Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

Ўзбек дипломати: "Хориж фуқаролигини олган ўзбек фуқаролигидан автоматик маҳрум бўлди дегани эмас"


Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси мулозимига кўра, хориж ватандошлигини олганлар Ўзбекистон ватандошлигидан "автоматик" тарзда маҳрум этилмайди. Элчихона мулозимининг бу изоҳи 6 октябрда Прага шаҳрида Чехияда яшовчи ўзбек муҳожирлари билан учрашуви пайтида янгради.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев томонидан 23 сентябрда имзолаган ва 24 сентябрдан кучга кирган қонунда “агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин,” деб ёзилган.

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги” номли мазкур қонун, айниқса, хорижда яшаётган, чиқиш визаси ё паспорт муддати ўтиб кетгани сабаб Ўзбекистонга қайта олмаган ёҳуд бошқа давлат ватандошлигини олган ўзбеклар орасида хавотирлар ва тушунмовчиликларни уйғотди.

Ўзбекистон элчихонасининг исми матбуотда очиқланмаслигини истаган мулозими мазкур қонуний ўзгаришларга изоҳ берар экан хориж ватандошлигини олганлар Ўзбекистон ватандошлигидан автоматик тарзда маҳрум этилмаслигини айтди.

Аммо, элчихона мулозимининг алоҳида таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, қўш ватандошликка ҳам изн берилмайди.

"Хориж фуқаролигини олиш автоматик Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилади, дегани эмас. Айни пайтда ўзбек қонунчилиги икки фуқароликка ҳам йўл қўймайди. Икки фуқаролик мумкин эмас. Икки ёки кўп давлат паспортини олганлар бир жойда яшаб бир ишни қилади. Ўзбекистонга борганда ўзбек паспорти билан боради. Қайтганда бошқа давлат паспорти билан қайтади. Бунақа вазиятда шахснинг бошқа давлатда нималар қилиб юргани ҳақида ахборот олиш қийин бўлади. Шунинг учун, бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликлар 30 кун ичида элчихонага бу ҳақда маълум қилиши керак", деди ўзбек дипломати.

"Ўзбекистон фуқаролиги ҳақида"ги қонунда айтилишича, фуқароликдан фақатгина бу борада расман ариза топширилиб, президентнинг шахсан имзолаган буйруғи асосидагина чиқарилади.

Фуқароликдан воз кечиш аризаси элчихонага топширилгач, уни кўриб чиқиш жараёни узоғи билан 2 йил вақт олиши қонунда айтилган.

Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишга қарор берганлар эса бу жараён қонунда кўрсатилганидан анча узоқ вақт олиши, айримлар йиллар давомида ўз аризаларига жавоб ололмаганликларидан шикоят қилишади.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси мулозими Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишга қарор қилганлар аризаси, агар уларда "муаммо" бўлмаса, элчихона воситачилигида тез қондирилишини айтди.

"Ўзбек фуқаролигидан чиқмоқчи бўлса, аввалгидай белгиланган жараёндан ўтиши лозим ва Ўзбекистон элчихонаси бундай шахсларга фуқароликдан чиқишига ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Янгилик шуки, энди фуқароликдан чиқмоқчи бўлганлар Ўзбекистонга бориб ўтирмайди. Лекин, Ўзбекистонда муаммоси бўлса, масалан қарзлари бўлса, банкдан кредит олиб тўламаган бўлса, коммунал тўловларни тўламаган бўлса, улар Ўзбекистонга бориб муаммосини ҳал қилиб келишари керак бўлади. Агар Ўзбекистонда қарзи бўлмаса, бу жараён элчихона воситачилигида тез қилиниши мумкин," - деди ўзбек дипломати.

Чехияда яшовчи ўзбек муҳожирларини ўйлантираётган саволлардан яна бири - Ўзбекистонда чиқиш визасини олиш қийинлиги ва бундай визани Ўзбекистон элчихонасидан олиб бўлмаслиги.

Чиқиш визаси тугаган ўзбек ватандошларининг айтишича, улар бунинг учун Ўзбекистонга сафар қилишларига ва у ерда ҳафталаб, айрим ҳолларда, ойлаб кутишларига тўғри келади.

Паспорти муддати ўтиб кетган ўзбекистонликлар ҳам, янги паспорт олиш учун километрлаб йўл босиб, Ўзбекистонга боришлари керак.

Ўзбекистон элчихонаси мулозимига кўра, эндиликда халқ орасида ОВИР визаси деб аталувчи муҳрни ўзбекистонликлар ўзлари рўйхатдан ўтган давлатдаги Ўзбекистон элчихонасида паспортига бостириб олишлари мумкин бўлади.

"Паспортини муддати ўтиб кетган бўлса, янги паспорт олиш учун Ўзбекистонга бориши керак. Ўзбекистон элчихонаси паспорт бермайди. Лекин, ОВИР визаси муддати ўтиб кетган бўлса, ўзбек фуқароси доимий рўйхатдан ўтган давлатдаги ўзбек элчихонасига мурожаат этса кифоя. Вақтинча келганлар ёки элчихонадан рўйхатдан ўтмай хорижда яшаб юрганлар эса ОВИР визасини янгилаш учун Ўзбекистонга боришлари ва ўзлари рўйхатдан ўтган шаҳар ёки туман ОВИРидан чиқиш визасини олиши керак бўлади," деди ўзбек дипломати.

Авваллари Ўзбекистон элчихонаси фақат хорижий давлатдаги ўзбек элчихонасида рўйхатдан ўтганларга ҳуқуқий ёрдам бериб келган.

Ҳозир эса хорижга вақтинчалик келган ва элчихонадан рўйхатдан ўтмаганларга ҳам элчихонада ҳуқуқий кўмак берилади, деди элчихона мулозими.

"Хориждаги бир ўзбек фуқароси ёрдамга муҳтож бўлса, элчихонага боғланиши керак. Элчихона ҳар бир одам масаласи билан алоҳида шуғулланади," деди ўзбек дипломати.

Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари шундоқ ҳам аҳволи оғир бўлган муҳожирларнинг муаммосини енгиллаштиришга ёрдам бермаётгани давомли танқид қилиб келинади.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси мулозимининг Чехияга сафар чоғида муҳожирлар билан бирма-бир учрашиб, уларнинг саволларига жавоб бергани кўпчилик муҳожирлар томонидан ижобий қадам сифатида баҳоланмоқда.

XS
SM
MD
LG