Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:28

Кам таъминланган оилаларга 15 млн. сўмгача бериладиган бўлди. Қарзга...


Вазирлар Маҳкамасининг 23 октябрдан кучга кирган қарори билан тасдиқланган Низомга биноан кам таъминланган оилаларга энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача бўлган миқдорда кредит бериладиган бўлди.

Хизмат вазифасига кўра, оилаларнинг кам таъминланган қатламини яқиндан билувчи баъзи мутахассислар қарорни амалга ошириш қийин кечишини айтмоқда.

Кам таъминланган оилаларга 15 млн. сўмгача бериладиган бўлди. Қарзга...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:34 0:00
Бевосита линк

Микрокредит қандай мақсадлар учун берилади?

Бош вазир Абдулла Арипов 20 октябрь куни имзолаган қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача бўлган миқдордаги микрокредитлар қарз олувчиларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:

тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш;

шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) мақсадлари учун ажратилади.

Қанча муддатга берилади?

Қарз олувчиларга микрокредит қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга банк кредит қўмитасининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори асосида берилади.

Бугунги кредитнинг кечагисидан фарқи нима?

Жорий йил боши ва баҳорида ҳам мамлакат бўйлаб, Президентнинг топшириғига биноан, аҳолига кредит берилган, Озодликка келган кўплаб хабарларда банк ходимлари ҳатто уйма-уй юриб кредит таклиф қилгани айтилган эди.

Хўш, 23 октябрдан кучга кирган Низом доирасида бериладиган кредитнинг шу пайтгача берилганидан фарқи нимада?

Марказий банк мулозимининг Озодликка айтишича, асосий фарқ устама фоиз ҳажмида. Бу кўрсаткич жорий йил 24 июнигача 9%, ундан сўнг 14 % бўлган бўлса, кам таъминланган оилаларга бериладиган микрокредитлар 4 % га берилади.

Бу ҳақда Низомнинг 5- бандида айтилган: “Микрокредитлар банклар томонидан қарз олувчиларга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади”.

2016 йилнинг 1 октябридан буён Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 149 775 сўм миқдорида. Демак, микрокредит миқдори 14 977 500 сўмгача бўлиши мумкин.

Қандай оила кам таъминланган ҳисобланади?

“Маҳалла” жамғармаси мутахассисининг Озодликка айтишича, оила аъзоларининг жон бошига тўғри келадиган даромад ойига энг кам иш ҳақининг 1,5 баробари миқдоридан оз бўлса, бундай оила кам таъминланган оила ҳисобланади. Бу меъёр 2012 йил, 7 июнда қабул қилинган қарорда белгилаб қўйилган.

Бироқ оила даромадига кўра кам таъминланганлигини исботлаш учун бу кўрсаткич етарли эмас. Оиланинг кам таъминланганлигини маҳалла фуқаролар йиғини комиссияси ҳам тан олиши керак.

Микрокредит бериш учун банк нима талаб қилади?

Комиссия микрокредит олувчилар рўйхатига қўшган тақдирда ҳам кам таъминланган оила микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги ҳужжатлардан бирини тақдим этиши керак:

мол-мулк гарови;

тижорат банки ёки суғурта компанияси кафолати;

учинчи шахс кафиллиги;

қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги.

Банк хоҳласа беради, хоҳламаса - йўқ

Бироқ “Маҳалла” жамғармаси мутахассисининг фикрича, ҳатто талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этган чоғида ҳам кам таъминланган оилага тижорат банки кредит беришга шошилмайди.

“Оила жон бошига 1,5 иш ҳақигаям етмайдиган пул топса, "кредитимизни қайтариш эҳтимоли жуда паст экан", деб банк рад қилиши мумкин. Банк қарз олмоқчидан “кредитни қайси даромадингиздан қайтарасиз”, деб сўрайди, деди “Маҳалла” жамғармаси мулозими.

"Яқинда Ўзбекистонда "кам таъминланган оила" қолмайди"

Исми айтилмаслик шарти билан гапирган мулозим муҳим бир янгилик билан ҳам ўртоқлашди.

Унинг айтишича, 23 октябрь кунги қарорни тўла амалга ошириш учун янги тартиб ишлаб чиқилмоқда. Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги билан Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида бошқа меъёрлар ишлаб чиқмоқда. “Кам таъминланган оила”, деган иборадан воз кечиб, “кам даромадли оила” иборасини қўллаш режалаштирилган. 23 октябрда кучга кирган қарор билан тасдиқланган Низом ҳам келгусида соддалаштирилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG