Линклар

Мирзиёевга арз қилмоқчи бўлган хатирчиликлар қишлоғидан чиқарилмади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига қилган сафари чоғида унга арзини айтмоқчи бўлган Хатирчи туманининг Тасмачи қишлоғида яшови ўнлаб аёл ва қария йўлдан қайтарилди. Аёлларнинг Озодликка айтишича, маҳалла оқсоқоли ва йўл хавфсизлиги ҳаракати инспекторлари, йўлни ёпиб қўйиб, автобус ва машиналарни қишлоқдан чиқартирмаган.

Хатирчи туманининг Тасмачи қишлоғидаг яшайдиган 2-гуруҳ ногирони, 25 яшар Нафосат Халидованинг Озодликка айтишича ўзи ва президент билан учрашиш ниятида йўлга чиққан бошқа шикоятчилар сешанба куни эрталаб ортга қайтарилган:

- Бизлар президент Хатирчига келади экан¸ деган гапни эшитганимиздан сўнг, кўпчилик йиғилдик ва автобусга миндик. Лекин қишлоғимиздан катта йўлга чиқиш жойида, ГАИлар йўлни тўсиб қўйган экан, маҳалла раиси Элямин ака: "Ҳеч ким ҳеч қаёққа бормайди, қишлоқдан чиқмайди, уйларингга қайтинглар!" деб, бизларни уришиб ташлади, деди ногирон аёл.

Нафосатнинг айтишича, йўлга отланганлар президентга маҳаллий ҳокимият ҳал қилишни истамаётган муаммолар бўйича арз қилмоқчи бўлган:

- Халқнинг айтадиган гапи кўп эди. Қишда умуман свет бўлмайди, ўтин қиммат. Сотиб олай деса, халқда пул йўқ. Бу йил ўтиннинг бир машинаси 2 миллион сўмгача чиқди. Маҳаллага бериладиган арзон ун-мойлар маҳаллаком ва унинг танишларидан ортсагина¸ халққа тегади. Тадбиркор бўлинглар¸ деди президентимиз. Мен иккита кредитга ариза берганман, лекин уч ой бўлди жим-жит. Больницага борсангиз ҳам пул, битта история очтириш 3 000 сўм. Кўчани асфальт қилиш учун пул йиғиб олинганига 7 йил бўлди¸ алфальтдан дарак йўқ. Ҳоким ва прокурор оддий халқнинг дардига умуман қулоқ солмайди, деди Нафосат Халидова.

Тасмачи қишлоғида яшовчи 40 яшар Сайёра Жонузоқова ҳам ўзи ва қишлоқдошларининг президент билан учрашиш ҳаракатини милиция ва маҳалла фаоллари барбод қилганини айтади:

- Бугун эрталаб Хатирчига бораётгандик, мелисалар йўлдан қайтарди. Маҳалла оқсоқоли: "Борманглар, муаммоларингни ўзимиз ҳал қиламиз, ёрдам қиламиз!" деди. Қани эди булар ҳал қилса, ёки ёрдам қилса. Эрим диабет касали бўлиб, бир оёғини кесиб ташлашган. Эртаю кеч ўзим қарайман. Шу пайтгча инсулинни сотиб олардик, жанжал қилавериб, бу йил бепул ола бошладим. Оилавий шароитимиз жуда оғир. Маҳаллага ҳар олти ойда бир ёрдам пули чиқаринглар¸ десам ҳам чиқармайди. Президентга арзим кўп эди, лекин қўйишмади, деди Сайёра Жонузоқова.

Мирзиёевга арзини етказолмаган тасмачилик ёлғиз аёл, икки фарзанднинг онаси 38 яшар Нафиса Раҳматова эса барибир Тошкентга, президент қабулига боришини айтади:

- Бугун бизни ҳам маҳалла раислари боргани қўймади. Бир ўғил ва бир қизим бор. Эрим йўқ, ёлғиз онаман. Укамнинг уйида тураман. Иш йўқ, болаларимга нафақа пули беришмайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтожман, лекин маҳаллий мулозимлар арзларимга қулоқ солмаяпти. Лекин мен, барибир Тошкентга бориб, президент қабулига кираман ва буларнинг адолатсиз ишларини ҳаммасини айтиб бераман, деди Нафиса Раҳматова.

Хатирчи тумани Тасмачи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Элямин Камолов Озодлик билан суҳбатда тасмачиликларнинг президент билан учрашувга қўйилмаганини инкор қилди:

- Бекор айтибди, ким айтган бўлса ҳам, ёлғон гап бу. Бўлди, мен мажлисга кираяпман, деган қисқа раддия билан раис алоқани узиб қўйди.

28 март куни Навоий вилоятига сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Қизилтепа, Кармана туманларида бўлиб, бу туманларда барпо этилаётган корхоналар ва лойиҳалар билан танишди.

Айни пайтда¸ президент сафарига оид расмий хабарларда Шавкат Мирзиëевнинг халқ билан мулоқот қилиш реўаси ҳам борлиги айтилмоқда.

Президентнинг Хатирчи туманига борган-бормагани¸ борган бўлса¸ кимлар билан учрашганига оид ҳозирча расмий хабар йўқ.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG