Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 00:48

Ўзбекистон 27 давлатдан борадиган сайёҳлар учун визани бекор қилади


2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб дунёнинг 15 давлатидан борадиган турли ёшдаги сайёҳлар, 12 давлатидан борадиган 55 ёшдан ошган сайёҳлар Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин. Ўзбек расмий матбуотининг хабар қилишича, мамлакат президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни шу мазмундаги фармонни имзолаган.

6 декабрь куни Uza.uz ахборот агентлиги "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон матнини чоп қилди.

Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонда турзим соҳаси бўйича Ўзбекистонда мавжуд барча имкониятларни ишга солиш ва бу соҳани яқин келажакда иқтисоднинг стратегик секторига айлантириш кўзда тутилган.

Айниқса, Ўзбекистонда мавжуд "7 мингдан ортиқ уникал тарихий обида" ва уларнинг теграсидаги инфраструктурани ривожлантириш алоҳида таъкидланган.

Визасиз саёҳат

Фармонда кўзда тутилган энг муҳим жиҳат дунёнинг 27 давлати фуқароларига виза тартибинининг бекор қилинишидир.

Фармонда айтилишича, 2017 йил 1 апрелидан бошлаб, Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария и Япония фуқаролари 30 кунгача муддатга визасиз Ўзбекистонга бориши мумкин.

Ёш чеклови

Бельгия қироллиги, Индонезия, Хитой, Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия и Чехиянинг 55 ҳамда ундан юқори ёшдаги фуқаролари ҳам 30 кунгача бўлган муддатга визасиз Ўзбекистонга бориши мумкин. Аммо, юқорида номи тилга олинган давлат фуқарлари ёшига қўйилган чеклов сабаби ҳозирча изоҳлангани йўқ.

Дарвоқе, 17-18 ноябрь кунлари президент Режап Таййиб Эрдўғон бошлиқ делегациянинг Ўзбекистонга сафаридан сўнг бу давлат фуқароларига виза бекор қилиниши кутилаётган эди. Аммо, виза тартиби бекор қилинади, дея расмий матбуот эълон қилган давлатлар рўйхатида ҳозирча Туркия йўқ.

Кириш тўлови

Номи тилга олинган мамлакатларнинг фуқароларидан Ўзбекистонга кираётганда 50 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилади ва тўловни тасдиқловчи ҳужжат асосида сайёҳлар мамлакатга киритилади. Сайёҳлик тўловларидан ундирилган маблағ эса давлат ғазнасига тўкилади.

Бундан ташқари, барча давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик муддатга ягона виза тартибини жорий этиш ва бу визани электрон шаклда олиш имконини яратиш кўзланмоқда.

"Яшил коридор"

Фармон асосида "Ўзбекистон ҳаво йўллари", "Ўзбекистон темир йўллари" ҳамда Миллий хавфсизлик хизматига янги тизимга ўтиш учун ҳозирлик кўриш вазифаси топширилди.

Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида сайёҳлар учун "яшил коридор"лар ташкил қилиш режаланмоқда.

Бундан ташқари, резидент ва норезидентлар учун алоҳида паспорт назоратидан ўтиш йўлаклари ташкил этилиши ҳам белгиланган.

Солиқ имтиёзи

Айни фармон билан Ўзбекистондаги 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхона, мотел қурган тадбиркорлар 5 йиллик муддатга даромад, ер, мулк ва ягона солиқ тўловларидан озод қилинади.

Шунингдек, сайёҳлик операторлари ўз хизматларидан тушадиган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади. Меҳмонхоналар эса хорижий валютадаги тушумининг фақат 25 фоизини мажбурий сотиши керак бўлади. Бундан ташқари, сайёҳлик ширкатлари 9 кишидан ортиқ йўловчи сиғадиган автотранспорт воситасини сотиб олганида Республика йўл жамғармасига тўланадиган 20 фоизлик йиғимнинг фақат 3 фоизини тўлаш имтиёзидан фойдаланади.

Чет эллик сайёҳлар мамлакат ичидаги хизматлар учун эркин айирбошланадиган валютада ҳақ тўлаши мумкин бўлади.

Янги қўмита

Ҳозир фаолият кўрсатаётган "Ўзбектуризм" миллий компанияси базасида эса бир ҳафта ичида Сайёҳликни ривожлантириш давлат қўмитасини тузиш кўзланган.

Бош вазир янги тузиладиган қўмита зиммасига мавжуд ва қўшимча равишда яратиладиган туризм секторини тўлиқ стандартлаштириш ва замонавий меёрларга мослашни топширди.

Фармонда "Ўзстандарт" агентлиги билан ҳамкорликда 2017 йилнинг 1 январидан Ўзбекистондаги барча сайёҳлик ширкатлари, 2018 йилнинг 1 январидан эса сайёҳларга хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш ва автохизмат ширкатларини мажбурий стандартлаштиришдан ўтказиш режалаштирилган.

Шу тариқа, ушбу фармон билан Ўзбекистонда туризм, иқтисодиёт, молия тизимидаги барча давлат ташкилотлари - вазирлик, қўмита ва бошқармалар 3 ой ичида Ўзбекистонда сайёҳлик секторини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиш вазифаси юкланди.

Ажойиб қарор

"Ўзбектуризм" ширкатининг чет эллик сайёҳлар ишловчи бўлимининг исмини ошкор қилмаган мулозими бу қарор узоқ кутилганини алоҳида таъкидлади:

"Ажойиб фармон​. "Ўзбектуризм" назорат килувчи органдан - ривожлантирувчи органга айланади, деб умид қиламиз. Ўзгаришлар кўп. Шу пайтгача виза олиш жараёни жуда қийин эди. Шу сабабли сайёҳлар камроқ келарди. Улар виза тўғирлагунларича отпускалари вақти тугар ёки рейслари вақти ўтиб кетарди. Энди эркин, исталган вақтида келиш имконияти яратилди", деди мулозим.

Ўзбекистондаги барча сайёҳлик ширкатлари ва нуфузли меҳмонхоналар ҳам фармондан хабардор қилингани ва унинг ортидан бўладиган ўзгаришларга ҳозирлик кўришдан огоҳлантирилгани айтилди.

Шарҳларни кўринг (56)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG