Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:06

Очлик, қочоқлар, глобал инқироз хавфи. Қурғоқчилик дунёга қандай хавф солмоқда?


Аномал жазирама ва қурғоқчилик бутун дунёда ҳосилга ва алалоқибат озиқ-овқат маҳсулотлари нархига жиддий таъсир қилиши кутилмоқда.

Хусусан, Марказий Россияда, об-ҳаво башоратига кўра, мавсумий иқлим меъёрининг нари борса 20-30 фоизи миқдорида ёғингарчилик бўлади. Минтақанинг шимоли-ғарбида эса умуман бир томчи ҳам ёғмаслиги мумкин. Бинобарин, олдинда бизни ўн йилда бир бўладиган қурғоқчилик кутмоқда.

Татаристонда эса ҳукумат қурғоқчилик туфайли айрим туманларда фавқулодда вазият эълон қилган. Ўтган ҳафтада республика президенти Рустам Минниханов об-ҳаво шароити ва ёмғирсизлик “Татаристонда ҳосил етиштиришни хавф остига қўяди”, деб айтган эди.

Қўшни Бошқирдистонда ҳам шу аҳвол. Минтақа раҳбари Радий Хабиров бу йил республикада кутилган 5 миллион тонна ўрнига атиги 2 миллион тоннага яқин ғалла йиғиб олинишини маълум қилди. Ҳукумат 54 тумандан 33 тасида фавқулодда вазият режимини жорий этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Озодлик рус хизмати мухбири Анна Хламова бу йилги ҳосил билан боғлиқ мўлжал ва тахминларини сўзлаб берди:

“Мен метеоролог ва агроном эмасман. Аммо уфқда 2010 йилдаги каби қурғоқчилик ва камҳосиллик бўй кўрсатаётган экан, бунинг иқтисодий оқибатларини чамалаш қийин эмас. Шу йилнинг кузидаёқ ҳукумат ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини узил-кесил тақиқлаши мумкин. Россия жаҳон ғалла бозорининг энг асосий иштирокчиларидан бири эканидан келиб чиқсак, бу бутун дунёда нарх-навога таъсир қилиши аниқ. Чунки юзага келадиган танқисликни бартараф эта оладиган мамлакат йўқ ҳисоби.”

АҚШ маъмурияти соя ва жўхори ҳосили бўйича расмий мўлжалини эълон қилганидан сўнг ўтган пайшанба куни Чикаго биржасида ушбу маҳсулотларнинг нархи бирдан ошиб кетди. Маълум бўлишича, бу йил соя ва жўхори ҳосили бозор кутганидан анча кам бўлар экан. Ҳолбуки, АҚШ жўхори етиштириш бўйича дунёда биринчи, соя етиштиришда эса иккинчи ўринда туради.

Об-ҳаво аномалияси фақат Евроосиё минтақасида кузатилаётгани йўқ. Канада ва АҚШнинг шимоли-ғарбида ҳам қурғоқчилик ҳукм сурмоқда, айрим туманларда эса яна аномал иқлим натижаси бўлмиш тошқинлар экин майдонларига катта талафот етказяпти.

БМТнинг Африка ва Осиёда очлик бошланиши ҳақидаги ўтган йилги башорати келаси баҳордаёқ рўёбга чиқиши ҳеч гап эмас. Бу ижтимоий, ҳатто қуролли зиддиятларга олиб келади. Европага, фаровонроқ ўлкаларга яна минглаб қочоқлар ёпирилади.

Ва бу навбатдаги иқтисодий бўҳронларга туртки бўлиши мумкин, иқтисодий бўҳронлар эса бу сафар оғир ижтимоий ва сиёсий эврилишларга уланиб кетиши эҳтимоли билан хатарлидир. Ҳар бир гектар ерда ҳосил нобуд бўлиши билан иккинчи, аввалгисидан кўра вайронкорроқ глобал иқтисодий инқироз юз бериши эҳтимоли ортиб бораверади.

Россияга очлик хавф солмайди, лекин унинг “насибаси” бошқа. Мамлакатда барча мавжуд зиддиятлар ва низолар сўнг қадар кескинлашади. Ҳолбуки Россия қулоғигача зиддиятлар ботқоғига ботган. Булар бари қандай намоён бўлади, Кремль назариётчиларининг “геостратегик манфаатлари” Россияни яна нималарга гирифтор этади – буни фақат тахмин қилиш мумкин. Бироқ ўтмишдаги тажрибалар хайрли оқибатни кутишдан маъно йўқлигини кўрсатади. Бу салбий мазмунли сценарий.

Иккинчи, “юмшоқроқ” сценарийга кўра, 2022 йил баҳори 2011 йилги “араб баҳори”нинг қонли такрори бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошади, аммо чуқур ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар мамлакатни четлаб ўтади.

Ҳосил камайиб кетишига биринчи навбатда глобал исиш сабабчидир. Европа, АҚШ ва Хитой унга қарши қақшатқич курашга киради. Россияда эса ҳукумат, ҳар доимгидек, қуруқ гапдан нарига ўтмади. Ҳеч нима қилмаслигимизга, аммо ўзимизни углеродли-бетараф мамлакат деб эълон қилишимизга имкон берувчи стратегия ишлаб чиқиш режасигина бор фақат. Владимир Путин ўтган ҳафта бу тўғрида тегишли қонунни имзолади.

Бинобарин, Россиянинг углеводородлари ва бошқа турли хомашёси энди мажозий эмас, балки том маънода россияликларнинг шўрига айланади. Навбатдаги тўкинчилик даври, ҳали бошланиб улгурмасдан тугаяпти. Бироқ бу сафар, нулинчи йиллардан фарқли ўлароқ, хомашё қимматлашувидан кўпчилик эмас, оз сонли кишиларгина баҳраманд бўлиб улгурди.

XS
SM
MD
LG