Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Бухоролик фермерлар: Пахтага сув йўқ, шолига бор(ВИДЕО)


Сув танқислиги боис аксарият фермер хўжаликлари такрорий экинни ҳам эколмаяпти.
Сув танқислиги боис аксарият фермер хўжаликлари такрорий экинни ҳам эколмаяпти.

Сув танқислиги боис Бухоро вилоят фермерлари ғўзага, аҳоли томорқасига сув топа олмаяпти.

Бу ҳақда шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, раҳбарлар бу йил сув танқис бўлишини билган ҳолда, шолини кўп эктирган.

Вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиган мулозим эса, сув танқислигига Амударёдан олиб келинган канал ёқасида, Олот ва Жондор туманларининг ўртасидаги аҳоли кўзидан узоқ Ўртачўл деган жойда амалдорларнинг ҳеч қаерда ҳисобга олинмаган қарийб минг гектар экинзорига ноқонуний сув олинаётгани сабаб бўлаётганини иддао қилди.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Амрулло Назаров бу иддаони инкор қилиб, барча фермерлар етарлича сув билан таъминланаётганини айтди.

"Ҳоким бува сув беринг, пахта куйиб кетяпти"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:22 0:00

Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги фермерларнинг айтишларича, улар ҳеч қачон сув таъминотидан бунчалик қийналишмаган.

Озодликка юборилган, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода жондорлик фермер Ҳазрат Эргашев сувсизликдан қақраб ётган ғўзаларини кўрсатиб президентга мурожаат қилар экан, ҳосилни бой бериб қўйганидан арз қилади:

“Мана, 15 гектар пахта майдонини кўринг. Пахта гуллаб, тулаб бўлди. Деҳқон тили билан айтганда, тулаб бўлди тугади, тамом, умри ўтди. Ҳосил бор, лекин сув керак. Бизнинг қўшни фермер ҳам шу ҳолат, жудаям аҳвол оғир. Раҳбарларни чақирамиз, илтимос қиламиз, лекин келмайди. Вилоят, туман раҳбарларига йиғладик, ёлвордик, халқнинг томорқаси қуриб кетяпти, пахтанинг аҳволи бу. Такрорий экинлар ҳали тупроқ ичида ётибди. Мен ўзим эктириб бердим шуни, лекин сув йўқ!”

Исми сир қолишини сўраган бошқа жондорлик фермернинг айтишича, ҳақиқатан бу йил сув жуда танқис бўлган:

“Вилоят раҳбарлари беш-олти кундан бери Жондорда штаб қилиб ётибди, сув йўқ, пахта куйиб кетяпти. Биз сувни Амударёдан ичамиз, учта насос билан канал орқали келади. Раҳбарлар Амударёда сув сатҳи тушиб кетяпти дейди, икки уч кун бўлди, битта насос станциясида свет бўлмай ўчиб қолди, бошқа насос эса качат қилиб турган. Ўртада сув тиқилиб қолиб, каналдан уриб юборди”.

Фермернинг айтишича, вилоят бўйлаб бу йил шоли жуда кўп экилгани сабаб, пахтага сув етмай қолмоқда.

“Битта Жондор туманининг ўзига 200 гектар шоли экилган. Бу йил қурғоқчилик бўлиши йил бошида айтилди. Президент ҳам, Қишлоқ хўжалиги вазири ҳам ҳар йилгидан 25-30 фоиз сувимиз кам бўлади деди, лекин ҳеч ким шуни ҳисобга олмади. Бугун эса бунинг жабрини пахтакор деҳқонлар тортмоқда”.

Фермер тилга олган шоли мавзусини, юқорида видеода гапирган фермер ҳам айтиб ўтган эди:

“Биз туманда 28 куб сув бор пайтда ҳам бу ерларни суғорганмиз. Ҳозир эса 45 куб сув бор. Аммо суғоролмаяпмиз. Ҳокилда ғаллачилик кластери очилди. Ҳамма сув ўша кластер эккан шолига кетяпти. У сув бизнинг ризқимиз. Лекин олишга ҳаққимиз йўқ. Майли, улар ҳам сув ичсин, лекин бизга ҳам имконият яратиб бериши керак!”

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган, вилоят қишлоқ хўжалиги идораларидан бирида ишлайдиган мулозимнинг иддао қилишича, Жондор туманига келадиган Амударё сувининг анчасини аҳоли кўзидан узоқ жойда барпо этилган, аммо қишлоқ хўжалиги балансида турмайдиган, "томири Тошкентгача уланган" амалдорларнинг экинзорлари ичиб қўяди:

“Амударёдан тортилган канал чўлнинг ўртасидан оқиб келади. У ерда жудаям катта бўшлиқ, майдон бор. У ерда катта-катта амалдорларнинг ерлари бор. Тошкентгача боради унинг эгалари. Минг гектардан ортиқ. Ҳеч қаерда рўйхатга олинмаган, ҳисобда йўқ, вилоятнинг бирор режасига киритилмаган. Жондор билан Олот туманининг ўртасида. Чўл ерлари текисланиб, ер очиб олинган. Каналнинг бўйидан. Ўртачўл дейилади. Вилоятнинг аввалги ҳокими, марҳум Ўктам Барноев фақат президентга отчет бергани учун ҳеч кимдан қўрқмас эди. 2017-2018 йилларда сув танқис бўлган пайтда 50та юк машинаси, 10 та кран, 10та погрузчикни вилоят ИИБ билан юбориб, ҳамма ноқонуний шоликорларнинг насосларини йиғиштириб олиб келган эди. Кейинги ҳокимни эса бунга кучи етмаяпти, агар кимнингдир насосини ечадиган бўлса, дарҳол республикадан қўнғироқ бўлади”.

Сунъий йўлдошдан олинган сурат.
Сунъий йўлдошдан олинган сурат.

Бу жойни ўз кўзи билан кўриб келган мулозим Озодликка сунъий йўлдошдан 13 июль куни олинган суратларни ҳам тақдим этди. Бу суратларда чўлнинг ўртасида каналнинг икки томонидаги ям-яшил экинзорларни кўриш мумкин.

Сунъий йўлдошдан олинган сурат.
Сунъий йўлдошдан олинган сурат.

Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрулло Назаров Озодлик билан суҳбатда бу иддаони инкор қилди:

“Ҳозир яширадиган замон эмас, Спутникдан ҳам кўриняпти, сиз айтган Гуглдан ҳам кўриняпти. Бирор нарсани яшириб бўлмайди, нима экилган бўлса, ҳаммаси шартнома қилинган, рўйхатга олинган, қарорлар чиқартирилган. Вертолёт билан учиб ҳам кўряпмиз, дронлар билан ҳам кўряпмиз. Ҳозир такрорий экинга рухсат берганмиз, ҳамма ерда такрорий экин экиляпти. Яширадиган нарсамиз йўқ”.

Ҳоким ўринбосари вилоятга қурғоқчилик умуман таъсир қилмагани, сув етарли эканлигини таъкидлади:

“Вилоят бўйича 550 гектар ерга шоли экилган, ҳаммаси қонуний. Қурғоқчилик бўлмаган, ким айтди қурғоқчилик бўлди, деб? Бирор йил ҳам сув бунақа бўлмаган, ҳозир ҳам 320 куб суғоряпмиз, бирор йил бунақа суғорилган эмас. Сиз айтган жондорлик фермернинг муаммосини ҳал қилдик, сувни етказиб бердик. Бугун Жондор туманида сув таъминоти изига тушган”.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги йил бошида бу йил сув омборларида захиралар аввалги йилларга нисбатан 20-30 фоизга кам бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шу йил бошида Марказий Осиёни қаттиқ қурғоқчилик кутаётганини башорат қилган. БМТ экспертлари минтақа ва жаҳонда кузатилаётган қурғоқчиликни иккинчи пандемияга тенглаштиришмоқда. Уларга кўра, бунга нақафат глобал иқлим исиши, балки сув захираларидан нооқилона фойдаланиш ҳам сабабчи. БМТ ҳисоб-китобича, Марказий Осиёдаги ерларнинг қарийб 37 фоизи деградацияга учраб бўлган.

Шу йил мартида Қирғизистон расмийлари Тўқтағул сув омборида сув миқдори хавотирли даражада камайиб, атиги 8,7 миллиард куб метрга тушиб қолганини айтиб огоҳлантиришган эди. Умумий сиғими 19,5 миллиард куб метр бўлган сув омбори учун бу, дарҳақиқат, жуда кам.

Омборга сув Норин дарёсидан келади. Норин эса Тожикистон ҳудудидан ўтувчи ирмоқларидан йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга етказиб берувчи, Марказий Осиёда энг узун бўлмиш Сирдарёга қуйилади.

Озодлик қурғоқчилик Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмушига қандай таъсир кўрсатаётгани борасида туркум лавҳаларни тайёрламоқда.

Қурғоқчилик сизнинг хўжалигингиз ва сиз яшаётган минтақага қандай таъсир қилмоқда? Бу ҳақдаги хабар, фото ва видеоларингизни Озодликка юборинг.

Биз билан боғланиш учун:

420 602 612 713 Telegram ёки @sizdan аккаунти

+420 724 971 539 - Telegram ёки @ozodnews аккаунти

uzbekweb@rferl.org

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG