириш ҳақидаги фармонига зид ҳаракатда айбламоқда.

Хоразм вилоятининг Хива туманидаги боғчалардан бирига сўнгги 15 йил раҳбарлик қилиб келган 62 ёшли У.Р. (исми унинг илтимосига кўра сир тутилмоқда) ишловчи пенсионерларга нафақаларни тўлиқ бериш ҳақидаги президент фармони кучга кириши билан январь ойи бошидан ишдан бўшатилганини айтди:

- Бизга ҳам ойлик, ҳам пенсия бериш буларга оғирлик қилдими дейман, ҳозир пенсия ёшидаги ҳамма ўқитувчи ва боғча тарбиячиларини ёппасига бўшатишяпти. Бизнинг туманда олти боғча мудири, тўққиз боғча тарбиячисини бир кунда бўшатишди. Ҳокимликдаги мажлисда пенсионерлар энди ишламайди, дейишибди. Ишловчи пенсионерларни рағбатлантириш ўрнига, бизни бўшатишяпти. Ҳозир биз ўнга яқин боғча мудираси ва тарбиячилари бирлашиб президент порталига шикоят тайёрлаяпмиз.

Ишдан бўшатилганлар орасида Халқ таълими аълочилари ҳам бор.

Янгибозор туманида яшовчи 69 ёшли мактаб ўқитувчиси С.М. ҳам ишдан бўшаш ҳақидаги аризани ёзишга мажбур бўлганини айтди:

- 47 йилдан буён халқ таълими соҳасида ишлаб келдим, бирон марта касалхонада ётган эмасман, олий маълумотлиман. Халқ таълими аълочисиман, бир қанча медалларни олганман. Булар ёшларни олишимиз керак, ариза ёзинг кетиш ҳақида дейишди, ёзиб бердим. Лекин, ишимда камчилик бўлмаган, оддий тарбиячи бўлиб ҳам ишлаб қолмоқчи эдим, булар кўнишмади. Нафақа ёшидагилар энди ишламас эмиш, лекин мен ишлаб, ёшларимизга билим бериб, ўн йиллаб орттирган тажрибам билан ҳали давлатимизга хизмат қилмоқчи эдим.

Ўзбекистонда 2019 йил январ ойидан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ миқдорда тўланиш ҳақидаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 12 декабр куни имзолаган “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони кучга кирди.

Авваллари ишловчи пенсионерларга нафақанинг 50 фоизи бериб келинган бўлса, фармонга мувофиқ январь ойи бошидан 100 фоиз бериш бошланди.

Фармонга кўра, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ҳам оширилди.

- Афсуски президентимиз берган имтиёзлардан беҳраманд бўлиш бизга насиб этмади, - деди янгибозорлик муаллим С.М.

Озодлик мухбири ишдан бўшатилган пенсионерларнинг шикояти юзасидан Хоразм Халқ таълими бошқармаси билан боғланди.

Исмини очиқлашни истамаган бошқарма мулозими ёшларга кўпроқ имконият бериш мақсадида айрим нафақа ёшидаги ходимлар бўшатилган бўлиши мумкинлигини айтди:

- Ёшларга кўпроқ имкон бериш мақсадида шундай бўлаётган бўлиши мумкин. Лекин ҳамма пенсия ёшидагилар бўшатиляпти дегани нотўғри, айрим нафақа ёшидагилар ҳам бизда ишлаяпти, ойлик ҳам нафақани ҳам тўлиқ оляпти.

Ўзбекистонда бугунги кунда пенсияга чиқиш ёши эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёшни ташкил қилади.

2022 йилдан бошлаб эса пенсияга чиқиш ёшини йилига 6 ойдан ошириб бориш ва уни аёллар учун 58, эркаклар учун 63 ёшга етказиш режалаштирилаяпти.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG