Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:41

Ўзбек-тожик чегарасини миналардан тозалаш бўйича қўшма ишчи гуруҳи тузилди


Ўзбекистон ва Тожикистон чегара хизматчилари

Ўзбек-тожик чегара минтақаларини миналардан тозалаш бўйича икки мамлакат мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳи тузилди.

Тожикистон расмийларига кўра, икки мамлакат чегарасидаги минтақаларни миналардан тозалаш ишлари май ойининг иккинчи ярмида бошланиши режалаштирилган.

Тожикистондаги миналар бўйича миллий марказ раиси Муҳаббат Иброҳимзоданинг 17 апрель куни Озодликка айтишича, ҳозир қўшма ишчи гуруҳи чегара минтақаларини миналардан тозалаш амалиётини ўтказиш учун тайёргарлик ишларини бошлаган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси қошидаги Чегара қўшинлари сўзчиси Муҳаммад Улуғхожаев Озодлик билан суҳбатда мазкур гуруҳга чегара қўшинлари вакили ҳам киритилганини билдирди.

У Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги қайси минтақалар ва қанча узунликда миналаштирилгани борасидаги маълумот махфий қолаётганини билдирди.

Аммо, норасмий манбаларга кўра, икки давлат чегарасида 9,5 квадрат километр минтақа миналаштирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг март ойидаги Тожикистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари икки мамлакат чегарасини 2019 йилининг охиригача миналардан тозалаш бўйича келишувга эришганди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон Тожикистон билан бўлган чегара минтақаларининг айрим жойларини миналаштириб чиққанди.

Расмий Тошкент ўз амалини жангари гуруҳларнинг Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига сизиб ўтишини бартараф этиш мақсади билан изоҳлаган эди.

Тожикистондаги миналар бўйича миллий марказ маълумотига кўра, ҳозирга қадар пиёдаларга қарши миналарнинг портлаши оқибатида 80 нафардан ортиқ тожикистонликлар ҳалок бўлган.

Таҳлилчи Маҳди Собир фикрига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасининг миналардан тозаланишидан икки давлат фуқаролари манфаат кўрадилар.

- Чегара минтақаларидаги минглаб гектар ердан экин майдонлари сифатида фойдаланиш мумкин. Бу ерлардан чорвачиликда ҳам фойдаланиш мумкин. Энг асосийси, чегара минтақаларида инсоний талафотларга барҳам берилади, - деди Маҳди Собир.

Тожикистондаги миналар бўйича миллий марказнинг билдиришича, нафақат Ўзбекистон билан чегара минтақалари балки шарқий Тожикистондаги туманлар ҳамда Тожикистон ва Афғонистон чегараси ҳам миналаштирилган.

Марказнинг қўшимча қилишича, ҳозирга қадар 9 миллион квадрат метрли миналар майдонидан 6 миллион квадрат метри тозаланган.

Охирги 20 йил ичида Тожикистон ҳудудида мина портлаши натижасида 374 фуқаро ҳалок бўлга ва 485 одам жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG